Депутатлар 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни қабул қилди

    Бугун, 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳим молиявий ҳужжати – Давлат бюджетининг қабул қилиниши бўйича ҳужжат муҳокамаси бўлиб ўтди.

    Таъкидланганидек, келгуси йилга мўлжалланган Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ўтган йиллардагига нисбатан фарқ қилди. Президентимизнинг Олий Мажлис палаталаридаги маърузаларида стратегик йўналишлар, аниқ вазифалар белгилаб берилгани буджет лойиҳаси муҳокамаларини мазмунли ўтказишга, кўтарилган масалаларнинг моҳиятига чуқурроқ киришга имкон яратди.

    Қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партияларнинг фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ консептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилгани бунинг далилидир.

    Мажлисда Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий буджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

    Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳанинг тегишли моддаларида акс эттирилган нормалар Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан уйғунлиги ва асослантирилганлиги ўрганилди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди.

    Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Ҳисоб палатасининг берган хулосалари ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Хулоса юзасидан депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда, асослантирилган таклифларни Солиқ ва Буджет кодексларида акс эттириш масаласи ўрганиб чиқилди.

    Шу билан бирга, қўмиталар ва сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида қонун лойиҳасида вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган буджет маблағлари, улардан фойдаланиш ва натижадорликни ошириш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар бирма-бир кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

    Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.