Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди

    Фан 3 июн 2021 1493

    Вазирлар Маҳкамасининг "Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

    Қарорга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди.

    Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти “Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари” деган ғоя асосида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, маънавий меросимиз, миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

    Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

    – маънавий-маърифий ишлар ҳолати, миллий ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, жамият барқарорлигига салбий таъсир этувчи тахдидлар ва уларни бартараф этиш юзасидан илмий-амалий изланишлар олиб бориш;

    – мамлакатдаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини тадқиқ қилиш, баҳолаш ва яхшилаш бўйича илмий-амалий таклифлар тайёрлаш;

    – маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга оширишнинг самарали ва таъсирчан замонавий тарғибот технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;

    – аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, Интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш;

    – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора- тадбирларни ишлаб чиқиш;

    – Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси асосида тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари ва кўрсаткичларини жорий қилиш;

    – вазирликлар ва идораларда, жумладан, таълим тизими, маҳалла ва ҳудудлар бўйича маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

    – соҳани илмий асосда ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ қилиш, илмий экспертизани йўлга қўйиш;

    – дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, таҳлил қилиш, маънавий- маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишда миллий ва умуминсоний қадриятларга мос хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш;

    – маънавий-маърифий соҳага масъул ходимларнинг малакасини ошириш.

    Институт директори Марказ раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

    Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.

    Институт “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

    Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 9-уй манзилидаги Халқ таълими вазирлигига тегишли бўлган бинонинг 3-қаватига Марказ ҳузуридаги Институт, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, “Маънавий ҳаёт” ва “Тафаккур” журналлари таҳририятларини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates