Аҳоли кутилмалари ва жорий инфляция ўртасидаги тафовут 4 фоиз

    Ўзбекистонда аҳоли кутилмалари ва жорий инфляция ўртасидаги тафовут 4 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари аҳолининг инфляцион кутилмалари ва жорий инфляция ўртасидаги тафовут монетар сиёсат самарадорлигига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.

    Маълумки, инфляцион кутилмалар инфляция даражасига қуйидаги каналлар орқали салбий таъсир этади:

    1. Талаб канали. Одамларнинг келажакда нархлар ошишини тахмин қилиши уларнинг жорий харажатларини оширади.

    2. Таклиф канали. Одамларнинг келажакда нархлар ошишини тахмин этиши уларнинг юқори иш ҳақини даъво қилишга олиб келади. Бу эса ўз навбатида, пул-кредит сиёсати самарадорлиги ҳамда макроиқтисодий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатади.

    Маълумот учун: Инфляцион кутилмалар - бу аҳолининг келажакдаги инфляция даражаси тўғрисидаги тахминлари.

    Аҳолининг инфляцион кутилмалари шаклланишида баъзида рационалликдан оғиш ҳолатлари кузатилади. Яъни, аҳолининг кутилмалари асоссиз ошиб кетишига қуйидагилар таъсир этади:

    - электротехника ва автомобиль каби товарлар нархи ошиши аҳоли кутилмаларига таъсир этади, лекин бунда сифат ўзгаришларнинг ҳам ҳиссаси мавжуд бўлади;

    - уй нархларининг кўтарилиши аҳолининг инфляция кутилмаларига таъсир қилади, аслида бунда спекуляцион ҳаракатларнинг таъсири ҳам бўлиши мумкин;

    - аҳоли одатда ўзи истеъмол қилаётган товар ва хизматлар саватидаги нархларга қараб қарор қабул қилади.

    Аҳолининг инфляцион кутилмалари асоссиз равишда кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банклар инфляцион таргетлаш, яъни келгуси давр учун инфляцияни олдиндан эълон қилиш сиёсатини олиб боради. Унинг самара бериши аҳолининг марказий банкка ишончига, ишонч эса инфляцион кутилмалар ва жорий инфляция ўртасидаги тафовутга боғлиқ.

    Таҳлил натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:

    - Ўзбекистон шароитида агар аҳолининг инфляцион кутилмалари 1 фоизга ошса, истеъмол нархлари индекси 0,53 фоизга ортади;

    - Ўзбекистонда аҳоли кутилмалари ва жорий инфляция ўртасидаги тафовут 4 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда;

    - давлат инфляция таргетини 10 фоиз деб эълон қилган тақдирда содда (naïvе – ўтмишга қараб қарор қилувчи) аҳоли инфляцияни 11,1 фоиз, мослашувчан (аdaptivе - ўтмиш, ҳозирни таҳлил қилиш орқали қарор қилувчи) аҳоли 13,5 фоиз ва рационал (ўтмиш, ҳозир ва келажакни таҳлил қилиш орқали қарор қилувчи) аҳоли 18,2 фоиз бўлишини кутади.

    Шундай экан, инфляцион кутилмалар ва жорий инфляция орасидаги тафовутни қисқартириш, қисқа муддатли тебранишлардан кейин иқтисодиётни барқарорлаштириш, инфляцияни таргетланган даражада ушлаб туришда ёрдам беради. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Марказий банк инфляцияни таргетлаш (жиловлаш) да реалист бўлиши талаб этилади. Бундан ташқари, аҳоли нархлар ошиб кетиши ҳақида асоссиз хавотирга тушишининг олдини олиш учун Ижтимоий инфляция (аҳолининг катта қисми асосан истеъмол қиладиган товарлар савати) даражасини эълон қилиб бориш лозим. Бундан ташқари, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва инфляция даражасини баҳолашда мустақил экспертларни жалб қилиш юқоридаги рискларни камайтиради.