Замонавий тиббиёт нафақат даволаш, балки жамиятнинг барча қатламларини қамраб олган, инсон қадри ва ҳаётини юксак қиймат деб билган тизимга айланмоқда. Бунда фақат шифокорлар эмас, балки ҳамширалар, педагоглар, тадқиқотчиларнинг ҳам ўз ўрни, ўз сўзи бор. Шу маънода, биз бугунги очеркимиз орқали нафақат илмий изланишлар олиб бораётган, балки меҳр ва садоқат билан инсонпарварликни амалда намоён қилаётган изланувчи аёл, ёш тадқиқотчи — Дилдора Тулягановани кенг жамоатчиликка таништирмоқчимиз.
Инсонни ардоқлаш – касбга садоқатдан бошланади
Дилдора Туляганова — Тошкент тиббиёт академиясида ҳамширалик иши йўналиши бўйича докторантурада таҳсил олаётган, бир неча илмий лойиҳалар муаллифи ва амалий натижаларга эришган салоҳиятли изланувчи. Унинг тажрибаси ҳам назарий, ҳам амалий билимларга бой. Энг муҳими, у тадқиқотни фақат қоғозда эмас, балки ҳаётнинг ўзида синаб кўраётган, натижани эса инсон ҳаёти сифатининг яхшиланиши орқали баҳолаётган изланувчилардан.
2024 йилда Дилдоранинг “Ногирон болалар учун аравача” лойиҳаси Инновацион ривожланиш агентлигининг “Олима аёллар” танловида ғолиб деб топилди. Бу тасодиф эмас. Лойиҳа доирасида яратилган кўп функцияли, анатомик тузилишга мослашувчан аравачалар клиника ва интернат уйларида синовдан ўтди ва ишончли самара берди. Ушбу воситалар нафақат боланинг ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди, балки унинг ички органлари фаолиятини яхшилаш, нафас олиш, қон айланиш, овқат ҳазм қилиш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими – боланинг жамиятга интеграциясини рағбатлантиради.
Педагог, тарбиячи ва илмий раҳбар сифатида
Дилдоранинг илмий салоҳияти унинг педагогик маҳорати билан янада бойиди. У ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясининг Жамоат саломатлиги ва менежмент кафедрасида хорижлик талабаларга дарс беради. У интерфаол методлар орқали дарсларни қизиқарли ва таҳлил олиб бориши, ҳар бир талабанинг фикрини эшитиши, ёшлар билан самимий мулоқотга киришиши билан ажралиб туради.
Шогирдлари уни меҳрибон, иноқ ва билимдон муаллим сифатида яхши биладилар. У фанни дарсда эмас, ҳаётда ўргатишга интилган, ҳар бир таълим жараёнида одамийлик, касбга садоқат ва масъулиятни устувор қўйган устозлардан бири. Дарс жараёнларида тажриба ва мисолларга бой ҳолатлардан фойдаланади, билимни назариядан амалга кўчиришда доим талабаларига кўмакдош бўла олади.
Ижтимоий ташаббуслар марказида
Дилдора на фақат аудитория, балки жамоатчилик ишларида ҳам фаол. У маҳаллада ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, қизлар ўртасида ижтимоий фаолликни кучайтириш бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб боради. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Uyda reabilitatsiya qilish” дастурида фаол иштирок этаётгани унинг ишига бўлган фидоийлигини исботлайди.
Унинг илмий ишлари доирасида тўплаган маълумотлари асосида реабилитация шкаласи яратилди. Бу шкала ҳамширалар ва ота-оналар учун бирдек тушунарли бўлиб, реабилитация жараёнини мониторинг қилиш имконини беради. Ҳозирда унинг электрон шаклини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида
Дилдора Туляганованинг меҳнати, илмий изланишлари ва инсонпарварликка асосланган ёндашуви бугунги кунда нафақат тиббиёт соҳаси, балки кенг жамоатчилик учун ҳам ибрат намунасидир. Унинг ногирон болалар учун яратган аравачалари — изланувчан ёш олиманинг инсонийликка хизмат қиладиган мақсадли ғояларининг амалий натижасидир.
Илм кишисининг инсонга нисбатан меҳр билан хизмат қилиши эса бугунги кундаги энг долзарб, энг олийжаноб вазифалардан биридир.
Ана шундай эзгу мақсад йўлида ҳаракат қилаётган ёш тадқиқотчилар қатори Тошкент тиббиёт академияси ёш олими Дилдора Туляганова сингари умидли ёшлар билан кун сайин кенгайиб бормоқда.
Ҳамкорлик материали