баннер
14 апр 2025
05:46

    Ўзбекистонлик ўқувчилар Куала-Лумпурда бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида ғолиб бўлди

    Малайзия пойтахтида бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё математика олимпиадасида (CEAMO 2025) ўзбекистонлик ўқувчилар 1 та олтин, 3 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритди.

    “Дунё“ ААнинг хабар беришича, шу йилги олимпиадада 23 та давлатдан 1800 нафар ўқувчи синфлар кесимида ўз билимларини синовдан ўтказди. Миллий саралаш босқичида Ўзбекистондан 1000 нафардан ортиқ ўқувчи қатнашди, улар орасидан 60 нафари халқаро босқичга йўлланма олди.

    Олимпиада ғолибларига халқаро даражадаги дипломлар топширилди. Бу уларга келгусида нуфузли олий ўқув юртларида ўқишга кириш, стипендия ва таълим имтиёзларини олиш ҳуқуқини беради.

    Жануби-Шарқий Осиё математика олимпиадасига (CEAMO) Сингапурнинг Терри Чью академияси томонидан асос солинган. Мазкур олимпиада орқали ўқувчиларнинг математика фанидан билими ва саводхонлиги синовдан ўтказилади.

    Ушбу нуфузли халқаро олимпиадада Австралия, АҚШ, Сингапур, Индонезия, Япония, Хитой, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг 7 дан 18 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари мунтазам иштирок этиб келмоқда.
    Телеграм каналимиз
    Text to speech