1-2 июль кунлари Нукусда содир бўлган ташвишли воқеалар тобора мураккаблашиб, кескинлашиб бораётган бугунги дунёда ижтимоий барқарор-лик ва ҳамжиҳатликни асраш масаласи нақадар жиддий вазифага айланаётганини яна бир бор намойиш этди.
Кейинги йилларда бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Қорақалпоғистон диёрида ҳам кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонга ўтган йилги ташрифи чоғида маълум қилинганидек, саноатни ривожлантиришга йўналтирилган икки юздан ортиқ лойиҳалар бажарилди, “Қорақалпоқ цемент”, “Техник глобал”, “Нукус полимер”, “Вегатекс глобал” каби ўнлаб корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари оширилди.
Аҳолининг кўплаб ижтимоий муаммоларини тизимли бартараф этиш чоралари кўрилди, фуқароларни ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қиладиган қувур ва иншоотлар барпо қилинди. Қорақалпоқ давлат санъат музейининг қайта жиҳозланиши, ўлкашунослик музейи ва иқтидорли болалар мактаби биноларининг қад кўтариши, истироҳат боғи ва спорт мажмуасининг бунёд этилиши ўлка турмушини янада жонлантирди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг ташкил этилиши, Навоий давлат кончилик институти, Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти филиалларининг иш бошлаши қорақалпоқ ёшларининг таълим олиш имкониятларини янада кенгайтирди.
Бироқ июлнинг илк кунларида бўлиб ўтган воқеалар ушбу зафарларни “ҳазм қила олмайдиган”, барқарорликни издан чиқаришга мойил бўлган, асрлар давомида ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб келган икки халқ орасига нифоқ солишга интиладиган давралар мавжудлигини кўрсатмоқда. Бу давралар Ўзбекистонда ҳар қандай эътироз ва таклифларни баён этишнинг қонуний ва таъсирчан ижтимоий механизмлари яратилган бир шароитда жамоатчиликни ноқонуний намойишларга чақирди ва шунинг билан жиддий тартибсизликларнинг юзага келишига сабаб бўлди.
Бугун давлат раҳбарининг тезкор ва самарали чоралари икки қардош халқнинг бирдамлиги ва якдиллиги шарофати билан вазият барқарорлашди. Лекин ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари жипслигини, миллатлараро тотувликни асраш вазифаси долзарблигича қолмоқда. Ижтимоий зиддиятлар, ихтилофлар, таҳлика ва таҳдидларни бошидан ўтказган Яқин Шарқнинг қатор мамлакатлари, қўшни давлатларнинг аччиқ тажрибаси биздан бу вазифага масъулиятли ёндашишни, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишни, бир-биримизга нисбатан сабрли-оқибатли бўлишни, турли воқеа ва жараёнларга қонуний йўллар билан муносабат билдиришга одатланишни талаб этмоқда. Шу муносабат билан биз барча ватандошларни огоҳ ва ҳушёр бўлишга, диёримизнинг энг ардоқли қадриятлари – тинчлик ва осойишталик, хотиржамлик ва бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувликни кўз қорачиғидек асрашга чорлаб қоламиз.
Дилмурод НАБИЕВ,
Қарши давлат университети ректори, профессор