Имконияти чекланган инсонлар учун имконият чекланмаслиги керак

    Ижтимоий ҳаёт 3 декабр 2020 14978

    Дунё жамиятида имконияти чекланган бўлишига қарамай, турли соҳаларда улкан чўққиларни забт этган инсонлар кам эмас. Юксак диний мақомларга эришган ёки спортчи, машхур санъаткор, ҳатто сиёсий етакчи бўлган шахслар ҳам талайгина.

    Буларнинг барчаси ички оламнинг – қалб ва руҳнинг саломатлигида. Юртимизда ҳам мана шундай инсонлар учун қулай шарт-шароитлар, бепул ва сифатли таълим олиш учун имкониятлар мавжуд. Шунга қарамай, ечимсиз муаммолар ҳам борки, уларни нафақат 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунида, балки мунтазам равишда таъкидласак ҳам баъзан камлик қиладигандай назаримизда.

    Истеъдодсиз инсон йўқ, фақат буни сезмайдиганлар бор, деган экан дунё олимларидан бири. Андижон вилояти, Хўжаобод туманида яшовчи Миродил Болтабоев исмли имконияти чекланган инсоннинг спортга, тасвирий санъатга бўлган қизиқиши кўпчилик қатори мени ҳам ҳамиша ҳайратга солади. Негаки бу инсоннинг оёқлари ҳам, қўллари ҳам ишламайди! Оғзи билан расм чизади ва шаҳмат ўйнайди. Оила аъзоларининг айтишича, болалигида чизган суратлари ҳатто бир нечта танловларда ғолибликни ҳам қўлга киритган. Аммо бу инсонни жамиятда анча йиллардан буён ҳеч қандай танлов ва тадбирларга чақирмай қўйишган. Балки улғайгани боис дерсиз. Аммо улғайиш истеъдод ва меҳнатнинг якунига етганини англатмайди-ку? Зотан имконияти чекланган инсонлар учун имкониятлар чекланмаслиги керак эмасми?

    Маълумотларнинг қайд этишича, ўткан йил ҳолатига кўра, юртимизда 710 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Улар юртимизнинг турли ҳудудларида, турли шароитларда яшайдилар. Энг ачинарлиси, уларнинг атиги 10%и олий маълумотли. Таълим билан қамраб олинмаган ногирон ёшлар қанча… Умуман, тизимга ичкари кириб борсангиз, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

    • Бу йилги натижаларга кўра, мактабимизни тамомлаган 18 та ўқувчидан 9 таси турли университетларга ўқишга кирди. – дейди Абдулбосид Абдураҳмонов, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир шаҳарчаси 16-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернати немис тили ўқитувчиси. – Сабаби бизда ўқувчи сони кам. Аммо шу турдаги бошқа мактабларга қараганда бу яхши натижа. Ўқув даргоҳимизда таълим олувчиларнинг барчаси 24 соат мобайнида назорат остида бўлади. Нафақат билим олиши, балки саломатлиги, тартиб-интизоми, қўшимча тўгараклар билан вақтларнинг тақсимланиши – барчаси тизимли назорат қилиб борилади.

    Шунга қарамай, яна бир фикрни айтиб ўтишим жоиз. Нафақат менда, кўзи ожиз болаларни ўқитувчи барча педагогларда учрайдиган муаммо бу – брайл алифбосидаги дарсликларнинг етишмаслиги. Немис тилини брайл алифбосида ўқитиш дастури ишлаб чиқилишини истар эдик. Шунингдек, болалар нафақат инглиз тилини, балки қўшимча хорижий тил сифатида 5-синфдан немис, француз, испан ёки бошқа тилларни ўзлаштиришига ҳам эътибор қаратилса келажакда шу тил мутахассисларининг етишиб чиқишига пойдевор яратган бўлар эдик.

    Жаҳон тарихига назар солсак, дунёнинг машхур бастакори Бетховен туғма ожиз бўлган, АҚШнинг тўрт марта президенти этиб сайланган Франклин Рузвельт эса болалар фалажи касаллигини бошидан ўтказган. Машхур инглиз ёзувчиси Жон Милтон 43 ёшида кўзлари ожиз бўлиб қолган ва шунга қарамай ўзининг шоҳ асари – “Йўқолган жаннат”ни яратган. Умуман бу каби мисолларни санасак адоғи йўқ. Ҳаммаси аввало инсоннинг ўзига боғлиқ дейсиз, тўғри. Аммо ҳамма нарсанинг шаклланиши ва ривожланиши жамиятдаги муҳитга ҳам бир қадар боғлиқ. Нафақат таълим тизимида тифлопедагогика (кўр ва заиф кўрувчиларни ўқитиш), сурдопедагогика (кар ёки заиф эшитувчи болаларни ўқитиш) ва олигофренопедагогика (ақли заиф болаларни ўқитиш) соҳаларда малакали кадрларни етиштиришга жиддий эътибор қаратиш лозим, балки имконияти чекланган инсонларнинг ўзларидан ҳам маълум соҳаларда етук кадр бўлиб етишишига, фаолият юритишига кўмак бериш керак. Ана шунда биз ҳам жаҳонга ўрнак бўламиз. Шундай эмасми?

    Юлдуз ЎРМОНОВА