Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун қўйилиши, бир сўз билан айтганда, инсонга эътибор кучайтирилди.
Зеро, бу давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилишни таклиф қилганларида: «Нима учун йилга бундай ном беряпмиз? Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик.
Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», дея таъкидлаган сўзлари амалда ўз ифодасини топаётганининг исботидир. Шу боис мазкур тушунча «Ўзбектелеком» АК фаолиятининг ҳам устувор мақсадларидан бирига айланган.
Компания томонидан соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган, иш жараёнида ўзининг фаоллиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган соҳа ходимлари ва ёш меҳнаткашларга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида улар иштирокида юртимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига уюштирилаётган саёҳатлар ҳамда саломатлик оромгоҳларида ташкил қилинган дам олиш кунлари бу борадаги фикрларимиз тасдиғидир.
Айтиш жоизки, йиллар давомида анъана тусини олган ушбу йўналишдаги ташаббуслар 2023 йилда ҳам давом эттирилди. Хусусан, республикамизда ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган ва давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурига мувофиқ, компаниянинг Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан жорий йилнинг айни вақтига қадар 1411 нафар ишчи-ходимни пойтахтимиз ҳамда юртимизнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида жойлашган ҳамда мозийдан сўзловчи тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб чиқилди.
Компанияда, шунингдек, меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар ва пенсионерлар ҳам доимий эътиборда. Жорий йилда бу борадаги хайрли ташаббуслар ҳам давом эттирилди ва республикамиз бўйлаб кенг нишонланувчи муҳим саналар ҳамда «Алоқачилар куни» касб байрами арафасида уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олинди, ғамхўрлик кўрсатилиб, меҳр улашилди.
Халқимизда «Саломатлик – туман бойлик» деган пурмаъно ибора бор ва у ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган. Ҳақиқатан ҳам, инсон саломатлиги мустаҳкам бўлса, кўнглида хотиржамлик ва ишида унум бўлади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда «Ўзбектелеком» АК соҳада фаолият юритаётган ходимлар, уларнинг оила аъзолари, ҳатто тармоқда узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар учун ҳам оромгоҳ ва санаторийларда саломатлик кунларини ташкил этиб келади. Жорий йилда ҳам шу мақсадда умумий ҳисобда 1336 нафар ходимлар ва уларнинг фарзандлари соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда санаторийларга юборилди. Шундан 30 нафар меҳнат фахрийлари ҳамда 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл ходимларнинг «Угам» оромгоҳида мазмунли ва мароқли дам олишлари ташкиллаштирилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик туйғулари миллатимиз учун олий қадриятга айланган. Бугун мамлакатимизда инсонга эътибор ва унинг қадр-қимматини улуғлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар эса халқимиз иштирокида барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсадларидан биридир десак, муболаға бўлмайди.
«Ўзбектелеком» АК Ахборот хизмати билан ҳамкорликда
Ғайрат Эрназаров тайёрлади.










