Ҳеч ким қўл қовуштириб ўтиргани йўқ

    Озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги муаммоларни биргина ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш билангина ҳал этиб бўлмаслигини ёддан чиқармаслик лозим.

    Маълумки, Covid-19 пандемияси бутун дунёда гуманитар инқирозни келтириб чиқарди, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигининг деярли барча секторларига жиддий таҳдид соляпти, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўнглаб бўлмас муаммоларни юзага келтирмоқда. Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллиондан ортиқ иш ўрни йўқотилган. Бундан, айниқса, аёллар ва ёшлар азият чекмоқда. Боз устига, озиқ-овқат таъминоти занжирларида катта узилишлар пайдо бўлди, истеъмол товарлари нархлари кескин кўтарилиши баробарида уларнинг тақчиллиги ҳам кузатилмоқда.

    Биринчи қадам

    Гарчи сўнгги пайтларда жаҳон миқёсида коронавирусни юқтириш билан боғлиқ янги ҳолатлар камайиб бораётган бўлса-да, ўлимлар сони кўпаймоқда, умумий вазият ҳамон беқарорлигича қолмоқда. Шу боис охирги ойларда вируснинг навбатдаги тўлқини оқибатларини юмшатиш мақсадида жаҳонннинг кўплаб мамлакатлари карантин чораларини кучайтиряпти, ҳатто, Европада локдаун ва комендантлик соатлари қайта жорий этиляпти.

    Экспертларнинг фикрича, коронавирус туфайли инсоният ўз бошига тушган ижтимоий муаммолар қатори иқтисодий танглик оқибатларини бартараф этиш учун ҳали узоқ вақт курашади.

    Хўш, кўринмас душманга қарши мураккаб урушнинг охири борми? Албатта. Ўзаро ҳамжиҳат бўлиш, умумий қоидаларга қатъий риоя этиш, адолатли тақсимот, тармоқлараро хавфсиз интеграцияни ривожлантириш ва трансчегаравий фаолиятга янгича ёндашиш бу балои қазони бартараф этишнинг нажот йўллари сифатида илгари суриляпти. Анъанавий озиқ-овқат тизимларини янги талаблар асосида кўриб чиқиб, уларни қайта ташкил этиш эса эзгу натижаларга эришиш борасидаги биринчи қадам бўлиши мумкин.

    Зеро, 2020 йилда чегаралараро ҳаракатланиш бўйича мамлакатларда жорий этилган чекловлар ва изоляция режими озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш жараёнларига кескин таъсир ўтказди. Оқибатда далалар, плантацияларда ҳосилларни йиғиб олиш ўта даражада сустлашди ёки буткул тўхтаб қолди, жуда кўплаб озиқ-овқат корхоналари — гўшт, сутни қайта ишловчи цехлар, нонвойхоналар, қандолат фабрикалари ёпилди, логистика издан чиқиб кетди. Ўз навбатида, мавсумий ишчилар яшаш учун маблағсиз қолди, маҳсулотларни етказиб бериш тизимида ҳамон тўсиқлар мавжуд.

    Буларнинг барчаси ишсизлик, аҳоли даромадларининг камайиб кетиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари қимматлашиши, камбағаллик, очлик кўламининг кенгайишига сабаб бўлмоқда. Мазкур вазият келажак авлодга ҳам дахл қилаётгани янада таассуфлидир. Масалан, дунё бўйича ЯИМнинг ҳар бир фоиз пунктга пасайиши бўй ўсиши секинлашаётган болалар сонини 0,7 миллионтага кўпайтирар экан.

    Инқироздан чиқишнинг “йўл хариталари”

    Covid-19 туфайли ҳамон давом этаётган глобал иқтисодий тебраниш пул оқимлари ва ишлаб чиқарувчилар, кичик ҳамда ўрта агрофирмалар, молия муассасаларининг молиявий ликвидлигига путур етказди ва етказмоқда. Даромаднинг пасайиши ёки умуман келиб тушмаслиги қувватлар, иш ўринларини қисқартириш, кутилмаган тиббий харажатларга олиб келаётир.

    Тўғри, мана шундай мураккаб ва оғир паллада ҳеч бир давлат қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Ҳар бири иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда давом этяпти.

    Экспертларнинг айтишича, инқироздан чиқишнинг “йўл хариталари”ни яратишда, биринчи навбатда, озиқ-овқат тизими иштирокчилари эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ночор компаниялар ва уй хўжаликларидаги ликвидлик билан боғлиқ муаммоларни юмшатиш учун мақсадли чоралар кўриш зарур. Ўз навбатида, озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги муаммоларни биргина ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш билангина ҳал этиб бўлмаслигини ёддан чиқармаслик лозим. Озиқ-овқат тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва инфляцияга йўл қўймасликда эса давлат харидлари ҳамда тақсимоти тизими муҳим восита ҳисобланади.

    Бош котибнинг таклифи қандай?

    Мутахассисларнинг қайд этишича, ижтимоий муҳофаза кичик фермер хўжаликлари ва уларнинг оилалари, кўмакка муҳтож аҳоли қатламлари, озиқ-овқат саноати ишчиларини қамраб олса, мақсадга мувофиқдир. БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг фикрича, ривожланаётган давлатларда тўлов қобилияти ва бюджет имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун халқаро маблағлар ҳажмларини ошириш, ташқи қарзларни тўлашни вақтинча тўхтатиш, уларнинг қарздорлигини реструктуризация қилиш зарур. Айниқса, иқтисодиёти хомашё ва туризмга боғланиб қолган мамлакатлар учун ушбу омиллар одамларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини қондириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда тикланиш жараёнларини тезлаштиришда катта аҳамиятга эга. Бу қатор минтақаларда пандемия билан биргаликда ўзаро қарама-қаршиликлар, табиий офатлар, иқлим ва об-ҳавонинг кескин ўзгаришидан азият чекаётган халқлар учун жиддий кўмакка айланади.

    Умуман олганда, коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётининг озиқ-овқат секторини ислоҳ этиш заруратини яққол кўрсатиб қўйди. Яна бир томони, мазкур жабҳа бугунги кунда иқлим ўзгариши ва экологик инқироз вужудга келишида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Гап шундаки, озиқ-овқат тизимлариининг ҳиссаси атмосферага чиқарилаётган парник газларининг учдан бир қисмини ташкил этади ва биохилма-хилликка таҳдиднинг асосий сабабчиси саналади. Бинобарин, соҳада маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сотиш ва истеъмол қилиш, чиқиндиларни утилизация қилишда қўлланилаётган усулларни тўлиқ қайтадан кўриб чиқишни, инновациялар, муқобил ва яшил технологиялардан кенг фойдаланишни даврнинг ўзи талаб этяпти. Пандемия ҳам озиқ-овқат тизимларини янгитдан мувозанатлаш ва ўзгартириш орқали унинг барқарорлигига сабабчи бўлиши мумкин.

    Уч тамойил

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу соҳага масъул тузилмаси — FAO бу борада учта тамойилни илгари суряпти:

    — одамлар ва уларнинг даромад манбаларини сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш, бу йўналишдаги энг катта хатарга эга соҳаларга эътиборни кучайтириш;

    — озиқ-овқат етказиб бериш тармоғида ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш;

    — инқироздан чиқиб кетиш ва келажак учун инвестиция йўналтиришда янада инклюзив, экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат тизимини яратишни устувор вазифа, деб билиш.

    Эътиборлиси, Ўзбекистонда сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларда айнан мазкур жиҳатларга эътибор қаратиляпти. Пандемия шароити бўлишига қарамай озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш, соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар асло тўхтаб қолмагани, аксинча, жадаллашгани бунинг тасдиғидир. Бунда айнан аҳолини қўллаб-қувватлаш, янги даромад манбалари яратиш, яшил ва табиий ресурсларни тежайдиган технологияларга урғу берилаётгани, озиқ-овқат тармоқларида қатор акциз солиқлари бекор қилингани ижобий ҳолатдир.

    Турмуш сифатини ўзида уйғунлаштирган мезонлар

    “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этишнинг қандай йўллари белгилаб берилган?

    Биринчидан, инфляциявий таргетлаш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш кўрсатиб ўтилди. Бунда ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш, асосий истеъмол товарларининг нархлари мавсумий тебранишлари даражасидан келиб чиқиб “хатар даражасини таҳлили” тизимини жорий қилиш устувор вазифа ҳисобланади.

    Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида “Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади” дея алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

    Иккинчидан, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилади, шу бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида қуйидаги муҳим жиҳатлар ўз аксини топади:

    — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик;

    — импорт бозорида монополияга йўл қўймаслик, товарларни четдан олиб киришда рақобат шароитларини яхшилаш, шунингдек, ташқи бозорларни диверсификация қилиш;

    — озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кафолатланган захирани яратиш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантиришда квота асосида сотиб олиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш;

    — асосий истеъмол товарларининг транспорт харажатларини субсидиялаш;

    — тегишли ҳудудларнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари (шакар, ёғ, ўсимлик ёғи, ун ва бошқалар) талабидан келиб чиқиб, уларни квота асосида бозор шароитларида сотиб олиш ва ички бозорга интервенция қилиш.

    Учинчидан, ҳосилдорликни ғаллачиликда 8-10, мева-сабзавотчиликда 15-20 фоизга ошириш чоралари кўрилади.

    Тўртинчидан, шоличиликда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида асосий майдонларда 20 фоизгача ва такрорий майдонларда 70 фоизгача кўчат усулида экиш жорий этилади.

    Бешинчидан, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳисобига экологик тоза, сифатли экспортбоп мева-сабзавотлар етиштирилади.

    Олтинчидан, унумдорлиги юқори кўчатларни харид қилишда ҳамда халқаро сертификатларни (GlobalGAP, Organic) олиш харажатларининг 50 фоизини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг харажатлари фоиз ставкасининг тенг ярмини давлат томонидан қоплаб бериш механизмини жорий этилади.

    Еттинчидан, “Даладан истеъмолгача” тамойили асосида маҳсулотлар етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги кооперациялари рағбатлантирилиб, ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштироки таъминланади. Хусусан, бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Бухоро, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларига Европа Иттифоқининг грант маблағлари йўналтирилади. Ушбу ҳудудларда 500 нафар ёш ва “Темир дафтар”га кирган эҳтиёжманд аҳолига 1 гектардан ер майдонлари ажратилади ва уларни мева-сабзавотчилик кооперацияларига бирлаштириш орқали янги иш ўринлари яратилиб, даромад олиши таъминланади.

    Саккизинчидан, айни чоғда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта киритиш ва янги ерларни ўзлаштириш ҳамда ерга ер қўшиш орқали қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлар яратилади ва 0,1-1 гектарлик кичик участкалардан иборат оилавий ва бошқа турдаги хўжаликлар кооперациялари ташкил қилинади. Шу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар қўллаб-қувватланади. Кооперациялар томонидан эса сифатли ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва экспорт қилиш кўлами кенгаяди. Қишлоқ аҳолиси ва ёшларни доимий иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни “Темир дафтар”дан чиқариш имкониятлари ошади.

    Тўққизинчидан, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилади. Бунда 2021 йилда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилган 1 500 та янги лойиҳани ишга тушириш, бунинг учун 6 триллион сўм ажратиш назарда тутилган.

    Ўнинчидан, аҳоли томорқаларига комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун республиканинг мева-сабзавот кўп етиштириладиган 32 та туманида томорқа хизмати кластерлари фаолияти йўлга қўйилади. Бунда техника хизмати кўрсатиш, совуткичли омборхоналар, кўчатчилик иссиқхоналарини қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш асосида томорқаларда маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, ички бозорга ва экспортга сотишда кўмаклашилади.

    Бу масалаларнинг муҳимлиги 24 февраль куни Президент раислигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. Унда юртимизда боғдорчилик, узумчилик, мева-сабзавотчилик, шоличилик, чорвачиликни ривожлантириш, сувни тежаш, агрокорхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Мазкур йўналишдаги ташаббуслар ва лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарблиги таъкидланди.

    Хусусан, давлат раҳбари айтиб ўтганидек, жорий йил 1 мартдан бошлаб, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида боғ, ток ва иссиқхона учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли даври эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади. Ўз навбатида, давлат-хусусий шериклик асосида юқори ҳосилли, экспортбоп мева ва узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олинганда, бунга кетган маблағнинг 20 фоизигача қисми тўлаб берилиши, муқобил энергияда ишлайдиган лимончилик иссиқхоналари қуриш харажатларининг ҳам бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий қилиниши ҳам келажакда ўз ижобий натижасини бериши, шубҳасиз.

    Мазкур ишларга уйғун тарзда давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатни одамларнинг истагига ҳамоҳанг, ўзгаришлар имкониятларини кенгайтириб берадиган навбатдаги дастуриламал дейиш мумкин. Зеро, унинг ижроси нафақат аграр тармоқда маъмурий ислоҳотларни тезлаштиради, балки мазкур стратегик секторни жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни татбиқ этишга қаратилган устувор йўналишларни амалга оширишга ҳам хизмат қилади.

    Элликдан ортиқ устунликнинг бири

    Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга иқтисодий, ижтимоий ва экологик механизмлар уйғунлигида аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки бу нафақат пандемиянинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини бартараф этиш, тармоқларни қайта тиклаш ва ривожлантириш, одамлар турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади, балки Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги салоҳиятини янада оширади. Гап шундаки, Гарвард университети тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятлар ва нисбий устунликларга эга экан. Қайд этилишича, юртимизда нефть газ-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал қатори айнан озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд. Давлат дастурида ҳам айнан мазкур тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши лозимлиги белгилаб берилганининг боиси ҳам ана шунда.

    Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар устидан парламент ва депутатлик назоратини самарали йўлга қўйиш, соҳадаги қонунлар ижросини сўзсиз таъминлаш, ислоҳотларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш эса бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди.

    Мухтасар айтганда, ўзаро ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлардан кўзланган бош мақсад халқ манфаати устуворлигини таъминлашдан иборат бўлса, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилиш, шу орқали одамларни рози қилиш унинг асосий йўналишларидан биридир.

    Нодир ЖУМАЕВ,

    Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates