Инсон қадри учун

    Мамлакатимизда 4 декабр 2024 85

    Жойларда Президент Халқ қабулхоналари томонидан ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

    Президент Халқ қабулхоналари ташаббуслари билан “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ногиронлиги бор фуқароларнинг кўнгилларини шод қилиш, давлатимизнинг уларга нисбатан бўлган ғамхўрлигини янада намоён этиш мақсадида жойларда сектор раҳбарлари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, маҳалла “еттилик”лари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор байрам тадбирлари ташкил этилди.

    Хусусан, Тошкент шаҳри “Чорбоғ” маҳалласида жойлашган махсус 508-сонли МТТда байрам тадбир ташкил қилиниб, 84 нафар жисмоний имконияти чекланган болаларга давлатимиз раҳбари номидан совғалар топширилди.

    Гулистон шаҳридаги тантаналар уйида ҳам байрам тадбири ташкил этилиб, унда Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Афғончилар бирлашмаси, Чернобилчилар ассоциацияси ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

    Ёки Навоий шаҳрида ногиронлиги бўлган 400 нафар фуқароларга эҳтиром кўрсатилди. Улар учун байрамона дастурхон ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.

    Тадбирларда сўз олганлар ушбу байрам дастурхонлари юртимизда инсон қадри учун, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанлиги, орамиздаги имконияти чекланган инсонларга ғамхурлик қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз эканлиги, қолаверса, хайрли ишни ҳар ким ҳар куни қилиши лозимлигини таъкидлашди.

    Президент Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ўтказилган 250 дан зиёд байрам тадбирларда жами 13 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олиниб, давлатимиз раҳбари номидан турли ҳил совғалар топширилди. Тадбирлар ҳафта мобайнида давом этади.

    Бундан ташқари, байрам муносабати билан 4 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар уйларига бориб, ҳолидан хабар олинди, совғалар ва рўзғор буюмлари топширилди, 12 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга турли ҳил ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, дори-дармонлар, маиший техника, протез ортопедия воситалари, моддий ёрдам ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилди.

    Мисол учун, Қорақалпоғистонда ўтгазилган тадбирлар доирасида жами 2 300 та ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олиниб уларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса-таёқ каби реабилитация воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

    Навоий шаҳрида алоҳида таълим эҳтиёжлари муҳтож бўлган болалар учун 16-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бугунги кунда 108 нафар болажонлар таълим-тарбия олиб келмоқда. Ушбу масканда ногиронлиги бўлган болалар учун Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ҳомийлик асосида янги спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди.

    Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ногиронлиги бўлган шахсларни ҳуқуқларини қўллаб-қуватлаш бўйича 16,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 14 мингга яқини, яъни 84 фоизи қаноатлантирилди.

    Жумладан, келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми тиббий амалиёт, қисми ногиронлик гуруҳини тиклаш ва ўзгартириш, ногиронликни белгилаш, ногиронлик нафақасини тайинлаш, ногиронлик бўлган шахсларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, даволаниш учун ордер ажратиш каби масалаларга доир.