Илк қадам изчил қадамга айланмоғи керак

    Таълим 23 июн 2023 9193

    Боланинг таълим-тарбияси қанча эрта бошланса, шунча яхши самара беришини тадқиқотчи олимлар қатор мисоллар билан исботлашган. Бунда уч, беш ва етти ёшгача бўлган оралиқ босқичлар муҳим ўрин тутишини ва уларнинг бири кейингисига ўзига хос замин тайёрлашини ҳам таъкидлаб ўтишган. Бу босқичлар умумлашиб болани мактабга тайёрлаш деган мураккаб жараённи ташкил этади.

    Албатта, кичкинтойнинг биринчи синфга тайёр ҳолда бориши нафақат устозлар, балки ота-оналар, оила катталари зиммасидаги ўта масъулиятли вазифа дейиш мумкин. Мактабда болаларнинг таълимни яхши ўзлашириши эса кўп жиҳатдан мактабгача таълим ташкилотидаги таълим-тарбияга боғлиқ.

    Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотида 2 миллиондан ортиқ бола таълим-тарбия олаётган бўлса, 2022–2023 ўқув йилида уларнинг 563 331 нафари ҳар йилгидан ўзгача шукуҳ билан умумтаълим мактабларига кузатилди.

    Уларнинг 442 644 нафари давлат, 22 017 нафари давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат, 83 538 нафари оилавий ҳамда 15 132 нафари хусусий мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳисобланади.

    Тарбияланувчиларнинг мактаб даврига қўяётган илк қадамлари катта ҳаётга дебоча саналади. Ҳозирда болаларни мактабга тайёрлашда уларда ижтимоий муносабат ва кўникмаларни шакллантириш саъй-ҳаракатлар янада фаоллашган.

    Ўтган йиллар давомида юртимизнинг кўплаб ҳудудига таълим-тарбия учун барча шарт-шароитга эга автобуслар “кўчма боғча” шаклида қайта жиҳозланган ҳолда етказиб берилди. Бу ерда “Ақлвой”– мактабгача таълим мобиль гуруҳлари шакллантирилгани ҳам муҳим қадамлардан бўлди. Мактабгача таълимнинг ушбу муқобил инновацион шакли ўқув-тарбия хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш имконини берди.

    Қамров кўрсаткичи паст 156 та маҳалла фуқаролар йиғинида тайёрланган ўйин майдончаларида 7 мингга яқин болани қамраб оладиган, қайта жиҳозланган 72 та ана шундай “кўчма боғча” негизида 429 та мобиль гуруҳ шакллантирилди. Бу лойиҳа орқали шаҳар ва қишлоқда яшовчи болаларнинг тенг даражада таълим-тарбия олиши таъминланмоқда.

    Чекка ҳудудларгача етиб бориб, у ердаги ўғил-қизларнинг сифатли таълим-тарбия олишини таъминлашни кўзда тутувчи бу лойиҳа боғчага қамров даражасини ошириш ва болаларни мактабга сифатли тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Дидактик адабиётлар, махсус ишланган фильм ва кўрсатувлар кичкинтойларга сифатли таълим-тарбия беришда қўл келмоқда.

    Мактабгача таълим узлуксиз ўқитишнинг бошланғич қисми сифатида болада билим олишга иштиёқ уйғотади, уни тизимли ўқув жараёнига тайёрлаб боради. Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ва халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури болаларнинг бизни ўраб олган борлиқ нима, у қандай ривожланган, табиатда инсон қандай ўрин тутади, унинг онги қандай пайдо бўлади ва камол топади, жамиятнинг яралиш тарихи, инсоният турмуш даражасини қандай қилиб яхшилаш мумкин каби масалаларга қараши, муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Ўтган давр мобайнида жорий этилган амалиёт ҳамда халқаро хорижий тажрибадан келиб чиқиб, боланинг ёши ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда болага йўналтирилган ёндашув асосида “Илк қадам” давлат ўқув дастури такомиллаштирилди.

    Мазкур давлат ўқув дастури асосида 6 ёшли болаларни бошланғич таълимга бепул мажбурий тайёрлов гуруҳлари учун яратилган “Илм йўли” вариатив дастури ҳам кичик ёшдаги болаларни мактабга тайёрлашга хизмат қилиб келмоқда.

    Мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни “Илк қадам” давлат ўқув дастури, “Илм йўли” вариатив дастурларида тавсия этилган мавзулар асосида ҳудудий, миллий, маданий хусусиятлар ва бу жараёнда мактабгача таълим ташкилотининг имконияти ва ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиб келмоқда.

    Мактабгача таълим ташкилотида ривожлантирувчи муҳитни ташкил этишда болаларнинг ёши, индивидуал хусусиятлари ва эҳтиёжларини, шунингдек, минтақанинг маданий ва тарихий хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.

    Бугун МТТ йўлга қўйилган ривожлантирувчи муҳитда камида 5 та ривожланиш марказлари — қуриш-ясаш, конструкциялаш ва математика, сюжетли-ролли ўйинлар, саҳналаштириш, тил ва нутқ, фан ва табиат, санъат маркази фаолияти йўлга қўйилган.

    Болаларнинг интеллектуал салоҳияти, ижодкорлиги, яратувчанлик қобилияти, мантиқий тафаккури ривожлантирилишида мазкур марказларнинг ўрни алоҳида. Масалан, “Қуриш-ясаш, конструкциялаш ва математика” марказида бола ижод қилиб, ўз ғоя ва тасаввурига таянган ҳолда, мавзуга мос тарзда янгилик яратса, “Санъат” марказида айнан шу ясаган буюмни тасвирлаб, чизади. “Тил ва нутқ” марказида эса ясалган ва яратилган нарса, буюмнинг табиатдаги аҳамияти, унинг ўрни, фойдали томонлари, жонли ёки жонсиз табиатга тааллуқли экани ҳақида сўзлаб бериши мумкин.

    Ривожланиш марказларида тарбияланувчиларнинг онги, дунёқарашини ўстириш, уларни таълим жараёнида эркин фикрлайдиган ва эркин иштирокчига айлантириш ниҳоятда муҳимдир. Тарбиячи таълим жараёнида бошқарувчи, болалар эса иштирокчига айланади. Ана шу вазифани уддалашда инновацион фаолият устунлиги кўп қиррали самара келтирмоқда.

    Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш, мустаҳкамлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.

    Бунда, боланинг турли эҳтиёжларини, жумладан, ҳаракатга бўлган эҳтиёжини қондириш, фаол ўйинлар ва кундалик жисмоний машқлар орқали болалар ўзларининг ҳис-туйғуларини, йирик ва майда моторика кўникмаларини ривожлантириш, атроф-оламни ўрганиш ва турли предметларни бошқариш, ўз танасининг таъсир ва имкониятларини фарқлай олиш, унга ғамхўрлик қилишни ва соғлом турмуш тарзини қабул қилиш каби илк тушунчаларга эга бўлишларига асосий эътибор қаратилмоқда.

    Бугунги кунда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Келгусида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун юртимизнинг барча ҳудудида болаларни умумий бошланғич таълимга бепул мажбурий бир йиллик тайёрлашни жорий этишда қисқа муддатли “Плей-гуруҳ”лар, мактабгача ёшдаги болаларга уйига бориб мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш дастури “Нome visits” каби муқобил шаклларини жорий этиш ва ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

    Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугунги кун аудиториялари ўн йил аввалгиларидан жуда катта фарқ қилади. Мактабгача таълим ташкилотлари компьютерлар ва бошқа турдаги таълим технологиялари билан босқичма-босқич жиҳозланмоқда. Бундай рақамли муҳитга эга бўлиш ва у билан доимий ўзаро муносабат натижасида кичкинтойларнинг фикрлаши, ахборотларни қабул қилиш ва ўзлаштириш, фикр юритиш олдингисидан тубдан фарқ қилмоқда.

    Рақамли авлод кичкинтойларига эскича услубда таълим-тарбия бериш мумкин эмас ва бўлмаслиги ҳам керак. Бу авлоднинг жажжи вакилларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган инновацион таълим технологиялари ва дидактик моделларни оммавий ва самарали қўллаш орқали таълим тизимини мослаштириш зарур.

    Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланиши, таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш, замонавий ва сифатли таълим бериш орқали тизимни изчил такомиллаштириш кун тартибидан тушмайдиган муҳим вазифага айланмоғи шарт.

    Норой СОАТОВА,

    Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳузуридаги

    Мактабгача таълим агентлигининг бош мутахассиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates