Ичимлик суви таъминоти талаб даражасида(ми?)

    Бугунги кунда ушбу соҳа Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг айрим деклоратив нормалари ҳамда 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

    Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, сўнгги беш йил давомида юртимизда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва уларга канализация хизматларини кўрсатиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди.

    Бугунги кунда ушбу соҳа Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг айрим деклоратив нормалари ҳамда 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Демак, соҳанинг кескин ривожи учун ҳуқуқий асос бўлган яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий этишга эҳтиёж бор.

    Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қатор нормалар белгиланмоқда. Лойиҳада аввало, ичимлик суви таъминоти ва оқава сув чиқариш хизматлари соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, тегишли давлат органларининг ваколати, хизмат кўрсатиш корхоналарининг ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.

    Соҳани кескин ривожлантиришда бозор механизмига, жумладан, давлат-хусусий шерикликни жорий этишга йўналтирилган ҳуқуқий асослар ҳамда ичимлик суви ташийдиган транспорт воситаларига аҳолига етказиб бериладиган ичимлик суви нархи сунъий равишда кўтарилиб кетишининг олдини олувчи нормалар киритиляпти.

    Тан олиш керак, кейинги пайтда сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомнинг сустлиги туфайли қувурларда носозликлар вужудга келиб, истеъмолчилар томонидан уларга ноқонуний уланиш ҳолатлари кўп кузатилаётган эди. Ушбу лойиҳада соҳада хизмат кўрсатиш ва хизматдан фойдаланиш борасида интизомни тартибга солувчи нормалар белгиланмоқда.

    Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, хусусан, истеъмолчиларга асоссиз ҳисоблангани учун сув таъминоти ташкилотларига нисбатан тегишли молиявий чораларни кучайтириш ҳамда сифатсиз сув таъминоти натижасида жисмоний шахсларнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш механизмини очиб берувчи нормалар ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Шунинг баробарида, соҳада техник жиҳатдан тартибга солиш механизмларини жорий этишда фуқароларга соддалаштирилган механизмлар ҳам қўлланиляпти. Жумладан, ичимлик суви қувурларига уланишда юридик шахсларга техник шарт олиш мажбурийлиги белгиланган бир вақтда, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг рухсатномасини олиш белгиланмоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳани барқарор ривожлантиришга, хизматлар сифатини оширишга, истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

    Моҳира ХЎЖАЕВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати