Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида «Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мазкур Қонун билан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ва гаровдаги мол-мулк ҳисобидан кредит қарздорликни ундириш жараёнларини соддалаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, гаровга қўйилган мол-мулк эгаси жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун ундан мол-мулки олиб қўйилса, банкларга ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, гаровдаги мулкни бозор қийматида савдога чиқариш ҳамда қайтмаган қарздорлик суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлганда, ундирувни мулкка қаратмаслик белгиланмоқда.
Қонунда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилганда ушбу мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи суд қарори билан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Қонунга кўра, гаровдаги мол-мулк қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотилмаганда, давлат ижрочиси томонидан ундирувчига (банк ёки бошқа қарз берувчи ташкилот) мол-мулкни такрорий аукцион савдолари ёки савдо ташкилотлари томонидан қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада ўзида қолдириш таклифини билдириш тартиби белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.