Илм-фанга асосланган иқтисодиёт

    Мазкур илмий-технологик муаммолар асосида 189 дан ортиқ магистрлик, 70 дан ортиқ докторлик диссертациялари устида илмий изланишлар олиб борилди.

    Янги аср остонасига қадам қўйган даврда одамлари замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан аввалига, ҳайратга тушган бўлса, бугун ўша “сунъий интеллект” билан тенг ҳаракатланишга, унинг ёрдамида янгидан-янги ишларни рўёбга чиқаришга интилмоқда. Давлатларнинг куч-қудрати эса, уларда “рақамли иқтисодиёт”нинг нечоғлик ривожлангани билан белгиланяпти.

    Шундай шароитда мамлакатимизда илғор ахборот технологияларини ҳамма соҳаларда фаол қўллаш, қўллаганда ҳам шунчаки эмас, балки ҳар бир жараёнда илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштиришга қаратилаётгани бугунги эришаётган юқори натижаларимизга асос бўляпти. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бораётган “рақамли иқтисодиёт” одамлар турмуш шароитини енгиллаштириши баробарида, катта-катта инновацион ишланмалар, истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда.

    Бугун иқтисодиётимизга ана шундай илғор технологиялар соҳасида чуқур билим ва малакага эга, улардан самарали фойдалана оладиган замонавий мутахассислар зарур. Бунинг учун Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртларида йирик илмий-тадқиқот марказлари ҳам бўлиши лозим. Зеро, университетлар талабаларга замонавий таҳсил бериш баробарида уларни илмий тадқиқотларга жалб қилиш, илмий фаолият олиб боришлари, йирик лойиҳаларни амалга оширишлари учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб бериши зарур.

    Бу борада узоқ йиллар давомида мудроқ ҳолатда бўлган кўплаб олий ўқув юртлари сўнгги йилларда янгича ҳаёт тарзи билан бирга уйғонди, ён-атрофида кечаётган ислоҳотларга мос, янги Ўзбекистонга хос фаолият кўрсатишга ўта бошлади. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ҳам илмий-тадқиқот ишларни янада ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, илм-фаннинг таълим амалиёти билан мустаҳкам алоқасини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг илмий-технологик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган амалий-илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни яратиш ва жорий этиш фаоллашди. Янги, замонавий илмий лабораториялар ташкил этиш, улардан самарали фойдаланиш, иқтидорли талаба-ёшлар сафини кенгайтириш, бўлажак олимларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенгроқ жалб этиш бўйича тизимли режалар ишлаб чиқилиб, улар изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу жараёнларга биринчилар қаторида университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари бош-қош бўлгани ҳолда, билимга чанқоқ, иқтидорли ёшларни атрофига бирлаштириб, уларга амалий йўл-йўриқлар кўрсатаётгани алоҳида эътиборга молик.

    Айни пайтда олий таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган 18 та илмий-тадқиқот ва инновация марказида профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, ёш олимлар ҳамда иқтидорли талабалар республикамиз иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларининг илмий-техник ривожланишига хизмат қиладиган устувор йўналишларда инновацион илмий-тадқиқот ишларини олиб боряпти.

    Университетда таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ташкил этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни иш ўринлари билан таъминлаш, бунда айниқса, ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқаларни кучайтириш мақсадида 7 та илмий-техник кенгашнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бугунга қадар тармоқ ишлаб чиқариш корхоналари билан 135 дан ортиқ инновацион корпоратив ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, университетда уларнинг 746 тадан ортиқ илмий-технологик муаммолари базаси ташкил этилди. Талабалар томонидан мазкур илмий-технологик муаммолар асосида 189 дан ортиқ магистрлик, 70 дан ортиқ докторлик диссертациялари устида илмий изланишлар олиб борилди. Икки томон ўртасида яратилган ўзаро ҳамкорлик манфаатли лойиҳалар, яхши ғояларга йўл очди. Бу жараёнда университет олимлари саъй-ҳаракати билан 200 га яқин ишланмадан иборат каталог яратилди. Улар компакт дискларга жойлаштирилиб, корхона ва ташкилотларга электрон шаклда тақдим этилди.

    Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айни кунда олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Олиб борилган тизимли ишлар натижасида университет профессор-ўқитувчиларининг халқаро Scopus маълумотлар базасига кирган журналларда чоп этилган мақолалари 2018 йилга (31 та) нисбатан 2020 йилда (335 та) 11 мартага ошди. Илмий фаолиятимизнинг кўрсаткичи сифатида халқаро QS ташкилоти томонидан 2021 йил учун “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари” учун эълон қилинган рейтингда Тошкент давлат техника университети (358) Ўзбекистон бўйича 3 ўринда қайд этилди.

    Истиқболли ғоя — муваффақият калити

    Инновацион ғоя, аниқ мақсадларга йўналтирилган илмий ишланмалар шунчаки қоғозда қолиб кетмайди. Албатта, ишлаб чиқариш жараёнларига йўналтирилиб, ҳаётга татбиқ этилади. Техника университетида ўтган йили 21 та мавзуда қиймати 2 418,71 миллион сўмлик хўжалик шартномалари асосида илмий-тадқиқот ишлари бажарилди. Навоий кон-металлургия комбинати билан қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 3 та, Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан қиймати 280 миллион сўмлик 1 та, “Ўзбекнефтегаз” АЖ билан қиймати 102 миллион сўмлик 2 та, “Uz truck & Bus Man” корхонаси билан қиймати 40 миллион сўмлик 1 та, “Қизилқумгеология” корхонаси билан қиймати 600 миллион сўмлик 1 та лойиҳа ва бошқа корхоналарда қатор илмий ишлар тижоратлаштирилмоқда.

    2020 йил 3 декабрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент давлат техника университети олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги корхоналари буюртмалари асосида мавжуд технологиялар доирасида энергия тежамкорликни таъминлаш нуқтаи-назаридан жараёнларни оптималлаштириш ҳамда “Муборак”, “Шўртан” ва “Газли” нефть-газ конларида йўлдош газларда ишловчи кичик қувватли иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйиляпти. Бу борада 14 та лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар берилди.

    Бугунги кунда университет кафедраларида олиб борилаётган умумий қиймати 20,543 миллиард сўмлик 45 та инновацион илмий-тадқиқот ишларининг маълумотлар банки яратилган. Шу билан бирга, йирик саноат корхоналаридаги республикамиз иқтисодиётининг истиқболли технологик ривожланишининг техник ва ташкилий муаммоларини қамраб олган 63 та инновацион лойиҳанинг рўйхати шакллантирилган.

    Олий ўқув юртида ташкил этилган “Ғоя-ташаббус-имконият” инновацион клубида бўлажак олимлар таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали платформа яратилди. Унда университет ёш олимлари ва талабаларининг илмий ғоялари асосида ишлаб чиқилган 59 та стартап лойиҳа танлаб олиниб, шулардан кафедраларда фаолият олиб бораётган инновацион гуруҳларда яратилган 23 та ҳамда 12 та стартап лойиҳалалар ишлаб чиқариш учун тайёр ҳолатга келтирилди. Акселерация босқичидан ўтказилган 15 та ва бошқа яна 20 дан ортиқ стартап лойиҳа устида эса изланиш ишлари давом этмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун 14 миллиард 750 миллион сўм маблағ зарур бўлиб, бунинг натижасида 780 та янги иш ўрни яратиш мумкин бўлади.

    Ихтирога айланаётган лойиҳалар

    Жаҳон тажрибасига назар ташласак, бугунги кунда барча тармоқлар қатори олий ўқув юртлари ҳам рақамлашиб бормоқда. Талабаларнинг стартап лойиҳаси асосида яратилган “QR-book” рақамли кутубхона “Рақамли университет” тизимига қўйилган илк қадамлардан бўлди. Мазкур тизим рақамли картотека ва статистик маълумотларни жамлаш имконига эга махсус “Avtolib” автоматлаштирилган дастуридан иборат.

    Замонавий рақамли кутубхона тизими университетда синовдан ўтказилиб, ахборот–ресурс марказида тест режимида ишга туширилди. Шунингдек, у кўп сонда ишлаб чиқарилиб, республикамиздаги бошқа олий ўқув юртларига ҳам етказиб берилди. Ҳозирги пайтда тизим базасига киритилган 4 мингдан ортиқ электрон ўқув адабиётларидан талабалар фаол фойдаланмоқда. Айниқса, пандемия шароитида жорий этилган масофадан ўқитиш жараёнларида бу тизим ёшларнинг ўқув адабиётларидан фойдаланиш имкониятларини оширяпти, десак муболаға бўлмайди.

    Илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, уларнинг ютуқларини юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотга айлантириш жараёнида интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, интелектуал мулк улуши Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45, Хитойда 12, Россияда 7 фоизини ташкил этади. 2020 йилнинг 12 октябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилиш ҳам “Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш – Учинчи уйғониш даври учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади” мавзусига бағишланган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари патент эгалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

    Бу йўналишдаги ўзгаришлар, янгиликлар олимларни янгидан-янги ихтиролар қилишга ундаяпти. Ўтган йили ТошДТУ профессор-ўқитувчилари ва олимлари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари бўйича 26 та ихтиро ва фойдали модель учун патент ва 67 та ЭҲМ учун дастурга гувоҳномалар олинган. Интеллектуал мулк объектларига патент бериш учун қўшимча 14 та ижобий хулоса берилиб, 85 та талабнома Интеллектуал мулк агентлигига топширилган.

    Бу борадаги янгиликлардан яна бири сифатида тижоратлаштириш ва илмий лойиҳалар учун бизнес инкубатор яратиш мақсадида университет негизида илмий-амалий ва ишлаб чиқариш “Технопарк”ининг барпо этилаётганини келтириш мумкин. 2020 йил 26 октябрь куни Президентимиз Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиши чоғида мазкур “Технопарк”ни барпо этиш лойиҳаси ҳам тақдим этилган эди. Айни пайтда университетда “Робототехника ва мехатроника”, “IT-технологиялари”, “Муқобил энергетика” ва “Биотехнология” йўналишларида бажарилаётган инновацион лойиҳалар асосида тегишли кафедралар томонидан замонавий технопаркда ташкил этиладиган ўқув, амалиёт, ишлаб чиқариш хоналари ва уларда ўрнатиладиган ускуналар ҳамда жихозлар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди.

    Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси университетда нафақат билим олиш, балки ўз салоҳиятини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ эта оладиган, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ёшларни тарбиялашга қаратилган. Бундай рағбат, хайрли ишлардан олий ўқув юртида 30 та ихтисослик бўйича фаолият олиб бораётган 154 нафар таянч докторант ва докторантлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Уларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишлари учун моддий шарт-шароитлар яратиш ҳамда меҳнат фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида муҳим илмий ютуқларга эришган 15 нафар докторант ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотида тадқиқот ишларини давом эттирмоқда.

    Университетда ишлаб чиқариш соҳасидаги малакали мутахассислардан 76 нафари дарс жараёнларига, 48 нафари битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик ҳамда маслаҳатчиликка жалб этилди.

    Ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий тадқиқот институтларида университет мутахассислик кафедраларининг 52 та филиали ташкил этилиб, дарс жараёнлари йўлга қўйилди. Охирги 3 йилда республикадаги ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий тадқиқот институтларининг 790 дан ортиқ илмий-технологик муаммолари базаси яратилиб, улар асосида йўлга қўйилган 1024 дан ортиқ битирув малакавий ишлари ва 70 дан ортиқ магистрлик диссертациялари устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

    Ҳар йили университетни давлат гранти ва тўлов шартномаси асосида тамомлаган битирувчиларнинг 80 фоизи республикамиздаги ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтларида ўз фаолиятини олиб боради. Энг яхши анъаналарни давом эттираётган бундай ёшлар, шубҳасиз, келажагимиз пойдевори, мамлакатимиз тараққиётининг етакчи кучи, Учинчи Ренесанс бунёдкорларидир. Улар яратаётган ихтиро, кашфиётлар эса иқтисодиётимиз тараққиётига, Ватанимиз илмий салоҳиятининг дунёдаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

    Садриддин ТУРОБЖОНОВ,

    Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника

    университети ректори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates