Ҳеч қачон бунчалик ҳаяжонга тушмагандим

    Аввалига ҳеч нарсага тушунмадим. Тадбирда иштирок этишим учун тест топширишимни айтишди.

    Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотланганлар орасида Тошкент шаҳридаги “Fastechnika” масъулияти чекланган жамиятининг дизайн бўлими бошлиғи Садокат Казиева “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлганини кўриб, тўғриси, ўзим тақдирлангандай қувониб кетдим. Тиришқоқлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши билан ёшларга ибрат бўла оладиган 35 ёшли Садоқат ҳақида газетамизда бежиз ёзмаган эканмиз, деган фикрда унга боғланиб, самимий қутладим. У миннатдорлик тарзида тўлқинланиб гапира бошлади.

    ***

    “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилганим ҳаётимда кутилмаган ва ҳеч қачон унутилмайдиган қувончли воқеа бўлди. Аввалига ҳеч нарсага тушунмадим. Тадбирда иштирок этишим учун тест топширишимни айтишди. Вазирлар Маҳкамасида байрам арафасида тақдирланишимни эшитиб, қаттиқ ҳаяжонланганимда, ҳали ундан ҳам ҳаяжонли хабар олдинда эканини билмагандим.

    8 март куни нуфузли давлат тадбирида қатнашишим, Президентимизни кўришимни эшитганимда тўғриси, Ўзбекистонда нуфузли мактабда ўқиганим, шунинг самараси ўлароқ, Америкадаги таниқли компанияда муваффақиятга эришганим, қўйингки, шу ерга келгунча қилган ҳаракатларим гўё кино лентасидек кўз олдимдан ўта бошлади. Давлат раҳбарининг қўл узатгандаги тўлқинланишни-ку асти сўраманг. Ўша куни ҳар бир аёлнинг қалбида кучли ҳаяжон бўлгани аниқ. Уларнинг кўзидаги қувонч, юзидаги табассум, ҳам байрамона кайфият ҳар қандай кишини руҳлантирадиган даражада эди. Аёлларга бўлган ҳурмат, эътибор Ўзбекистонда ниҳоятда юксак экани, жамиятдаги ўрни, қадрини ҳис этиш аёлга катта куч беришини Президентимиз чуқур ҳис қилишига гувоҳ бўлдим. Бундай эътирофга эришган аёллар албатта буёғига нималар қила оламан, бор имкониятимни ишга солишим керак, дейди. Ўз-ўзидан янги қирраларини кашф этишга киришади.

    Мендан нега Американи, “APPLE”ни ташлаб келдингиз, деб кўп сўрашади. Тадбирда ҳам шу саволни берганлар бўлди. Тўғри, Америка ўзига хос диёр, техника тараққий этган етук давлат. Аммо интервьюларимда айтганимдек, яна бир бор таъкидлайманки, бугун Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш бўйича катта ҳаракат бўляпти. Ва бу ҳаракат шу соҳага даҳлдор ҳар бир кишини ҳам ҳаракатга келтиради. Ўзбекистонга келиб, янги лойиҳаларни йўлга қўйишимизга ҳам шундай саъй-ҳаракатлар туртки бўлганди, аслида. Аммо инсон ҳар қандай ишни бошлашдан аввал унинг истиқболи не чоғли бўлиши ҳақида ўйлайди. Мабодо, режаларимиз биз кутгандек амалга ошмаса, яна ортга қайтамиз, деган ният ҳам йўқ эмасди. Хайриятки, бугунги Ўзбекистон IT мутахассисларни кўкларга кўтаряпти. Айниқса, қизларни ҳам шу соҳага жалб этишга катта эътибор қаратилаётгани шу ернинг ўзида бошқа лойиҳаларни ҳам тезкор ишлаб чиқишни тақазо этди. Энди биз Womenandtech.uz лойиҳамиз орқали қиз ва аёлларни ахборот технологиялари бўйича профессионал ривожланишга чорлаймиз. Шунингдек, мукаммал билимга эга бўлганларнинг бошқа аёлларга ёрдам бериши тарафдоримиз. Яъни уларни ривожланишда бирлашишга чорлаймиз. Бу борада мастер класлар, онлайн курслар ташкил этиш, хуллас, ҳамма-ҳаммаси режалаштирилган. Зеро, шу орқали занжир тизими ҳосил бўлса, лойиҳалар кенгайиб, соҳани ўргатишга доир катта-катта марказлар, мактаблар пайдо бўлади. Насиб қилса, лойиҳаларимиз учун гранд олишга муваффақ бўлсак, бор салоҳиятимизни бутун республикада замонавий билимларни оммалаштиришга қаратамиз. Шу ўринда алоҳида айтишни истардимки, бу шунчаки ҳавойи гаплар эмас. Зеро, давлатимиз кўрсатаётган юксак эҳтиром, эътибордан миннатдорлигимиз мақсадларимизнинг амалдаги ифодасидагина яққол кўриниши мумкин.

    ***

    Садоқат том маънода ўз соҳасида ўзига хос мактаб яратишга қодир. Буни унинг ҳар бир ҳаракатию эзгу нияти айтиб турибди. Энг муҳими, у биз билан икки ой аввал суҳбатлашган, тақдирланиши хаёлига келмаган пайтда ҳам ҳозиргидек ёниб турганди. Қаҳрамонимиз амал қиладиган — ўзингда борини бошқаларга ҳам улаш шиорининг ўзи кўплаб эзгу мақсадларни қамраб олади. У нафақат хотин-қизларга, балки ёрдам бера олиши мумкин бўлган барча-барча билан ўз маҳорати, тажрибасини бўлишишга тайёр.

    Дарвоқе, бир ойча бўлди, Садоқат Тошкент вилоятидаги Аструм академиясида IT рекрутинг проекти бўйича фаолият бошлади. Аслида академияга ўз лойиҳаси билан борган, лойиҳа доирасида қизларни технологияга жалб этувчи мастер класлар ўтказиш таклифини берган фидойи аёл айнан ўша жойга керакли мутахассис бўлиб чиқди. Рекрутинг билан шуғуллангани, бу борада етарли тажрибага эга эканини эшитган академия раҳбарияти уни шу куннинг ўзидаёқ ишга таклиф қилди. Юртимизда IT соҳасида муносиб вакиллар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилган Садоқат бундай таклифни албатта бажонидил қабул қилди. Айни пайтда у академиянинг бизнес стратегияларига ҳам яқиндан ёрдам беряпти. Ўйлаймизки, яқин келажакда Садоқат Казиева республикамизда мавжуд шу каби мактабларнинг барчасига ўзининг янгича ёндашувлари, соҳадаги муаммоларга муносиб ечимлари билан кириб боради.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates