Ижод мактаблари — адабиёт чашмалари

    Эзгу ташаббуслар билан чиқаётган, Ижод мактабини битириб, олий таълим даргоҳларида ўқиётган бир қатор талабалардан иборат “Қанот” қизлар ҳаракатининг хайрли ишлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва кўпчиликни қувонтирди.

    Айни вақтда республикамизнинг турли ҳудудларида атоқли адиблар номи билан аталадиган 9 та Ижод мактаби фаолият юритиб, уларда 1495 нафар ўқувчи ёшлар таҳсил оляпти. Ижод мактабларида жами 32 та ижодий тўгарак мавжуд бўлиб, улар адабиётга оид 8 хил йўналишда 1300 нафар ўқувчини қамраб олган.

    Ўтган ўқув чоракларида ижод мактаблари миқёсида ўтказилган 80 га яқин маҳорат дарсларининг аксарияти онлайн шаклда бўлганига қарамай, ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Машғулотларни Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва олий ўқув юртларининг тажрибали ўқитувчилари олиб борди.

    Шу ўринда айтиш жоизки, 2021–2022-ўқув йилида барча ижод мактабларида маҳорат дарсларини самарали ташкил этиш, устоз-шогирд анъаналари асосида истеъдодли ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида Ўзбекистон халқ ёзувчилари, шоирлари, тажрибали адабиётшунос ва тилшунос олимлар бириктирилди.

    Ёзувчилар уюшмасининг Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликдаги қўшма қарорига кўра, мактабларда маҳорат дарслари аввалдан белгиланган мавзуларда амалга оширилади. Машғулотларни шоир ва ёзувчилар – Усмон Азим, Эркин Аъзам, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Исажон Султон, Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, Кенгесбой Каримов, Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос олимлар Сувон Мели, Баҳодир Каримов, Ҳамидулла Болтабоев, Қозоқбой Йўлдошев, Нурбой Жабборов, Олимжон Давлатов, таниқли шоира ва ёзувчилар – Зулфия Мўминова, Умида Абдуазимова, Луқмон Бўрихон, Фарида Афрўз, Наби Жалолиддин, Собир Ўнар, Шодмонқул Салом, Ҳумоюн Акбаров ва бошқалар олиб боришлари режалаштирилган.

    Шунингдек, ижод мактабларида ўқувчиларнинг ёдида қоладиган, уларга ҳаёт ва ижоддан сабоқ берадиган ижодий учрашувлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бундан ташқари, истеъдодли ёш ижодкорларни тарбиялаш мақсадида ижод мактаблари ўқувчиларининг ҳар 10 нафари жанрлар кесимида ҳудудлардаги шоир ва ёзувчиларга бириктирилган, улар ижодкор ўқувчилар билан мунтазам учрашиб, ижодий сабоқлар бериб келмоқда.

    Ижод мактаблари деганда кўпчилик бўлажак ёзувчи ва шоирлар таълим оладиган таълим даргоҳини тушунади. Ижодга мойиллиги бор ёшларнинг алоҳида яратилган бу имкониятдан кенг фойдаланаётгани яхши, аммо бу мактабларда ўқиётган барча ўғил-қизлар келажакда ёзувчи ёки шоир бўлишлари кўзда тутилмаган. Бизга яхши журналист, адабиётшунос, тилшунос, психолог, матншунос, манбашунос, таржимонлар ҳам керак. Қайси соҳада бўлмасин, бадиий адабиётни чуқур мутолаа қилган ёшлардан етук мутахассис чиқади. Шу маънода ижод мактаблари таълимидан миллий тилимизни ва адабиётимизни чуқур ўзлаштирган ёш авлод тарбияси кўзда тутилган.

    2021 ўқув йили якунига кўра, 6 та ижод мактабини жами 160 нафар ўқувчи битирди. Шулардан 50 нафари республикамиздаги нуфузли олий ўқув юртларига давлат гранти асосида, 61 нафари тўлов-контракт асосида қабул қилинди. 48 нафар ўқувчи эса хорижий олий таълим муассасалари талабаси бўлдилар.

    2021– 2022 ўқув йили учун ижод мактабларига республика бўйлаб ижодкор ўқувчиларни қамраб олиш мақсадида барча мактаблардаги ижодий имтиҳонларга Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, педагоглар ва олимлар жалб этилди. Ижодий имтиҳон натижаларига қараб ўқувчилар тест синовларига киритилди. Саъй-ҳаракатлар эвазига ижодий салоҳиятга эга ўқувчилар мактабларга қабул қилинишига эришилди.

    Ижод мактаби ўқувчиларининг республика миқёсида ташкил этилган турли танловларда фаол иштирок этиб, яхши натижалар кўрсатиб келаётгани кўплаб ўғил-қизларнинг бу мактабларда ўқишга бўлган қизиқишини ошираётгани аниқ.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Ёшлар ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги баённомасига кўра “Республика ёшлар овози” фестивали доирасида “Бўзатов шеърият кунлари” лойиҳаси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 14 нафар ёш истеъдодли ижодкор қаторида ижод мактабларининг 20 нафар ёш истеъдод эгалари ҳам мазкур фестивалга жалб этилди. Унда ижод мактаби ўқувчилари энг фаол иштирокчилар бўлгани учун “Бўзатов илҳомлари” баёзига ижод мактаби ўқувчиларининг ижод намуналари киритилди.

    Ижод мактаби ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Абдулла Орипов издошлари”, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” кўрик-танловларида ҳам ижод мактаби ўқувчилари фаол иштирок этди. Танлов жараённи кузатиб бориш ва ҳакамлар ишида иштирок этиш учун Абдулла Орипов ва Ўткир Ҳошимовнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилди. Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа ая Мустафоқулова ижод мактаби ўқувчиларининг билимдонлигини кузатар экан, “Мен ҳозиргача шоир Абдулла Орипов ижодини бунчалик чуқур биладиган ўқувчиларни кўрмаган эдим”, дея мамнуният билан танлов ташкилотчиларига ташаккур билдирди.

    Фарғонадаги адабиёт кунлари доирасида ташкил этилган “Тонг нафаси илҳомлари” танлови ижод мактаби ўқувчиларининг илмга ташна, зукко, қанчалар иқтидорли эканликларини яна бир карра намоён қилди.

    Эзгу ташаббуслар билан чиқаётган, Ижод мактабини битириб, олий таълим даргоҳларида ўқиётган бир қатор талабалардан иборат “Қанот” қизлар ҳаракатининг хайрли ишлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва кўпчиликни қувонтирди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қизлар энг яхши, юқори савияда ёзилган бадиий китобларни одамларга беғараз етказиб, уларнинг узоғини яқин қилишмоқда.

    Куни кеча Президентимиз раислигида Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мавжуд кутубхоналар имкониятларидан самарали фойдаланиб, китобхонликни оммалаштириш алоҳида таъкидланди. Шу маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ижод мактабларига мунтазам равишда бадиий китоблар етказиб берилмоқда. Хусусан, 2020–2021 ўқув йили давомида барча ижод мактабларига 1500 та китоб туҳфа қилинди. Шу билан бирга, Президент мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Тошкент шаҳридаги Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Хоразмий номидаги ихтисослашган мактаблар ҳам янги китоблар билан таъминланди.

    Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар бўлими томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги мактабларнинг ҳар бирига кутубхоналарни бойитиш учун 250 тадан бадиий китоб тақдим этиш мақсадида китоб банки тўпланмоқда. Китоб мутолааси ёшларнинг дунёқараши ўсишида катта аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ижод мактаблари ўқувчилари китобхонлигига алоҳида эътибор қаратилган. Умуман, мамлакатимизда умуммаданиятни янада кўтариш, ёшларнинг илм-фанга, адабиётга бўлган иштиёқини ўстириш ва қўллаб-қувватлаш йўлидаги самарали ҳаракатларда Президент таълим муассасалари ҳамда Ижод мактаблари билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.

    Ўтган ўқув йилида уюшма томонидан ижод мактабларига тақдим этилган 200 номдаги китоблар жамланмаси “Танланган асарлар”, “Назм бўстони”, “Биринчи китобим” серияларида чоп этилган. 2021 йил давомида Ижод мактаблари ўқувчиларидан 15 нафарининг кичик тўпламлари чоп этилди.

    Барча Ижод мактаби ўқувчилари ижодидан жамланган “Назм боғидан гулдаста” тўплами чиройли кўринишда қайта чоп этилди. Китобга 2020 ўқув йилида 100 нафар, 2021 ўқув йилида 285 нафар ўқувчининг ижодий ишлари киритилган. Жорий йилдан бошлаб Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирилган. Хусусан, “Ижод боғидан гулдаста” номли тўпламнинг 3-сонида бу йил мактабларда таҳсил олаётган ёш носирлар ижоди ҳам тақдим этилади.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими томонидан республикадаги барча ижод мактабларида эски ўзбек ёзуви бўйича тўгарак машғулотларини йўлга қўйиш юзасидан таклифлар ва тўгарак машғулотларини олиб боришга оид лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Узоқ йиллик маънавий хазинамиздан баҳраманд бўла оладиган, унинг мазмун-моҳиятини халққа етказа оладиган матншуносларни етиштириш барчамизнинг олдимизда турган зарурий вазифалардан биридир.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ижод мактабларида таълим олаётган ҳар бир ўқувчининг келажаги юрт равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз ва кўп сонли халқимизнинг бу ёшлардан умиди улкан. Ижод олами сари бўй чўзаётган ёш ниҳолларни меҳр билан парвариш қилсаккина, улар кун сайин юксалади, илдизлари мустаҳкам бўлади.

    Маъмура ЗОҲИДОВА,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

    Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates