Иккиламчи автомобиль бозорида нархлар туша бошлаган

    Транспорт 29 сентябр 2023 2304

    Охирги икки ҳафтадаги кузатувлар кўрсатмоқдаки, иккиламчи автомобиль бозорида энг ликвид ҳисобланган Lacetti, Cobalt ва Damas автомобиллари нархида сезиларли даражада пасайиш юз бермоқда.

    Сентябрь бошида янги Lacetti прейскурант ва бозор нархида 5-6 минг долларлик фарқ бўлган бўлса, ҳозир бу фарқ узоғи 3-4 минг долларгача қисқарган, янги Cobalt нархидаги фарқлар 5-6 минг доллардан 4-5 минг долларгача, янги Damas нархидаги фарқлар эса 3-3,5 минг доллардан 2,5-3 минг долларгача пасайган. 2022 йилгача ишлаб чиқарилган автоомобиллар нархида ҳам 10 фоиз атрофида пасайиш тенденцияси мавжуд.

    Мазкур жараён уч омилга боғланмоқда.

    Биринчиси, августдаги қўшимча контрактация қилинган автомобиллар бозорга фаол олиб чиқилмоқда ва спекулянтлар ўз маржасини тезроқ олишга интилишмоқда. Шунингдек, нарх шаклланишида сентябрдаги контрактация учун тўлов амалга оширишга яна маблағ керак бўлаётгани ва октябрдан таклиф янада кўпайиши билан боғлиқ психологик босим ҳам юз бермоқда.

    Иккинчидан, августнинг 20- санасидан бошлаб банклар автокредит бериш талабларини анча қаттиқлаштиришди. Энди, айтайлик, дастлабки бадалсиз ёки кам бадал билан автокредит таклиф этилмаяпти. Сентябрдан бошлаб эса автокредитлар спекуляциясига шўнғиб кетган айрим банклар ўйиндан вақтинча чиқарилди. Табиийки, спекулянтлар банклардаги шерикларидан илгаригидек кенг кредит елкасини ола олишмайди. Кредит каналининг иккиламчи автомобиллар бозорига таъсири етарлича қисқарди.

    Учинчидан, пул ўтказмалари қисқараётгани ва нархлар долларда белгиланиши ҳам сезилмасдан қолаётгани йўқ. Одатда меҳнат мигрантлари кузга томон ўз пул ўтказмаларини каттагина қисмини улар томонидан баҳоргача "пул сақлаб турадиган" инвестиция деб кўриладиган автомобиль сотиб олишга йўналтиришади. Лекин бу мавсум вазият бирмунча мураккаб, мигрантларимизнинг долларда номинацияланган даромадлари ҳам, ўтказмалари ҳам камайиб бормоқда. Шу маънода пул ўтказмалари каналининг автомобиль бозорига таъсири ҳам сўниб бормоқда.