Иқтидорли болалар республика олимпиадасининг 2025 йилги мавсуми бошланиб, 1–7 апрель кунлари туман (шаҳар) миқёсида онлайн шаклда ташкил этилди.
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов маълум қилишича, мазкур олимпиадада энг юқори натижани қайд этган 18 нафар иштирокчи Турин политехника университети ва АКИТА университетларига имтиҳонсиз ва 100 фоиз грант асосида ўқишга қабул қилинади.
Қайд этилишича, олимпиадада фаоллик кўрсатган, юқори натижаларни қайд этган таълим муассасаси жамоасига махсус бош соврин – BYD Чазор автомобили топширилади. Ўз фан йўналишида ТОП-10 натижа қайд этган ўқувчиларни тайёрлаган ўқитувчиларга ҳам алоҳида ташаккурномалар берилади.
Олимпиада уч босқичда ўтказилмоқда.
Биринчи босқич:
- туман (шаҳар) миқёсида 1–7 апрель кунлари онлайн шаклда ташкил этилди. 9-10-11-синфлар учун олимпиадада рўйхатдан ўтган, бироқ турли сабабларга кўра қатнаша олмаган ўқувчилардан яна имтиҳон ташкил этиш бўйича келиб тушган таклифларини инобатга олган ҳолда 10-17 апрель кунлари testbor.uz платформасида туман босқичи имтиҳонларини онлайн тарзда топширишларига имконият берилади.
Иккинчи босқич:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида 13–20 май кунлари онлайн форматда ўтказилади.
Учинчи босқич:
- 16 июнь куни бўлиб ўтади. 2–9-синф ўқувчилари учун якуний босқич кузатув камералари остида онлайн тарзда ўтказилади.
- Олимпиада ғолиблари муносиб тақдирланади. 2-9-синф ўқувчилари учун пул мукофотлари ажратилади.
- 10–11-синф ўқувчилари ўртасидаги ғолиб ва совриндорларга эса ноутбук, планшет, мобил телефонлар, ақлли соатлар ва қулоқчинлар тақдим этилади.
Хусусан, математика, физика ёки информатика фанларидан энг кўп ва энг тез ечимларни тақдим этган ўқувчига замонавий iPhone 16 смартфони совға қилинади.