Имом Бухорий кимлардан сабоқ олган?

    Буюк муҳаддис яна бир манбада ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилганини эътироф этиб, бу ҳақда: “Мен мингдан кўп кишидан ҳадис ёзиб олдим”, деган.

    Имом Бухорий ҳаёти ва илмий-маънавий меросини тадқиқ этишда у кишининг устозларини ўрганиш ҳам фойдали. Тарихчилар манбаларда Имом Бухорийнинг устозлари сони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб ўтган. Жумладан, тарихчи Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, Имом Бухорий суҳбатларнинг бирида “Бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман”, деб айтган. Х асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда Исфаҳоний (922–1005) Имом Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар битиб, алифбо тартибида уларни номма-ном келтирган.

    Имом Бухорий ёшлигидан илм ва ҳадис талабида жуда кўп сафар қилган. Табиийки, сафарлар у кишининг устозлари сафи кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Буюк муҳаддис яна бир манбада ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз-шайхдан ҳадис ривоят қилганини эътироф этиб, бу ҳақда: “Мен мингдан кўп кишидан ҳадис ёзиб олдим”, деган.

    Дастлаб Имом Бухорийга Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Иброҳим ибн Ашъас таълим берган. Улар туфайли аллома ўн олти ёшга етмай кўп ҳадисларни ўзлаштирган. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг китобларини ёд олган. Шу палладан Бухорийнинг ноёб қобилияти ва зукколиги кўпчилик уламолар томонидан юксак баҳолана бошлади.

    Буюк муҳаддис ўн олти ёшга етгач, онаси ва акаси билан ҳаж сафарига чиқди. 825 йили Маккаи мукаррамага борди. Ҳаж ибодатини адо этгандан кейин онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди. У ерда Абу Валид ибн Арзақий, Абдуллоҳ ибн Язид Муқрий, Исмоил ибн Солим Соиғ, Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдийдан ҳадис илми бўйича сабоқ олди. Бир муддат яшагандан кейин Мадинаи мунаввара томон йўл олди. 827 йилда у ерга бориб, Иброҳим ибн Мунзир, Муторриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий, Яҳё ибн Қазаа каби машҳур уламолардан дарс олди.

    Бундан ташқари, Шом, Бухоро, Марв, Балх, Ҳирот, Найсобур, Рай, Бағдод, Басра, Восит, Куфа, Миср ва Жазира каби шаҳарларга сафар қилиб, машҳур муҳаддислардан ҳадис ўрганди.

    Имом Бухорийнинг муҳаддис табақалари бўйича ҳам устозлари кўп. Бу ҳақда Абулфазл Мақдисий ва бошқа уламолар бундай деган: “Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”да келтирган ҳадисларни беш табақа устозларидан олган.

    Биринчи табақа: Имом Бухорий билан ҳадисни ривоят қилувчи тобеин орасида фақат бир ривоятчи бор, холос. Улардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдир. Имом Бухорий у орқали Ҳумайддан, у Анасдан ривоят қилган.

    Маккий ибн Иброҳим ва Абу Осим Нубайл ҳам биринчи табақага киради. Имом Бухорий улар орқали Язийд ибн Абу Убайддан, у Салама ибн Аквадан ривоят қилган.

    Улардан яна бири Убайдуллоҳ ибн Мусодир. Имом Бухорий у орқали Маъруфдан, у эса Абу Туфайл ва Алидан ривоят қилган.

    Иккинчи табақа: Тобеинлардан ҳадис олган мужтаҳид имомлардан ривоят қилувчи кишилар. Улар қуйидагилар:

    Ҳижозликлардан – Ибн Журайж, Молик, Ибн Абу Зиъб, Ибн Уяйна.

    Шомликлардан – Шуайб, Авзоий ва иккисининг табақасидагилар.

    Ироқликлардан – Саврий, Шўъба, Ҳаммод, Абу Авона, Ҳаммод.

    Мисрликлардан – Лайс, Яъқуб ибн Абдурроҳман ва бошқа жуда ҳам кўп кишилар.

    Учинчи табақа: Имом Бухорий ўзларини кўрган бўлса ҳам улардан ҳадис эшитмаган кишилар. Бу табақага Язид ибн Ҳорун ва Абдурраззоқ мисол бўлади.

    Тўртинчи табақа: Имом Бухорийнинг тенгдошлари бўлиб, улар орқали ўз устозларининг ривоятларини олган. Буларга Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис мисол бўлади.

    Бешинчи табақа: Санадни билишда, ёш, вафот ва маърифатда Имом Бухорийдан кейин турадиган кишилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий ва Ҳусайн Қаббоний мисол бўлади. Мақдисийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзлари: “Муҳаддис токи ўзидан юқори, ўзи тенги ва ўзидан кичиклардан ривоят қилмагунча комил бўла олмайди”, деган.

    Имом Бухорийнинг ушбу сўзидан маълум бўладики, инсон устознинг ёши катта ё кичиклигига қарамасдан ундаги илмни олмоғи ҳар бир кишидан талаб қилинадиган зарур ишдир. Бу ўринда келтирилган маълумотларда буюк аллома ҳадис эшитган ровийларнинг бир қисмигина келтирилди, холос. Айтилганидек, уларнинг умумий сони мингдан ошади. Бу эса буюк муҳаддис ҳадис илмига, ҳадис ёзиб қолдиришга қанчалар катта масъулият билан ёндашганидан далолат беради.

    Отабек БАҲРИЕВ,

    Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

    илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates