Ҳиндистонда «Ибн Сино ва Ўзбекистон» китобининг тақдимоти ўтказилди

    Маданият 13 октябр 2020 3219

    Буюк аждодимиз, тиб илмининг билимдони Абу Али ибн Сино таваллудининг 1040 йиллигини муносиб нишонлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси «Ибн Сино» жамоат фонди, Ҳиндистоннинг Алигарх мусулмон университети ва мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Ибн Сино ва Ўзбекистон» номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.

    Маърузаларда Абу Али ибн Синонинг бой илмий мероси ҳақида сўз юритилди. Хусусан, унинг дунё тиббиёти ва бошқа соҳалар ривожига таъсири, замонавий тиббиёт фани учун долзарблиги ҳақида фикрлар билдирилди. Абу Али ибн Синонинг ўз даври учун «инновацион ғоялар манбаи» бўлгани таъкидланди.

    Китоб муаллифи профессор Абдул Латиф ўз маърузасида асарнинг мазмуни хусусида батафсил тўхталиб, Ибн Сино илмий меросини ўрганиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Ушбу китобнинг ёзилишига алломанинг улкан илмий-амалий мероси билан бир қаторда ўзининг Ўзбекистонга амалга оширган сафари давомида орттирган ижобий таассуротлари асосий сабаб эканини маълум қилди.

    Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси раҳбари томонидан китоб муаллифига ва тадбирда иштирок этган маърузачиларга самимий миннатдорчилик билдирилди. Абу Али ибн Сино ва бошқа ўзбек алломалари меросини тадқиқотини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янада чуқур ўрганишда элчихона жамоаси Ҳиндистон илмий марказлари билан доимий ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    Абдул Латиф, Алигарх мусулмон университети профессори, Ибн Сино академияси котиби, китоб муаллифи:

    — 2019 йил 20-21 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «X Ибн Сино ўқишлари» халқаро илмий–амалий конференциясида иштирок этган эдим. Сафарим давомида буюк аллома Абу Али ибн Синонинг киндик қони тўкилган юрти Афшона қишлоғида бўлдим. Албатта, буюк олим Ибн Сино илмий мероси ва ҳаёти билан бир неча йиллардан бери шуғулланиб келаётган тадқиқотчи сифатида унинг туғилиб ўсган она ватанида бўлиш орқали менда ўзгача таассуротлар пайдо бўлди. Ана шу сафарим давомида менда «Ибн Сино ва Ўзбекистон» номли китобни ёзиш ғояси пайдо бўлди. Ибн Сино буюк файласуф, тиббиёт, кимё, физика, астрономия ва бошқа кўплаб аниқ фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган халқаро миқёсдаги олим сифатида бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади.

    Мен ўз китобим орқали Ибн Синонинг нақадар буюк шахс эканини, у қолдирган илмий мероснинг инсоният тараққиётидаги аҳамиятини ёритиш билан бирга ушбу аллома туғилиб ўсган юрт – бугунги замонавий Ўзбекистон ҳақида ўқувчиларга етказишга ҳаракат қилдим.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates