Бу эса мамлакатимиз аҳолисини “Ўзбекистонда ҳам шундай вазият кузатилиши мумкинми?” деган савол қизиқтирди. Ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида Эпидемиология ва юқумли касалликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Рустамжон Икрамов билан суҳбатлашдик.
— Қозоғистондаги ОРВИ кўпайиши туфайли мактаблар ёпиляпти, деган хабарлар тарқалди. Бу маълумотлар қай даражада тўғри ва Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолат кузатилиши мумкинми?
— Қозоғистонда баъзи ҳудудларда ОРВИ кўпайгани ҳақида хабарлар бор, аммо бу вазият ҳар бир мамлакатнинг эпидемиологик шароитига кўра баҳоланади. Ўзбекистонда ҳозирги ҳолат барқарор, мактабларни ёпиш каби чоралар кўрилишига эҳтиёж йўқ. Кундалик мониторинг йўлга қўйилган ва вазият тўлиқ назоратда.
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гриппнинг дунёдаги ҳолати ҳақида нима дейди?
— ЖСТ маълумотларига кўра, жаҳон бўйича грипп вируси фаоллиги паст даражада. А турдаги вируслар устунлик қилмоқда. Айрим ҳудудларда — Марказий Америка, Кариб ҳавзаси, Шимолий ва Шарқий Африка ҳамда Шимолий Европада вирус бироз кўпроқ аниқланаётгани кузатилган.
- Шимолий ва Марказий Африкада — A(N1N1)pdm09
- Европа ва Осиёнинг айрим минтақаларида — A(N3N2)
- Ғарбий ва Шарқий Африкада — иккала штамм бир вақтда учраяпти
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам гриппнинг А тури кўпроқ қайд этилмоқда.
— Ўзбекистонда грипп вирусини аниқлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Республикамизда 15 та вирусология лабораторияси ишламоқда. 2025–2026 йил мавсумида грипп ва ЎРИ белгилари бўлган 1 938 нафар фуқаро текширилди. Шулардан 810 нафари (41,7 фоиз) да вирус аниқланган.
Аниқланган грипп ҳолатлари шундай тақсимланади:
- A тури — 529 та (65,3%)
- A(H1N1) — 1 та
- A(H3N2) — 366 та
- B тури — 3 та
Бу кўрсаткичлар вазият босқичма-босқич пасайиб бораётганини кўрсатади.
— Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ЎРИ билан касалланиш даражаси қандай?
— Сўнгги ҳисобот ҳафтасида, яъни 8–14 ноябрь кунлари ЎРИ билан 19 067та ҳолат рўйхатга олинган. Бу ўтган ҳафтага нисбатан 15,5 фоиз кам. Тошкент шаҳрида эса пасайиш 20,4 фоизни ташкил этган.
— Грипп ва ОРВИ тарқалишини олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
— 29 октябрдан бошлаб грипп ва респиратор юқумли касалликларни назорат қилиш бўйича кундалик мониторинг ўрнатилган. Шунингдек, 2025–2026 йилларга мўлжалланган махсус профилактика Дастури ишлаб чиқилган.
29 октябрдан 14 ноябргача:
- 18 311 та мактаб ва боғчада ўрганиш ва дезинфекция ишлари амалга оширилди.
- Йил бошидан буён:
- 7 670 та боғчада (кунлик 321 та)
- 11 518 та мактабда (кунлик 405 та)
- 7 742 та жамоат жойларида (кунлик 459 та)
- дезинфекция ишлари ўтказилган.
Шунингдек, 180 000 дан ортиқ фуқаро ўз маблағи ҳисобидан гриппга қарши эмланган.
— Аҳоли ўртасида тушунтириш ва профилактика ишлари қай даражада олиб борилмоқда?
— Тадбир бошидан буён 13 409 та тарғибот тадбирлари ўтказилган. Шулардан:
- 176 та — оммавий ахборот воситаларида
- 3 457 та — ижтимоий тармоқларда
- 9 776 та — иш, ўқиш ва жамоат жойларида
Профилактика ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистонда грипп ва ОРВИ билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Мактабларни ёпиш ёки карантин жорий этишга асос йўқ. Барча чора-тадбирлар режали равишда амалга оширилмоқда, аҳолига эса шахсий гигиенага риоя қилиш, одамлар гавжум жойларда эҳтиёткорлик билан юриш ва зарурат бўлса эмланиш тавсия этилади.
Зулхумор Акбарова суҳбатлашди








