Президент ва ижод мактаблари раҳбарияти ва ўқитувчилари Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифалардан келиб чиқиб таълим муассасаларини такомиллаштириш бўйича режаларни ишлаб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (ПИИМА) томонидан давлат раҳбари белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 6-7 ноябрь кунлари Президент мактаблари директорлари ва 9-10 ноябрь кунлари ижод мактаблари раҳбарияти учун семинарлар ташкил этилади.
Президент мактаблари директорлари учун ташкил этилган семинар давомида иштирокчилар охирги йилда таълим муассасалари фаолияти, уларда ўқув ва тарбия жараёнларини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилади.
Жумладан, иштирокчилар ёшларнинг STEAM фанларини ўрганиши, истеъдодли ёшларни фан олимпиадаларга тайёрлаш, хорижий ўқитувчилар иштирокида маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқади.
Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги ва ПИИМА тизимига кирувчи таълим муассасалари педагоглари ўртасида тажриба ва методологиялар алмашинувини таъминлаш учун ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилади.
Президент мактаблари иқтидорли ёшларни танлаб олишнинг, уларнинг билим олиш ва тарбиялашга қаратилган яхлит бир тизимига айланиши лозим. Мактаблар ўқувчиларда кенг фикрлаш ва ўзлаштирган билимларини самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришлари лозим.
Ижод мактабларининг раҳбарлари, ўз ўрнида, ПИИМА раҳбарияти ва меҳмонларга ўзлари раҳбарлик қилаётган таълим муассасаларни тақдим қилади.
Семинар иштирокчилари ижод мактабларида таълим дастурларини такомиллаштириш ҳамда махсус ўқув методология ва услубларини яратиш масалаларини кўриб чиқади. Семинарда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва ўқувчиларнинг ўз истеъдодларини намойиш этишлари учун керакли шароит яратиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилади.
— Президентимиз видеоселектор йиғилишида бизнинг олдимизга мамлакатимизда таълим сифатини ошириш бўйича вазифалар берди. Мазкур семинарлар ёрдамида биз мактаб директорлари билан таълим муассасаси фаолиятидаги камчиликлар, ўқитувчиларни саралаб олиш ва уларни қайта тайёрлаш, энг асосийси эса хориж тажрибасидан кенг фойдаланган ҳолда замонавий дарсликлар ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама этмоқчимиз, — дея қайд этди ПИИМА директори Ҳилола Умарова.
Семинарлар натижасига кўра Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги мактаблар фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда ПИИМА тизимида 4 та Президент, 9 та ижод ва 3 та ихтисослаштирилган мактабларда 3397 нафар ўқувчиларга юқори малакали ўқитувчилар томонидан билим берилмоқда.