Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида унда белгилаётган нормалар чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларни сифатли чорва маҳсулотлар билан таъминлаш, ветеринар осойишталикни таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилиб, қўллаб-қувватланди.
Кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.