«Икки қардош элнинг танти ўғлони»

    Бўш вақтда 13 декабр 2022 2944

    Маълумки, халқимиз қадимдан кўпмиллатли, байналминал халқ сифатида кўплаб миллат ва элат вакиллари билан қон-қариндошлик, опа-укалик ришталарини мустаҳкам боғлаб, умр-гузаронлик қилиб келмоқда.

    Туғишганидек яқин, ўзгача қадр ва қимматига эга бўлган қорақалпоқ миллати халқимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга. Икки қардош бир тану бир жон бўлиб, борди-келди, қуда-андачилик алоқаларини боғланганлар. Шу боис, урф-одатлари, миллий қадриятлари, орзу-истаклари онги-шуурига сингиб кетган бу икки халқ орадан неча асрлар ўтсада, тотувлик билан бир-бирини ардоқлаб келмоқда.

    Қорақалпоқ ва ўзбек адабиётининг ёрқин вакили, қорақалпоқ фарзанди, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг

    «Меҳнат деса енг шимарган полвондай,

    Аравада тоғ келтир де, келтирар.

    Дўстлик деса, юлдуз топиб олгандай,

    Оқ кўкрагин эзгуликка тўлдирар.»

    мисралари бу халқининг қанчалик танти, кенг феълли, мард эл эканлигини тасвирлайди. Айниқса, шу миллатнинг юрагидаги аҳдлари, ҳаётидаги орзу-умид учқунлари, матонати ва юртига садоқатини халқчил намоён этган Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиясида шоир Ибройим Юсупов битганидай:

    «...Жайхун жағасында өскен бай терек,

    Түби бир шақасы мың болар демек,

    Сен сондай саялы, қуяшлы елсен,

    Тынышлык ҳәм ығбал сендеги тилек...»

    деган сўзлар қорақалпоқ суратини чизган энг гўзал ва буюк сатрлардир.

    Бугунги кунда давлатчилик илдизларида қўш томир отган ўзбек ва қорақалпоқ халқи «Янги Ўзбекистон»ни, унинг баробарида «Янги Қорақалпоғистон»ни бунёд этиш йўлида бирлашиб, келажак авлод, унинг келажаги ва камол топишлари учун муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.

    Биз эса қорақалпоқ элини шу нурафшон кунларга чорлаган, ўз ижоди, моҳияти теран шеърлари билан халқни олға ундаган атоқли ва ардоқли адиб - Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Юсупов сиймосида қардошларимизнинг орзу-умидлари, истаги ва ниятлари, қалб гўзалликларини юракдан ҳис эта оламиз.

    Ибройим Юсупов она юрти кенгликларини юрагига жойлаган, ватанига қайноқ меҳр-муҳаббати билан боғланган буюк шоирдир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбони ёдгорлик мажмуалари қаторида Ибройим Юсупов сиймосининг ҳам қад ростлагани халқ шоирига берилган юксак баҳодир.

    «Ватан фарзандларининг қайноқ меҳри, уни шу меҳрга чайиб тараннум этган оташнафас шоирлари билан гўзал», дейди Абдулла Орипов. Қорақалпоқ диёри ўз ижоди билан дунёда қорақалпоқ адабиёти мақомини юксалтириб турган Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Тўлепберган Қайипбергенов каби улуғ адибларни етиштириб чиқарди. Улар қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов муносиб ўрин тутади. Қардош туркий халқлар адабиёт оламида ҳам анчагина таниқли бўлган Ибройим Юсупов шеърларининг бирида «Мен Бердақнинг соф қонидан томчиман...», дейди камтарлик билан.

    Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Айниқса, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги турли жанрдаги асарлари кенг жамоатчиликка манзур бўлди. Унинг «Чўл армонлари» достони – бугун Ватанимизнинг янада равнақ топиш жараёнлари акс эттирилган чинакам замонавий асар. Асарда тасвирланган Устюрт кенгликлари билан бугун олис Қорақалпоғистон шаҳарчасида, Мўйноқда амалга оширилаётган улуғвор янгиланишлар, халқ бунёдкорлиги мадҳ этилган. Адибнинг «Ҳаёт, сенга ошиқман» китобига ёзган мана бу сўзларида шахснинг жамият ва халқ олдидаги бурчи ва масъулияти яққол кўринади: «Гапнинг лўндасини айтсам, шоирликда уч нарсага содиқ бўлдим: шеър орқали халқнинг юрагига йўл изладим, замондошларимнинг юрак садосин, қайғу-қувончин, орзу-армонларин, тилак-истакларин, буюк инсонпарварлик фазилатларин куйлашга интилдим…”.

    Бу инсоннинг шеърларидаги самимият, чуқур фалсафий мушоҳадалар, халқона ташбеҳлар мени ҳамиша ҳайратга солади ва завқлантиради. Сатрларга маҳорат билан жо этилган ажиб тимсоллар - ғозлар парвози, қоратоллар рақси, саксовуллар қўшиғи, саҳронинг соғинчли бағри шеъриятга ошно кўнгилларга ўзгача ҳузур бағишлайди. Ибройим Юсупов шеъриятида унинг пок ва улуғвор руҳий олами уфуриб турар экан, ўз ўқувчилари ички дунёсида инсоний фазилатлар, муҳаббат ва садоқат туйғуларини тараннум этади. Шоирнинг Алишер Навоий ижодидан олган беназирлик маҳорати, Умар Ҳайём рубоийларидан ўтган фалсафий пишиқлик, Низомий ғазалларидаги образлилик, Ажиниёз, Бердақ ва Абай устозлик мактаби таъсирида шаклланган халқоналик акс этган ижоди чин маънода юксак маънавий хазинамиздир.

    Унинг нодир ижодидан баҳра олмоқ, асрамоқ ва бу бебаҳо бойликни ёшларимизга улашмоқ - бизнинг қардошлик бурчимиздир. Айнан ушбу вазифамиздан келиб чиқиб, яқинда Фарғона давлат университетида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов маънавий ва адабий меросини абадийлаштириш, унинг ижодини ёшларга чуқур ўргатиш мақсадида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференция ва бадиий кеча, мунтазам ўтказиб келинаётган қорақалпоқ миллий маданияти кунлари талабаларимизда қардошларимиз тарихи ва адабиётига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада оширмоқда.

    Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори,

    педагогика фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates