Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторида товар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга ўсган. Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,5 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайган (2024 йил ноябрда — 110 фоиз).
Қайд этилишича, ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,0 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари 0,5 фоиз, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,3 фоизга қимматлашган.
Инфляцияга энг катта таъсир кўрсатган маҳсулотлар
Озиқ-овқатлар гуруҳида қатор маҳсулотлар нархи сезиларли ошган. Жумладан:
- бодринг — 96,0 фоиз
- помидор — 82,2 фоиз
- булғор қалампири — 61,2 фоиз
- бақлажон — 51,7 фоиз
- узум — 12,1 фоиз
- анор — 7,9 фоиз
- товуқ тухуми — 2,4 фоиз
- қуй гўшти — 0,8 фоиз
- картошка — 0,7 фоиз
- биринчи навли ун — 0,5 фоиз
Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар нархи пасайиб, умумий инфляция даражасини бироз туширган. Улар қаторида
- сабзи (-26,1 фоиз),
- шолғом (-7,1 фоиз),
- гуруч (-4,5 фоиз),
- шакар (-2,9 фоиз),
- пиёз (-2,5 фоиз),
- банан (-1,3 фоиз) ва парранда гўшти (-1,2 фоиз) бор.
Ноозиқ-овқатлар ва хизматлар бозоридаги ўзгаришлар
Ноябрь ойида ноозиқ-овқат товарлари нархлари ўртача 0,5 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш:
- пропан — 7,4 фоиз
- бензин — 1,7 фоиз
- цемент — 1,4 фоиз
- кийим-пойабзал — 0,7 фоиз
Ҳисоб-китоблар жараёнида мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар ўрганилган. Мониторинг доирасида 420 турдаги товар ва 90 турдаги хизмат баҳоси қайд этилган.








