Ғолиблар Буюк Британияга боради

    Куни кеча пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройи яна бир тадбирга мезбонлик қилди. Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов юртимизда таълим соҳасида кечаётган ислоҳотлар, хорижий тилларни ўргатишга берилаётган эътибор хусусида сўз юритиб, танлов ғолибларини самимий қутлади.

    Дарҳақиқат, таълим, илм-фан барча даврларда тамаддун чашмаси сифатида эътироф этилган, рағбатлантирилган. Тарих силсиласида ўз исботини топган бу тамойил бугун ҳам дунё мамлакатларининг юксалиш йўли сифатида кўрилмоқда.

    Мамлакатимизда, айниқса, кейинги йилларда таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида хорижий тилларни чуқур ўргатишни ривожлантириш, ўқитувчи ва ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дунё бозорида рақобатбардош, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлашга замин яратди.

    Республика таълим тизимида чет тилларни ўрганишни оммалаштириш, бир нечта хорижий тилда сўзлаша оладиган кадрлар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга энг чекка ҳудудларни ҳам қамраб олмоқда. Мактаблар кесимида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганиш даражасини белгилаш, мактаблар рейтингини ишлаб чиқиш, чет тилларини ўргатиш сифатини чекка ҳудудларда ҳам яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самараси ушбу танловда ҳам ўз аксини топди.

    Жорий йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг дастлабки — туман (шаҳар) босқичида жами 8065 та мактабнинг 40325 нафар ўқувчиси иштирок этди. Ўқувчиларнинг 37075 нафари инглиз, 1800 нафари немис, 1450 нафари француз тили бўйича баҳоланди. Иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш, ёзиш, гапириш ва ўқиш кўникмалари Буюк Британиянинг Cambridge Assessment English ташкилоти халқаро тестлари асосида синовдан ўтказилди.

    Юртимизда илк бор ўтказилган ушбу танловнинг тест материаллари иштирокчиларнинг хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмалари ҳамда мантиқий фикрлашини Европа таълим стандартлари (CEFR) асосида баҳолашга қаратилган. Топшириқлар хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан шакллантирилган.

    Хорижий тилларни (инглиз, немис, француз) билиш даражасини аниқлашга қаратилган топшириқлар умумтаълим мактабларининг 7-9-синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, саволларнинг даражаси “осондан қийинга томон” таълим тамойилларига асосланди. Синовлар иштирокчиларнинг мулоқот кўникмасини босқичма-босқич ривожлантириш ва коммуникатив компетенцияларини баҳолашга йўналтирилди. Бунда иштирокчиларнинг лексик-грамматик билими билан бирга, рецептив ва продуктив нутқий, ўқиб тушуниш кўникмаси, грамматик билими ва луғат бойлиги аниқланди.

    — Мазкур танлов ёшларнинг хорижий тилларни эгаллаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасини баҳолаш билан бир қаторда, ютуқларимиз ва камчиликларимизга разм солиш, навбатдаги амалий вазифаларни белгилашга имкон беради, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори вазифасини бажарувчи Санжар Обидов. — Танловнинг республика босқичида иштирок этган 70 нафар ўқувчининг барчаси 14 нафар устози билан Буюк Британияга таълим саёҳатига юборилади.

    Танловнинг якуний босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 14 та мактабдан 70 нафар ўқувчи иштирок этди. Юнусобод туманидаги 97-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллади. Бухоро шаҳридаги 40-мактаб жамоаси иккинчи ва Олмалиқ шаҳридаги 5-мактаб жамоаси 3-ўринга муносиб деб топилди. 3-ўрин 300 миллион сўм, 2-ўрин эса 400 миллион сўм билан тақдирланди. 1-ўрин соҳиби бўлган жамоа 500 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

    — Бугун беш нафар ўқувчимдан иборат жамоамиз Президент соврини учун ўтказилган танлов ғолиби бўлганидан бениҳоя хурсандман, — дейди Юнусобод туманидаги 97-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Нилуфар Исакова. — Эришган ютуғимиз жиддий тайёргарлик, тинимсиз меҳнат эвазига бўлди. Таътил давомида ҳам ўз устимизда ишладик. Чунки рақобат кучли бўлишини билардик ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Ғолиблар сафида Буюк Британияга таълим саёҳатига йўлланмани ҳам қўлга киритдик. Бу шунчаки саёҳат эмас, биз уларнинг илғор таълим тажрибасини ўрганамиз. Мамлакатимиз тарихи, бугунги куни, айни пайтда таълимга берилаётган эътибор, ёшларининг салоҳияти ва эришаётган ютуқларини хориж мамлакатида ҳам тарғиб қилиш имкониятимиз бўлади.

    Етук билим ва салоҳиятга эга, хорижлик ҳамкорлар билан эркин мулоқотга кириша оладиган, инвестицияларни жалб қила биладиган, дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида чет тилида ҳам ўз фикрини эркин баён эта оладиган кадрлар тайёрлаш бугуннинг муҳим талаби. Ана шу мақсадда ташкил этилган танлов бу борада муҳим қадам бўлди. Зотан, Учинчи Ренессансни шундай иқтидорли ёшлар бунёд этади.

    Рисолат Мадиева,

    “Янги ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates