Ҳудудий кенгашлар — ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг биринчи ҳалқаси

    Халқ вакилларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда

    Мамлакатимизда кейинги саккиз йилда маҳаллий кенгашларга эътибор мутлақо ўзгарди.

    Халқимиз бу эътиборни кенгашларнинг конституциявий-ҳуқуқий, ташкилий-институционал мақоми ўзгарганидан яққол билади. Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди, ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ҳам белгиланишига эришилди.

    Кенгашларнинг ваколати ва масъулияти олти баробар кўпайди, уларда доимий ишлайдиган котибиятлар ташкил қилинди, Сенатда ҳудудий вакиллик органларига кўмаклашиш маркази тузилди, қонунчиликка янги институтлар — “Кенгаш сўрови”, “Кенгаш текшируви” кириб келди. Бугун маҳаллий ҳокимликлар ҳудуддаги муҳим лойиҳаларни кенгашлар билан маслаҳатлашиб амалга оширмоқда.

    Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги тегишли фармонига асосан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш, халқнинг бевосита ихтиёри асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган ­ўттиздан ортиқ ваколат маҳаллий кенгашларга ўтказилди.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида шу йил 23 июнь куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

    Ушбу фармонни қабул қилишдан қатор асосий мақсадлар кўзланган. Жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини оширишдир.

    Фармонда 7 та устувор йўналиш асосида маҳаллий Кенгашларни ривожлантиришга оид 53 та чора-тадбирдан иборат “Йўл харитаси”ни 2030 йилга қадар амалга ошириш режалаштирилган.

    Аҳоли муаммоларини ҳал қилишда молиявий-иқтисодий имкониятлар

    Маҳаллий кенгаш депутатлари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, аҳоли кўтараётган аксарият масалалар (ички йўллар таъмири, коммунал соҳадаги муаммолар, канализация, ободонлаштириш, ижтимоий инфратузилма таъмири кабилар) ечими молиявий маблағга бориб тақалмоқда.

    Маҳаллий бюджетни қабул қилса-да, депутатларнинг ўз округидаги муаммоларни бюджет орқали ҳал қилиш имконияти етарли эмас эди. Баъзи тадбиркор депутатлар аҳоли муаммоларини ўз маблағи ҳисобидан ҳал қилиб бериши мумкин. Буни кўрган бошқа фуқаролар ўзларининг депутатларидан “Сиз ҳам бизга муаммони ҳал қилиб беринг, ана нариги маҳалладан сайланган депутат қиляпти-ку”, дея талаб қилиш ҳолатлари ҳам учраётганди. Айрим ҳолларда депутатлар муаммоларни ҳал қила олмасликлари сабабли сайловчилар қабулига бора олмагани ҳам бор гап.

    Фармон билан тасдиқланган концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га мувофиқ, келгусида халқ вакилларининг бундай ҳолатга тушмаслиги, уларнинг обрўсини ва аҳоли муаммоларини ҳал қилишдаги имкониятини ошириш мақсадида ҳужжатда маҳаллий бюджетлар лойиҳасини шакллантиришда ҳудудлар тоифасидан келиб чиқиб, маҳаллий бюджет харажатларининг 3-5 фоизини бевосита маҳаллий кенгаш депутатларининг ташаббуси асосида шакллантириш, Сенат билан ­ҳамкорликда “Сайловчи — депутат — ҳоким — кенгаш” тўрт бўғинли ўзаро ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш белгиланди.

    Бунда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг иштирокини таъминлаш тартиб-таомилларини белгилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция дастурлари лойиҳаларини дастлаб маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш, уларда белгиланган ҳар бир вазифанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан самарали депутатлик назоратини йўлга қўйиш назарда тутилган.

    Маъмурий, бюджет ва фискал номарказлаштириш асосида ҳудудларнинг маъмурий ва молиявий мустақиллигини янада ошириш орқали улар ташаббускорлигини кучайтириш, бунда туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига айрим турдаги давлат божлари, мажбурий йиғимлар, тўловлар, жарима ва ажратмаларни йўналтириш масаласини кўриб чиқиш вазифалари ҳам қайд қилинган.

    Яна бир муҳим жиҳат бу — депутатларнинг маҳаллий кенгашлар сессиялари доимий комиссиялари мажлисларига келиб-кетиши масаласи. Агар 2017 йилгача маҳаллий кенгашлар йилда 4 марта йиғилиш ўтказган бўлса, ҳозир бир ойда 2 мартадан сессия ўтказишга тўғри келмоқда. Бу эса депутат учун бир ойда 4 марта вилоят, туман марказига келиб-кетиш заруратини туғдиради. Тошкент шаҳрида балки билинмас, лекин вилоятларда 100-300 километрлаб масофани босиб ўтишга тўғри келяпти.

    Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳаллий кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш, уларнинг ўз сайланган вилоят, туман ва шаҳарлари доирасида депутатлик вазифаларини бажариши учун “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасини (депутатнинг транспортда текин юриш ҳуқуқи) амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

    Ташкилотлар раҳбарларининг ўз ходими бўлган депутатларнинг маҳаллий кенгаш сессияси, доимий комиссиялари, партия гуруҳлари мажлисларида иштирок этиши, сайловчилари билан учрашувлар ўтказиши, фуқаролар қабулини ўтказишига тўсқинлик қилмаслиги мустаҳкамланди.

    Маҳаллий масъулларнинг жавобгарлик чоралари

    Ҳудуддаги деярли барча органнинг кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгиланган бўлса-да, халқ депутатлари ушбу органлар ишидан қониқиш ҳосил қилмаса, уларга қандай чора қўллаши масаласи очиқ қолган эди. Бу эса айрим мансабдор шахсларнинг кенгашлар олдидаги масъулияти сусайишига сабаб бўлаётганди. Масалан, ҳисобот бериш учун халқ вакиллари олдига шахсан ўзи келмай, балки ўринбосарлари, гоҳида эса бош мутахассисларини юбориш ҳолати учраётган, депутатлар тавсия қилган масалаларни ҳисобга олмаслик, айрим ҳолларда эса депутатлик сўровларига жавоб бермаслик ҳолати кузатилаётган эди.

    Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фармонда маҳаллий кенгаш қарори билан лавозимга тасдиқланадиган, тайинланадиган, кенгашга ҳисобдор бўлган мансабдор шахсларнинг маҳаллий кенгашлар олдидаги жавобгарлигини белгилаш вазифаси қўйилди. Бунда ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахсларига нисбатан эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги, интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи органга тақдимнома киритиш каби чораларни белгилаш назарда тутилган.

    Шу мақсадда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси фаолияти ва ваколатларини кенгайтириш чоралари кўрилади. Бунда ушбу комиссияга кенгаш қарори билан лавозимга тасдиқланадиган, тайинланадиган, лавозимга тайинланишида кенгаш розилиги олинадиган мансабдор шахсларнинг ҳам одоб-ахлоқ нормаларини бузганлик бўйича ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.

    Ҳоким ўринбосарларининг кенгашлар олдидаги масъулияти

    Қонун ҳужжатларида ҳокимларнинг ўз номзодлари тасдиқланишидан аввал маҳаллий кенгашларга ҳудудни ривожлантириш дастурларини тақдим этиш вазифалари белгиланган. Лекин ҳоким ушбу вазифаларни бир ўзи эмас, балки бутун жамоаси билан бажаради. Шу мақсадда энди вилоят, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлигига номзодларни тегишли маҳаллий кенгашлар доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, кенгаш сессияларида номзодларнинг ўз йўналиши бўйича ҳудудни ривожлантириш дастурларини тақдим этиш тартиби жорий этилади.

    Албатта, бундай тартибнинг амалиётга киритилиши ҳоким ўринбосарларининг ­аҳоли, уларнинг вакиллари сифатида депутатлар олдида масъулиятини оширишга, фақат номзоди эмас, балки ўз йўналиши бўйича ҳудуддаги долзарб масалаларни кенгашнинг тегишли йўналишдаги доимий комиссияси билан муҳокама қилиш ва ўзининг дастурини тақдим этишига, бу дастурнинг бажарилиши устидан халқ назорати таъминланишига олиб келади.

    Муаммоларга тезкор муносабат билдириш

    Маҳаллий кенгашларга оид қонунчиликка кўра, ушбу органларнинг сессиялари ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Лекин ҳозирги тезкор, шиддатли замонда ҳудудларда содир бўлаётган у ёки бу масала, муаммолар бўйича аҳолининг тезкор маълумот олиши эҳтиёжини туғдирмоқда. Шундай вазиятларда то бир ҳафта олдин сессия чақиргунча вазият тубдан ўзгариб кетиши мумкин. Ҳозир вилоят, туман, шаҳарлар даражасида юзлаб органлар маҳаллий кенгашларга ҳисобот (ахборот) бериши белгиланган (масалан, йиллик, олти ойлик, чораклик ҳисоботларни беришнинг аниқ тақвим режаси мавжуд), лекин уларнинг ҳисобот бериш вақти аниқ белгиланган бўлса-да, шошилинч ҳолларда зудлик билан эшитиш имконини бермайди.

    Шу мақсадда энди худди парламентдаги “Ҳукумат соати” каби маҳаллий кенгаш депутатларининг шошилинч вазиятларда тезкор жавоб беришни талаб қиладиган сўровларига сессия чақирмай, муайян миқдордаги депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институти жорий этилади.

    Бундай тартибнинг жорий қилиниши аҳолини қизиқтирадиган айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан маҳаллий масъулларнинг жавобини тезкор олиш ва аҳолига етказиш имконини беради. Бунинг учун сессия ўтказишни ҳафталаб кутишга зарурат қолмайди.

    Фуқароларнинг маҳаллий кенгашларга электрон жамоавий мурожаат қилиши бўйича янгича тизим яратилади

    Маҳаллий кенгашларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш тизимини такомиллаштириш, бунда ҳисобот (ахборот)ни эшитишнинг даврийлигини қайта кўриб чиқиш, айримларини заруратга кўра эшитиш тартибига ўтказиш белгиланди. Чунки бугун 370 дан ортиқ қонун ҳужжатида 50 га яқин давлат органининг маҳаллий кенгашларга 110 та ҳисобот ва ахборот тақдим этиши белгиланган. Бу эса ҳисоботларни мақбуллаштириш эҳтиёжини пайдо қилади.

    Кенгашлар фаолиятида шаффофликни ошириш мақсадида мансабдор шахсларнинг ҳисоботи кенгаш сессияси муҳокамасидан сўнг “E-Kengash” платформасидаги тегишли маҳаллий кенгашлар саҳифаларида эълон қилиб борилади.

    Маҳаллий кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёни очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг сессия ишини бевосита кузатиш тизими йўлга қўйилади. Маҳаллий кенгаш сессияларида фуқароларнинг сессия ишига аралашиш ҳуқуқисиз кузатувчи сифатида иштирок этиш тартиби жорий этилади.

    Фуқаролар томонидан маҳаллий кенгашларга электрон жамоавий мурожаат қилиш бўйича янгича тизим яратилади. Маҳаллий кенгашлар ҳузурида жамоатчилик вакиллари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда илмий доира вакилларидан иборат маслаҳат гуруҳлари тузилади ва кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёнида уларнинг фаол иштироки таъминланади. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади.

    Норма ижодкорлик ваколати кенгаймоқда

    Фармон билан маҳаллий аҳамиятга молик қатор ваколатларни маҳаллий кенгашларга ўтказиш белгиланди. Хусусан, ҳозир ҳокимлар ваколатида бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари, дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини тасдиқлаш, дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини белгилаш кенгашларга ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш, йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини ошириш ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат бериш ваколати ҳам кенгашларга ўтади.

    Шу ўринда савол туғилади: маҳаллий кенгашларга бунча эътибор қаратишдан мақсад нима?

    Маҳаллий кенгашлар аҳолига бошқарув жараёнида ўз ҳудудидаги қарорларни қабул қилишда иштирок этиш имконини бериб, жамият манфаатларини ифодалайди ва маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш орқали ижтимоий-сиёсий барқарорликка ҳисса қўшади. Бу эса демократик жараёнларни кучайтиради, кенгашлар давлат сиёсатини маҳаллий эҳтиёжларга мослаштириб, ҳукумат ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажаради.

    Маҳаллий бошқарувнинг энг яхши шакли, бу — халқ вакиллари иштирок этадиган, аҳолига хизмат қиладиган бошқарувдир. Аҳолини бирлаштириб турувчи сифатида маҳаллий кенгаш қанча кучли бўлса, давлат ҳам шунча кучли бўлади. Зеро, халқимизда “Ўттиз киши билан кенгаш, бир киши билан иш кўр” деган мақол бежиз айтилмаган.

    Сакинахон САИДҒОЗИЕВА,

    Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутати

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates