Инфляцион таргетлаш

    “Target” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, “мақсад” деган маънони ифода этади. Инфляцион таргетлаш режимида унинг мақсадли кўрсаткичи (таргет) ўрнатилади

    Назарий жиҳатдан қаралганда,инфляция ўзида мамлакатдаги товар ва хизматлар баҳоси умумий даражасининг ўсишини ифода этади. Бунда унинг асосий кўрсаткичи истеъмол нархларининг маълум бир даврдаги ўзгариши ҳисобланади.

    — Инфляция, бу фақатгина товарлар ва хизматлар нархининг ўсиши ҳамда аҳоли даромадларининг камайишини ифодаловчи кўрсаткич эмас, — деган эди матбуот анжуманларидан бирида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов. — Бу — кенг маънодаги иқтисодий жараён ҳисобланади. Шу боис улар бир-бири билан бевосита боғлиқ ва ўзаро бир-бирига таъсир қилади.

    Юқори инфляция шароити тадбиркорлар учун ҳам яхши эмас, улар ҳам ўз бизнес фаолиятларини 2-3 йил олдинга режа қила олмайди, бугунги кун билан яшайди. Иқтисодиётда жамғармалар ошмайди ва бу келгусида инвестицияларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

    Инфляциянинг муқобил даражаси инвесторлар учун ҳам жуда муҳим. Одатда, улар инвестиция киритмоқчи бўлган мамлакатдаги инфляция даражасини кузатиб боради ва унинг яқин орадаги даражасини кўз олдига келтира олгач, ўз сармоясини олиб киришга ҳаракат қилади.

    Маълумки, 2022 йил якуни билан юртимизда инфляция 12,3 фоизни ташкил этди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинмоқда.

    Президентимиз ҳузурида 2023 йилнинг 7 февраль куни жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда шундай рақамлар келтирилар экан, бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни “даладан дастурхонгача” етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиш, аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Мамлакатимизда инфляцияни жиловлаш ва пасайтиришга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар қўллаб келинади. Хусусан, Президентимиз топшириғи асосида 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун 2 йилдан ортиқ тайёргарлик кўрилди. Марказий банкнинг таркибий тузилмаси қайта кўриб чиқилди, янги департаментлар ташкил қилинди, макроиқтисодий прогнозлаш ва таҳлил салоҳиятини оширишга, коммуникация сиёсатини янгидан ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 19 ноябрь куни “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки зиммасига 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаш вазифаси юклатилди.

    Халқаро тажрибага таяниб иш тутилганда...

    “Target” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, “мақсад” деган маънони ифода этади. Инфляцион таргетлаш режимида унинг мақсадли кўрсаткичи (таргет) ўрнатилади. Унга эришиш учун пул-кредит сиёсати механизмлари босқичма-босқич ушбу режимга ўтказилиб, инфляцияни пасайтиришда самарали восита сифатида фойдаланилади.

    Инфляцион таргетлаш режимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, марказий банк (ва/ёки ҳукумат) келгуси давр учун инфляция мақсади ва инфляциянинг таргетдан силжиш оралиғини олдиндан эълон қилиши лозим.

    Шу ўринда табиий савол туғилади: инфляция таргети қандай аниқланади ва ўрнатилади? Инфляцион таргетни белгилашда қандай омиллар ҳисобга олинади? Нима учун мазкур режимида пул-кредит сиёсати юритаётган давлатларда инфляция таргети турлича белгиланган?

    Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида чехиялик иқтисодчилар Роман Хорватх ва Якуб Матежулар 2011 йилдаги тадқиқотида 19 та давлатда инфляция таргетини белгилашда ҳисобга олинадиган омилларни таҳлил қилишган. Улар “мамлакатлар инфляция бўйича таргетни танлашда ўтган даврлардаги инфляция даражаси, унинг тебранувчанлиги, ялпи ички маҳсулот ўсиши ва ташқи инфляция даражаси каби макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олади” деган умумий хулосага келишган

    Айни пайтда ушбу режим жаҳондаги 40 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда.

    — Ривожланаётган мамлакатлар инфляцион таргетлаш режимига ХХ асрнинг 90-йиллари охиридан ўта бошлади, — дейди Тошкент молия институти ҳузуридаги Молия-банк ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тармоқлараро институти директори, доцент Замир Холмаҳмадов. — Ушбу режимни Жанубий Корея, Бразилия, Колумбия, Таиланд, Польша ва Чехия мамлакатлари биринчилардан бўлиб қўллаган. Бу борада Янги Зеландия, Канада, Буюк Британия, Финландия, Швеция, Австралия ва Испания инфляциянинг мақсадли кўрсаткичидан пул-кредит сиёсатининг индикатори сифатида муваффақиятли фойдаланган давлатлар сирасига киради. Мисол учун Янги Зеландияда мақсадли кўрсаткичга эришиш учун аввало 18 ойлик муддат белгиланган. Мазкур муддат тугагандан сўнг, инфляциянинг даражасини босқичма-босқич пасайтириш учун яна 12 ойга узайтирилди ва мақсадли кўрсаткичга эришишга муваффақ бўлинди. Шундан сўнг яна беш йиллик даврга тергет режими жорий этилди.

    Барча ўтиш иқтисодиётли давлатлар сингари юқори инфляцияни жиловлаш мақсадида 1998 йил сентябрь ойида Польша Миллий банки ҳам пул-кредит сиёсатини юритиш учун инфляцион таргетлаш режимини қабул қилди. Ўша йили июль ойида инфляция даражаси 11 фоиздан ошиқ бўлган бир пайтда ПМБ 1999 йил учун биринчи қисқа муддатли инфляция таргетини 8-8,5 фоиз оралиғида белгилади.

    Инфляцияни пасайтириш мақсадида амалга оширилган бир қатор чора-тадбирлар натижасида унинг даражаси кутилганидан кўра тезроқ суръатларда пасайишда давом этди. Шундан келиб чиқиб, 1999 йил март ойида инфляция 6 фоизгача тушган кезда ПМБ пул-кредит сиёсати қўмитаси инфляция таргетини 6,6-7,8 фоиз оралиғига ўзгартиришга қарор қилди. Бироқ, тартибга солинадиган нархларнинг олдиндан эълон қилинмаган ҳолда оширилиши ва таклиф томондан кутилмаган вазиятнинг юзага келиши натижасида 1999 йилнинг охирига келиб инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этди.

    Қаторасига икки йил давомида инфляция мақсадига эриша олмаганлиги боис ПМБ 2001 йил учун қисқа муддатли инфляция таргетини 6-8 фоиз оралиғида белгилашга қарор қилди ва декабрь ойига келиб йиллик бу кўрсаткич 3,6 фоизгача тушди.

    2004 йилдан буён ПМБ инфляция таргетини белгилашда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун Маастрихт шартномасининг инфляция бўйича меъёрларини ҳамда иқтисодий ўсишни ҳисобга олишга қарор қилди. Мазкур даврдан бошлаб инфляция таргети 1,5-3,5 фоиз оралиғи бўлиб келмоқда.

    Халқаро тажрибага кўра, инфляцион таргетлаш режимини амалга ошириш учун, аввало, бир қатор шартларни бажариш зарур бўлади.

    — Бунинг учун инфляциянинг доимий таргетини белгилаш ва унинг омиллари ҳамда кўзланган инфляцион мақсад ҳақида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш лозим, — дейди Замир Холмаҳмадов. — Инфляцион жараёнларни бошқариш ва пул бозорида фоиз ставкаларини тартибга солиш мақсадида пул-кредит сиёсати бўйича инструментлардан (РЕПО ва валютавий своп аукционлари, депозит аукционлари ҳамда Марказий банк облигацияларини жойлаштириш бўйича аукционлар) кенг миқёсда фойдаланишни жорий этиш керак бўлади. Пул-кредит сиёсати соҳасида объектив қарорлар қабул қилиш учун хўжалик юритувчи субъектлар, уй хўжаликлари, тадбиркорлик, давлат бошқаруви соҳасини батафсил макроиқтисодий таҳлил қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда мавжуд бўлган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда прогнозлаштиришни йўлга қўйиш лозим.

    Бу борадаги мақсадлар эса, нархлар барқарорлиги, кредитларнинг оммабоплиги, паст даражадаги инфляция, аҳолининг миллий валютага бўлган ишончини оширишни кенг жамоатчиликка етказиш учун коммуникациявий сиёсатни такомиллаштириш, макроиқтисодий ҳолатни прогноз қилиш имкониятини таъминлаш ҳамда бозор иштирокчилари ишончини шакллантиришни тақозо этади.

    Нима учун 5 фоиз?

    Жаҳон тажрибасида марказий банклар томонидан инфляцион таргетлаш режимига ўтишнинг асосий тамойилларидан бири – инфляциянинг аниқ мақсадли кўрсаткичини белгилаб олиш ва мазкур кўрсаткичга (таргетга) эришиш учун барча зарурий чора-тадбирларни кўриб бориш ҳисобланади.

    –Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2020 йил бошидан инфляцион таргетлаш режимига фаол ўтишни бошлади ва доимий мақсадли таргет сифатида 2023 йилда инфляциянинг 5 фоизлик даражасига эришиш вазифасини белгилади, – дейди Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти директори ўринбосари Самиғжон Иноғомов – Мазкур кўрсаткичининг айнан 5 фоиз даражасида белгиланиши кенг қамровли таҳлилларга ва инфляцион таргетлаш режимига ўтган давлатлар тажрибаларига асосланади.

    Асосий савдо ҳамкорларимизда инфляциянинг таргет кўрсаткичи 5 фоиз атрофида белгиланган. Хусусан, ушбу кўрсаткич Россияда – 4 фоиз, Хитойда – 3,5 фоиз, Қозоғистонда 4-6 фоиз ва Қирғизистонда – 5-7 фоизни ташкил этади.

    Бундай шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда рақобатбардошлигини сақлаб қолиш вазифаси ички нархларнинг ташқи савдо бўйича ҳамкор мамлакатлардаги инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини талаб этади. Шу сабабли, инфляцион таргет нисбатан юқорироқ кўрсаткичда белгиланса, ички бозорда нархлар ўсиши юқорилигича сақланиб қолинади ва маҳаллий корхоналар маҳсулотлари нархлари нисбатан юқорироқ шаклланади.

    Ҳамкор давлатлардаги инфляция даражалари ўртасидаги тафовутлар импорт товарлари нархига таъсир кўрсатиб, импортнинг солиштирма устунлигини оширади. Импорт товарларига талабнинг ортиши, ўз навбатида, хорижий валютага бўлган талабни ҳам ошириб боради. Бу эса, сўмга нисбатан девальвацион босимнинг юзага келишига сабаб бўлади.

    Инфляция кўрсаткичи кўплаб товарлар гуруҳларининг ўртача ўзгариш кўрсаткичи ҳисобланади. Инфляция таргетининг 5 фоиздан юқори белгиланиши (масалан, 8-10 фоиз) оқибатида, ушбу кўрсаткичга эришилган тақдирда ҳам айрим товар гуруҳлари нархларининг белгиланган мақсаддан юқори суръатларда ўсиши (12-14 фоиз) кузатилиши мумкин. Натижада, айнан шу товарлар учун аҳолининг харид қобилияти пасаяди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион сезилмалари ва кутилмалари юқори даражада шаклланишига сабаб бўлади.

    Шунингдек, инфляция кўрсаткичининг юқори бўлиши, миллий валютага бўлган ишончнинг пасайиб боришига олиб келади. Бунда, миллий валютадаги жамғармалар камайиб, иқтисодиётда долларлашув жараёни кучаяди. Натижада, иқтисодиётда узоқ муддатли ресурсларнинг тақчиллиги ортади, мавжуд пул ва капитал ресурсларнинг нотўғри тақсимланиши юзага келади.

    Инфляция таргетини 5 фоиздан паст даражада белгилаш қандай оқибатларга олиб келади?

    – Ушбу режимга ўтган давлатлар амалиётига назар ташласак, инфляциянинг таргети ривожланаётган давлатлар учун 3-5 фоиз, ривожланган давлатлар учун эса 2 фоиз атрофида белгиланган, – дейди Самиғжон Иноғомов. – Пул-кредит сиёсатининг мақсади инфляциянинг паст даражада шаклланишига эришиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг турмуш даражаси яхшиланиши учун қулай шароитлар яратиш ҳисобланади. Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини жуда паст даражада белгилаш, одатда, товар ва хизматларга бўлган талабнинг етарли даражада шаклланмаслигига ва иқтисодий ўсишни секинлашишига олиб келиши мумкин.

    Инфляция таргет кўрсаткичи паст даражада, хусусан, 2 фоиз ва ундан пастроқ кўрсаткичда белгиланса, келгусида нархлар доимий пасайиб бориши ҳамда иқтисодиётда айрим товар гуруҳлари учун дефляцион хатарлар вужудга келиши мумкин. Келгусида паст даражадаги инфляциянинг кутилиши аҳоли истеъмолининг қисқаришига, тадбиркорлик субъектлари инвестицион қарорларининг ортга сурилишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, иш ҳақи ва иш ўринлари камайишига ҳамда узоқ муддатли инвестициялар ҳажмининг пасайишига сабаб бўлади.

    Инфляция кўрсаткичи пасайиб бориши билан мос равишда, Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳам паст даражада шаклланади. Бунда, пул-кредит сиёсатининг муҳим воситаси ҳисобланган асосий ставканинг трансмиссион механизми самарадорлиги камайиб, иқтисодиётни инвестицион рағбатлантириш функциясини чеклайди.

    Инфляцион кутилмалар ёки умид учқунлари

    Охирги пайтда жаҳон иқтисодиётининг ўзгаришларга мослашуви ҳамда кўплаб давлатларнинг марказий банклари томонидан пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириб бориши кузатилмоқда. Европа Марказий банки барча учта асосий фоиз ставкаларини 50 базавий пунктга кўтарди. Кредитлар бўйича базавий фоиз ставкаси 3 фоизга, депозитлар бўйича 2,5 фоизгача, маржали кредитлар бўйича 3,25 фоизгача оширилди, — дейилади ЕМБнинг яқинда берган баёнотида. Экспертларнинг қайд этишича, кўҳна қитъада охирги марта бундай кўрсаткичлар 2008 йилда шундай даражада бўлган экан.

    ЕМБ президенти Кристин Лагарднинг маълум қилишича, еврорегулятор шу билан тўхтатмоқчи эмас ва пул-кредит сиёсатини янада қаттиқлаштиришни давом эттиради.

    —Ҳар қандай сценарийга кўра, евроҳудуд инфляциясини 2 фоизлик кўрсаткичга қайтариш учун яна сезиларли даражада ошириш керак бўлади, — дейди Кристин Лагард. — Биз ставкаларни иқтисодий фаолликни сезиларли даражада чеклайдиган кўрсаткичга кўтаришимиз керак ва бу ўсиш бир вақтнинг ўзида содир бўлади. Евроҳудудда ҳам иқтисодий ўсиш, ҳам инфляция учун хавфлар мувозанати янада енгиллашади.

    Аввалроқ Англия банки базавий фоиз ставкасини 3,5 фоиздан 4 фоизга кўтарган эди. Bloomberg’нинг таҳлилича, у Англия банки пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришни бошлаган 2021 йил декабридан бери ўнинчи марта ставканинг ошиши ҳисобланади.

    Буюк Британияда декабрь ойида инфляция 10,5 фоизни ташкил этди, бу асосан энергия ва бошқа товарлар нархининг ошиши билан боғлиқ бўлди. Регулятор инфляция 2023 йил охиригача 4 фоизгача, 2024 йилнинг иккинчи чорагида эса 2 фоиздан пастга тушишини кутмоқда.

    АҚШ Федерал захира тизими базавий ставка оралиғини 0,25 фоиз пунктига кўтариб, йилига 4,5-4,75 фоизгача оширгани ҳақида хабар берилганди. Бу 2007 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Reuters’нинг маълум қилишича, ўшанда Америка иқтисодиёти узоқ давом этган ва чуқур таназзул ёқасида бўлган.

    Регулятор аста-секин пасайиб бораётган инфляцияга қарши кураш сиёсатини кучайтирмоқда. 2022 йил декабрь ойида АҚШда нархлар 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 6,5 фоизга ошди, бу 2021 йил октябрь ойидан бери бир йилдан кўпроқ вақт давомидаги минимал кўрсаткичдир. Шунга қарамай, бу ҳали ҳам АҚШ Федерал захира тизимининг 2 фоизлик кўрсаткичидан анча юқори ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви жорий йил 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлаши таъкидланади.

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг асосий ставкани 1 фоиз бандга туширилиши макроиқтисодий кўрсаткичларга қандай таъсир кўрсатишини ҳисоб-китоб қилиб, иқтисодиётнинг жадаллашиши, аҳоли истеъмоли ошиши, кредит ҳажми ўсиши кутилаётганининг далолати сифатида баҳолади.

    Марказнинг таҳлилига кўра, асосий ставканинг 1 фоиз бандга тушиши натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ялпи ички маҳсулоти 0,55 фоизга кўпаяди, аҳолига берилаётган кредитлар миқдорини 2,6 фоизга кўпайтиради. Натижада, базавий сценарийга нисбатан аҳоли ялпи истеъмоли 0,2 фоизга ортади.

    Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга мувофиқ, асосий ставканинг 1 фоиз бандга ўзгариши кредит ставкаларини ўртача 0,6 фоиз бандга, депозит ставкаларни 0,35 фоиз бандга ўзгартиради.

    Яна бир жиҳат, асосий ставканинг камайиши тижорат банклари кредит ставкаларини пасайтириб, хусусий инвестицияларни рағбатлантиради. Бунинг натижасида ялпи инвестициялар ҳажми 0,68 фоизга кўпаяди.

    Мутахассисларнинг фикрича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайиши иқтисодиёт тармоқлари томонидан берилган кредитлар ҳажмини қишлоқ хўжалигида 3,6, қурилишда 2,8, саноатда 2,7, савдода 1,3 фоизга кўпайтиради.

    Базавий сценарий бўйича 2023 йилда мамлакатимизда йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Энг асосий эътибор ва қабул қилинаётган қарорлар инфляциянинг прогноз йўлаги доирасида шаклланишини ва 5 фоизлик ўрта муддатли даражага қадар пасайиб боришини таъминлашни қаратилган. Инфляция таргетининг бу даражада белгиланиши мамлакатимиз имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, нархларнинг паст даражада шаклланиши орқали иқтисодий ўсиш суръатларини ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари ва жамғармаларининг харид қобилиятини сақлаб қолишни назарда тутади.

    Абдурауф Қоржовов,

    иқтисодий шарҳловчи