Инвестиция соҳасидаги натижалар танқидий таҳлил қилинди

    Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳолати ва келгуси йилги режалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

    Ўтган 10 ойда мамлакатимизга 26 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция киритилган. Бу – ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўп. Шундан қарийб 24 миллиард доллари тўғридан тўғри сармоялардир.

    Киритилган инвестициялар ҳисобига 6 минг 300 та корхона ишга тушган, улар 30 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратган, экспорт 305 миллион долларга ошган. Энг муҳими, буларнинг натижасида 163 мингта юқори даромадли иш ўрни очилган.

    Ноябрь-декабрь ойларида яна 8,6 миллиард доллар инвестиция келиши кутилмоқда.

    Танқидий руҳда ўтган йиғилишда инвестицияларнинг жалб этилиши ҳамда лойиҳаларнинг бажарилиши ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида атрофлича таҳлил қилинди.

    Саккизта туман ва шаҳарда инвестиция кўрсаткичлари паст бўлган. Айрим тармоқларда ўтган йилга нисбатан камайган. Халқаро молия институтлари билан амалга оширилаётган баъзи лойиҳалар суст бормоқда. Хусусан, 17 та лойиҳада лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер жараёнлари кечиккан.

    Йиғилишда мутасаддилар йил якунигача кутилаётган натижалар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар юзасидан ахборот берди.

    Президент ҳудудларнинг инвестициявий фаоллигини янада ошириш, бу борадаги ёндашувларни тубдан ўзгартириш шартлигини кўрсатиб ўтди. Масалан, Европа тараққиёт ва тикланиш банки мамлакатимиз бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни, иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини ҳисобга олиб, хусусий сектор иштирокидаги лойиҳаларни ҳам молиялаштиришга тайёрлигини билдирган.

    Ҳудудлар бундай имкониятлардан унумли фойдаланиши, мустақил маблағлар ҳам жалб этиши керак. Шу билан бирга, инвестицияларнинг нафақат ҳажмини, балки сифатини ҳам ошириш зарур. Яъни, жалб қилинган ҳар бир доллар саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши лозим.

    Йиғилишда халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатлардан маблағ жалб этиш ҳажмлари ва йўналишларини яна бир бор кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. 2025 йил учун лойиҳаларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик ва хусусий сармоялар йўналишида аниқ белгилаб олиш муҳимлиги таъкидланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates