Гўзал кунлар келиши кутилмайди у томон борилади

    Жаҳон тарихига назар солсак, ҳар бир халқ, аввало, маънавий бирлашуви, миллий ғояси, мафкуравий юксаклиги билан ривож топган.

    Эътироф этиш жоиз, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгаришига ижобий таъсир кўрсатяпти. Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

    Айниқса, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев жорий йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бундай таъкидлади:

    “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”.

    Чиндан ҳам халқимиз асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган комил ва заковатли фарзандлари, уларнинг илмий-маънавий мероси билан ҳам бошқа халқлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган.

    Шарқона таълим-тарбияга хос ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенг­лик, илм-маърифатга интилиш, ўзидан яхши ном қолдириш каби фазилатлар бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Гўзал кунлар келишини кутма, у томон қараб юр”, деган умрбоқий сатрлари мавжуд. Ўзбекистондаги янги Уйғониш жараёни ҳам айни шу тамойилга асослангани, эзгу ниятлар амалга ошаётгани янада кўтаринкилик, шижоат бахш этади.

    Бугун янги Ўзбекистон тарихи зарварақларига битилаётган бир жумла — “Учинчи Ренессанс” сўзининг таг замирида улуғ бир эзгуликни, буюк бир кучни англаш мумкин. Зеро, ренессанс — уйғониш, илмда собит бўлиш, маърифатни англаш, маънавиятни юксалтириш демакдир. Бугун биз ана шундай қутлуғ бир даврда, дунёга янги Ўзбекистон номи билан танилаётган муқаддас заминда, учинчи Ренессансга пойдевор қўйиладиган замонда яшамоқдамиз.

    Бу борада мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш борасида бош­лаган ишларимизни замонавий босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилди. Жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш — биринчи даражали аҳамиятга эга экани таъкидланди.

    Ислоҳотлар узвий давом этиб, 2020 йил 29 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаат­номасида “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бош­ланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши бошланди. Ёшларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Мус­тақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилга эса “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилгани ҳам ёшлар маънавиятини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

    Зеро, ёшлар таълим-тарбияси, маънавий қиёфаси жиддий вазифа ҳисобланади. Чунки бугунги кун ёшлари ўзига хос “оммавий бўҳронлар” кескин тус олган даврда яшамоқда. Ғарбдан кириб келган “оммавий маданият” деб аталувчи ёт тушунчалар урф-одатларимиз, менталитетимиз билан аёвсиз кураш олиб боряпти.

    Ҳиндистон ўлкасининг озодлиги, тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк давлат ва жамоат арбоби Маҳатма Гандига “Глобаллашув жараёнига сизнинг муносабатингиз қандай?” деган савол билан мурожаат қилишганида у шундай жавоб қайтарган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки мени уйимни чанг-тўзон босиб кетишини хоҳламайман”.

    Чуқур мантиқ ва мушоҳадага чорловчи мазкур жумлалар моҳиятига назар ташлайлик. Мамлакатимиз эришган бир қатор ютуқларга “соя солувчи”, тараққиётимизга ҳасад билан қарайдиган кучлар йўқ эмас. Бу уларнинг глобаллашув даврида ғоявий таъсир этувчи усуллардан фойдаланишга уринаётганини яққол кўрсатади. Улар орият, ор-андиша каби инсоний фазилатларга маънавий таҳдид солиш орқали ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб этишни мақсад қилган.

    Таассуфки, “оммавий маданият” ниқоби остида миллий ўзлигимизга зид ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Масалан, кўча-кўйда баданига турли нақшлар, безаклар чизиб олган йигит-қизларни учратиш кам­ёб ҳодиса эмас. Уларнинг орасида ўзбек фарзандлари ҳам борлиги жуда ачинарли. Ваҳоланки, бу маънавий жиҳатдан ҳам, саломатлик нуқтаи назаридан ҳам фақат зарар келтиради.

    Бу каби “оммавий маданият” кўриниш­лари, вақтинчалик ҳузур-ҳаловат учун инсоний фазилатларни оёқости қилиш охир-оқибат таназзулга олиб бориши шубҳасиз. Маънавиятимизга, иймон-эътиқод, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бу каби амаллар, одатлардан ўзимизни ва энг асосийси, фарзандларимизни асрашимиз керак.

    Жангариликка, зўравонликка чорловчи турли компьютер ўйинлари, беҳаёлик, фаҳшни тарғиб қилувчи фильмлар, маъно-мазмунсиз қўшиқлар, чет эл телеканалларининг айрим кўрсатувлари, интернет ва ундаги турли ижтимоий тармоқлар, исрофгарчиликка йўл қўйилган тантаналар миллий ўзлигимиз бўлган маънавий пойдеворимизга раҳна солмоқда.

    Шундай экан, инсон ўзида бундай маданиятга қарши иммунитетни қандай тарбиялаши ва бунинг учун нима қилиши зарур? Минг йиллик синовлардан ўтган асрий қад­риятларимиз, урф-одатларимизни яхши билиш ва амал қилиш даркор. Ана шундагина турли ғоялар, шубҳали “маданиятлар” таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади.

    Юртимизда ёшлар тарбияси, маънавият ва маърифат масаласи, миллий қадриятлар ва тарихни ўрганишга бўлган эътибор доимий кун тартибидан жой олиши шарт. Зеро, Президентимиз бугунги ёшларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтгани ҳам бежиз эмас: “Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётгани, давлат раҳбари сифатида шахсан мени жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган 5 ойда
    7 мингдан зиёд ёшлар жиноят содир этгани, ҳозирги вақтда қарийб 40 минг нафар ёш профилактик ҳисобда тургани хавотиримиз бежиз эмаслигини кўрсатмоқда”.

    Дарҳақиқат, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясига бир кунлик эътиборсизлик, талабчанликнинг бир лаҳзалик сусайиши ҳам жиддий муаммоларга олиб келади. Бу сабоқ, айниқса, бугун — ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида кучаяётган бир пайтда янада долзарб бўлиб бораётир.

    Дунё илм-фанида эътироф этилган алломаларимиз ҳам илм чўққиларини эгаллабгина қолмай, маърифатни кенг тарғиб этган. Улар мамлакатни, халқни миллий зулм ва маърифий қолоқликдан халос этишнинг ягона йўли маърифатда деб билишган. Хусусан, Абдулла ­Авлонийнинг “Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотидир”, деган ғояси маърифатпарварлик ҳаракатининг дастурини ташкил этган.

    Афсуски, бизга ёт қарашларни, миллатимизга хос бўлмаган ғоялар, маънавиятсизлик, ахлоқсизликни тарғиб қилиб чиққан айрим ёшларимизнинг беандиша “қилиқлари” ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётир. Кундалик турмушда, айниқса, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган ижтимоий тармоқларда бу каби “маънавиятсизлик томошалари”га қайта-қайта дуч келяпмиз.

    Инсон маънавий қиёфасининг шаклланиши, аввало, оиладан бошланади. Оилада соғлом муҳит барқарор бўлмас экан, фарзанднинг ёруғ келажагига умид боғлаб бўлмайди. Ота-она тарбияда ибрат бўла олмаган оилада фарзандлар маънавияти ҳам ҳаминқадар бўлиши шубҳасиз. Қадриятлар қадрланган оилалардагина тарбия устун, маънавият юксак бўлаверади.

    Инкор этиб бўлмас ҳақиқат бор: маънавият мудом маърифат билан, яъни билим билан уйғун ҳолда ривожланади. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмуд­хўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дун­ёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳикматлари бугунги кун учун ҳам катта қадр-қийматга эга.

    Шубҳа йўқки, яхши тарбия, гўзал ахлоқ, ақл-заковат юксак маънавиятга элтувчи ёруғ йўлнинг ибтидосидир. Билъакс, янги Ўзбекистонни барпо этишда янгича дунёқарашга эга бўлган, маънавий баркамол, илм-маърифатли, соғлом ­фикрли ёшларнинг садоқати ва меҳнатлари янги тараққиётни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

    Шавкат МAВЛОНОВ,

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори,

    сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates