Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига қарашли талабалар турар жойларида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси сифатида, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган бадиий-мусиқий чиқишлар, спорт мусобақалари ва турли танловлардан иборат “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон юртим!” шиори остидаги байрам сайллари бўлиб ўтди.
Мазкур байрам сайлларида Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов, университет проректорлари, бўлим бошлиқлари, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Шунингдек, байрам тадбирига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Олмазор тумани “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ва бошқа идора-ташкилот вакиллари меҳмон сифатида таклиф қилинди.
Байрам сайллари давомида университетга қарашли барча талабалар турар жойлари ҳудуди бўйлаб республикамиз вилоятларининг урф-одатлари ва миллий қадрият ва анъаналарининг намойиши, талаба-ёшлар ўртасида “Моҳир ошпазлар” кўрик-танлови ҳамда турли спорт ўйинлари, жумладан, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари ўтказилди. Байрам сайлига ташриф буюрган меҳмонлар талабалар томонидан ташкил этилган саҳна кўринишларини томоша қилдилар.
Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларни байрам билан табриклаб, ўз сўзида Наврўзи олам азал-азалдан кенг нишонланиб, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, диёнат, адолат ва инсонийлик тамойилини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Байрам сайли давомида ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари талабалар турар жойлари ўртасида ўтказилган вилоятларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятлари намойиши, факултет талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Моҳир ошпазлар” ош чемпионатини кўздан кечириб баҳолаб бордилар.
Неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг ўрни ва моҳияти бугунги кунда ҳам ошиб бормоқда. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмининг юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олинаётгани ва мангу гўзал анъанага айланиб бораётганлиги қувонарлидир.
Илҳомжон Худойназаров,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари