Мазкур масала юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.
Болалар омбудсманига кўра, Поп туманида яшовчи аёл фарзандини вақтинча парвариш учун бошқа бир аёлга (тарбиячига) қолдирган. Бир неча соатдан сўнг болани олишга келганида, унинг оёғи куйганини аниқлаган.
Шундан сўнг, аёл фарзандини шифокорга олиб борганда, болага айни куйган пайти зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилмагани аниқланган. Шу туфайли она ва тарбиячи ўртасида низо юзага келган.
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг хабар беришича, Поп тумани, «Боғ» МФЙ ҳудудида фуқаро С.Фазлиддинова томонидан уйида ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан ва лицензиясиз таълим — тарбия фаолияти билан шуғулланган.
Ҳар икки ташкилот ҳам ушбу ноқонуний мактабгача таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга барча ҳужжатлар тақдим этилганлиги билдирилди.