«Ёшлар ойлиги» доирасида ташкил этилган «Имкониятлар макони» ярмаркасида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 60 дан ортиқ давлат идоралари ҳамда юртимизнинг энг йирик ва нуфузли хусусий компаниялари иштирок этди.
Туризм соҳасидаги жойлаштириш воситаларининг машҳур брендлари, йирик меҳмонхоналари ўзларининг бўш иш ўринлари таклифи билан иштирок этишди. Тадбирда иштирок этган компаниялар асосан туризм, қурилиш, саноат, ишлаб чиқариш, банк, алоқа соҳаларига оид бўлиб, умумий бўш иш ўринлар сони 21 900 дан ортиқ ўринни ташкил этди.
Ярмарка давомида ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқа туризм хизматлари кўргазма расталари ташкил этилиши баробарида «Humo Arena» муз спорт саройи бўйлаб қизиқарли экскурциялар уюштирилди.
Ярмаркада ишга жойлашиш учун суҳбатдан муваффақиятли ўтиш ва ёшларга мотивация бериш мақсадида халқаро тоифали психолог-коучер ва мураббийларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди, шунингдек Тошкентдаги Цингапур менежментни ривожлантириш институти спикерларидан «Глобал даражадаги халқаро лойиҳаларга истеъдодли кадрларни жалб этиш ва малакасини ошириш» мавзусида тренинглар ўтказилди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Ярмарка якунига кўра, тадбирга 15 000 га яқин одам ташриф буюргани, умумий қабул қилинган резюмелар сони эса 8 144 тани ташкил этгани маълум бўлди.









