Инклюзив таълим «Логопрогноз» компанияси билан ҳамкорликда ривожлантирилади

    Таълим 22 феврал 2023 1948

    Мактабгача таълим агентлигида жорий йил 20 февралда Россия томонининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Шин ҳамда «Логопрогноз» компаниялар гуруҳи бош директори В. Ефимова ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

    Учрашувда махсус ва инклюзив таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама этилди.

    Россия компанияси раҳбари ўз нутқида Мактабгача таълим агентлигининг инклюзив таълим ва имконияти чекланган болаларни реабилитация қилиш соҳасидаги фаолиятини юқори баҳолади. Шунингдек, давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг Нукус шаҳридаги «Имкон» реабилитация маркази билан олиб борилаётган ишларини алоҳида таъкидлади.

    Музокаралар доирасида В.Ефимова «Логопрогноз» компаниялар гуруҳи томонидан махсус ва инклюзив таълим соҳасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ва IT-лойиҳалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

    Россия делегацияси раҳбари мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек, умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида таҳсил олаётган болалар салоҳиятини баҳолашга қаратилган мобил иловаларни ишлаб чиқиш ва мослаштиришда Ўзбекистон томонига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

    Учрашув доирасида Россия томони вакили В.Ефимованинг сўзларига кўра, Мактабгача таълим агентлигининг ихтисослаштирилган бўлинмаларига «Логопрогноз» компанияси томонидан имконияти чекланган болалар билан ишлаш бўйича тасвирга олинган ва ўзбек тилига таржима қилиш мумкин бўлган фильмларни тақдим этишга тайёр эканликларини билдирди.

    Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Россия томонининг махсус ва инклюзив таълим соҳасидаги инновацион таклифларини Ўзбекистон Республикасидаги мактабгача таълим тизими эҳтиёжларига мослаштириш имкониятларини ўрганиш зарурлиги тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар, деб хабар беради Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати.