Тун яримлаб қолганда Telegram манзилимга овозли хабар келди. Аудио форматда ёзилган интервьюни эртага қолдиргим келмади. Ҳамма ором олаётганда менга хабар юборган инсоннинг чамаси ярим соатлик хотиралари, асримиз олими тўғрисидаги содда, бироқ таъсирли ёдномаси қалбимни ёритди. Қаршимдаги овоз соҳибаси — Гулруҳ, шошилмасдан, дона-дона сўзларди. Бу самимий овозда катта бир илмий сулоланинг ўтмиш хотиралари, бобо ва набира ўртасидаги мустаҳкам ришта яширин эди...
“Мен шифокорман. Қийин ва масъулиятли соҳани танлаганимни биламан. Баъзида ўзимни бобом бошлаган ва поёнига етмай қолган сафарда эканлигимни ҳис қиламан. У киши мен учун нафақат катта оила йўлбошчиси, балки илм деган буюк неъматнинг бош муҳандиси эди”, — дейди травматология ва ортопедия соҳасининг ёш, истиқболли олимаси Гулруҳ Умарова.
Академик Шаҳоб Ҳамроев — Ўзбекистон ортопедиясидаги улуғ мактаб асосчиси, юзлаб ёшларнинг, илм софидаги садоқатли шогирдларнинг устози. У киши насиҳатлари билан уларни йўлга солган, ҳам дардга малҳам, ҳам илмга нур бўлган инсон. У фақат дарс эмас, тарбия ҳам берарди. Илмни шижоат билан эгаллаш, инсон дардини ўзининг дардидек ҳис этиш — шифокор учун муҳим тушунча эди.
Гулруҳ Умарова эса ана шу мактабнинг нафақат биологик, балки маънавий давомчисидир. У ёшлигини эслаб шундай дейди: “Илмга меҳрим операция хонасидан бошланган...”
Эрта тонг. Жарроҳлик операцияси бошланиш арафасида. Бир инсон ҳаёт билан олишаётган хонада ҳамма нарса сукунатда гўё, фақат яшашдан умиди бор бир юракнинг сўзсиз хонишини эшитасиз. Жарроҳлик хонасига табассум ва хушчаклик билан барчага далда берган охангда академик Шаҳоб Шамсиевич Ҳамроев: “Ассалому алайкум, болаларим, кайфиятингиз қандай?” деб кирадилар. Беморга табассум билан: “Тайёрмисиз?”, деб, яна бир бор операция бўладиган аъзони кўрикдан ўтказадилар. Кичик бир ишора билан барчанинг кўнгли кўтарилган ҳолда жараён бошланади. Ҳар бир асбоб, ҳар бир ишора шифо учун курашади. Қалб шифоси эса — жиддийлик, аниқлик ва масъулиятдан бошланади.
Аммо устознинг хушчакчаклиги, табассумлари, дадил ва тетик овозлари ҳар бир ҳаракатдаги ўзларига ишонч, беморнинг кўнглини хотиржам қиларди, атрофдаги шогирдларга эса далда ва ўрнак бўлди. Шифокорнинг сўзлари ҳам малҳам.
Айни пайтда бурчакда турган ёш қиз — Гулруҳ. Бугун санитар (талаба) қизнинг тиббиётдаги илк амалиёт куни. Қўлида асбоб, кўзида қўрқув, қизиқиш ва ҳурмат билан докторларнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатарди. Бу оддий санитарлик эмасди — бу илм мактабининг биринчи синови эди.
“Бобом — академик Шаҳоб Ҳамроев ўз қўли билан мени амалиёт хонасига олиб кирди. ‘Санитарликдан бошла’, дедилар. (Бобом юмшоқ сўзлар эзарди, шу сабаб: ‘Олдин санитарга ёрдам берасан, кейин ҳамширага, агар уддаласанг, кейин стол олдига келасан, қизим’, деб елкамни силаб қўйдилар). Бу сўзларнинг ортида жиддий маъно борлигини кейинроқ англадим”, — дейди остеопороз бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган PhD ва амалиётчи шифокор Гулруҳ Умарова.
Академик Ҳамроевнинг тарбия услуби — меҳр билан қатъиятни уйғунлаштириш эди. У киши билимни ҳам иноят, ҳам синов орқали берарди. Ҳар бир талаба аввал қадрни ҳис этиши, кичик вазифада ўзини синаб кўриб, кейин юксак масъулиятга тайёр бўлиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирарди.
“Операция вақтида бобом жиддий, ҳатто қаттиққўл эдилар. Мендан ҳам қатъият ва тартиб талаб қилардилар. Лекин шу қатъият ортида касбига муҳаббат бор эди. У киши билиб туриб, мени ҳар куни синовга солардилар. Ҳар бир нарсани эътибор билан бажаришимни истардилар. Бир кун: ‘Санитар бўлиб ҳақиқий шифокор қандай бўлишини ўрганасан, болам’, дедилар. Ана шу кундан бошлаб менда ғурур уйғонди. Илмга нисбатан муносабатим ўзгарди. Бу шунчаки касб эмас, шижоат ва масъулият мактабидир”, — дейди Гулруҳ.
“Бешинчи курсда эдим. Бобом мени амалиёт хонасига санитар қилиб олиб кирдилар. ‘Бу менинг набирам, уддаласа, қадамма-қадам ўсади’, дедилар. Бу синовлар, бу қаттиққўллик мен учун сабоқлар мактабига айланди. Бобомнинг қўллари билан операция қилганини кўрган, оғриқ билан келган бемор билан бирга дард чекканини ҳис этган йилларим кўп бўлди. Ҳар бир бемор, ҳар бир меҳмон (шогирд) уйимизда бобомнинг азиз меҳмони бўларди.”
Бугунги кунда Гулруҳ Умарова PhD даражасига эга бўлиб, остеопороз каби мураккаб касалликларга қарши илмий ечимлар изламоқда. У яратган алгоритм ва ускуналар нафақат Тошкентда, балки Бухорода ҳам амалиётга жорий этилган. Бунинг ўзиёқ илм сулоласининг ирмоғи ҳамон оқиб турганидан далолат беради.
Ана шундай ирмоқ — бобо қолдирган йўлдан равон оқиб, жамиятга манфаат келтираётган йўналишдир. Гулруҳнинг “илмни қадрлаш — хотирани эҳтиром қилиш” шиори уни ҳар куни илгари интиладиган, бемалол устоз сифатида шогирд тарбиялайдиган инсонга айлантирди.
Тошкент тиббиёт академиясида академик Шаҳоб Ҳамроев хотирасига бағишланган ҳафталик якунланди. Ҳафталик давомида олим илми кенг тарғиб этилди. Бу жараёнда академикнинг набираси Гулруҳ — катта сулола яратган мактабнинг илм элчиси сифатида иштирок этди.
Ҳақиқатан ҳам, буюк олимлар кўпинча талабага эрк беришдан кўра, уни қаттиқроқ ушлашни маъқул кўрадилар. Чунки улар учун илм — юкдир. Уни кўтара оладиганларгина илм аҳли сафидан жой олади. Бундай тарбия услуби орқали академик Шаҳоб Ҳамроев шогирдларида ирода, садоқат ва жавобгарликни шакллантирган. Гулруҳ — ана шундай тарбия мактабида етишган авлод вакилидир.
Бугун у ўз лабораториясида остеопороз касаллигини аниқлаш учун маҳаллий шароитга мослаштирилган алгоритмлар устида иш олиб бормоқда. Унинг ишланмалари Бухоро ва Тошкентдаги клиникаларда амалиётга жорий қилинган. Бу шунчаки натижа эмас — бу сулола давомида олиб келинаётган илм нуридир.
Жорий йил Тошкент тиббиёт академиясида академик Шаҳоб Ҳамроев хотирасига бағишланган ҳафталик бўлиб ўтди. Унда илмий-маърифий тадбирлар, устоз ҳақидаги хотиралар, ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Ана шу тадбирда олимнинг фарзандлари — Гулчеҳра, Алишер, Бахтиёр Ҳамроевлар ва набираси Гулруҳ Умарова ҳам иштирок этди.
Очерк ниҳоясида бир нарсани алоҳида таъкидлашни лозим топдим: академик Ҳамроев ҳаёти — илмга бағишланган, меҳр ва садоқатга суянган ҳаёт эди. Ҳафталик доирасида берилган мақолалар, академик ҳақидаги ёдномалар унинг хотираси нафақат китобларда, балки Гулруҳ сингари набира шогирдлари, фарзандлари — Гулчеҳра, Алишер, Бахтиёр ва яқин қадрдони янглиғ беморлари ҳаётида, уларнинг ҳар бир амалиёти, сўзи ва эзгу ниятида яшамоқда.
Назаримда, бундай олий мақсад билан яшаб ўтган олимлар ҳаётдан шунчаки кетмайдилар, аксинча шу эл одамлари қалбида абадий қоладилар.
Doktor reporter klubi лойиҳаси доирасидаги Шаҳоб Ҳамроев ҳафталиги якунланди, аммо у бошлаб берган нурли йўлнинг сафари тугамади.
Гулруҳ Умарова каби илм йўлига, инсон дардига садоқат билан қарайдиган авлодлар бор экан, боболар маслаги йўқолмайди. Илм сулоласининг ирмоғи — шижоат ва меҳр билан оқиб, ҳар бир дардга шифо, ҳар бир қалбга умид олиб кираверади...
ТДТУ матбуот котиби Гулчеҳра Мирзаева суҳбатлашди.