Инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама этилди

    Мамлакатимизда 7 ноябр 2022 1144

    Жорий йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигида инвестициявий ва экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати ва уни рағбатлантириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоконференция тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.

    Йиғилишда вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

    Экспорт фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 129 фоизга ошган бўлсада, ҳудудлар ва тармоқлар бўйича олиб борилган танқидий таҳлиллар қатор камчиликларни кўрсатди. Тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериш борасидаги ишлар қониқарсиз экани инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмалари, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарларининг фаолияти танқид қилинди.

    Асосий мақсад – муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, хорижга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш, шунингдек, янги корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш бўйича тизимли ишлар самарадорлигини оширишдан иборат эканлиги кўрсатилди.

    Жорий йил январь-октябрь ойларида Давлат инвестиция дастури доирасида 8,2 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, 3,2 миллиард долларлик 91 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди, 14,8 мингта янги иш ўрни яратилди. Бироқ, таъкидланганидек, ижобий фактлар фонида масъулиятсизлик ҳолатлари учраб туряпти. Шу ўринда, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва бир қатор вазирликларнинг тегишли раҳбарлари жалб этилган хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш бўйича эришган натижалари қониқарсиз деп топилди.

    Ҳар бир инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишини мониторинг қилиш, инвестицияларни ўзлаштиришда кечикишларга йўл қўймаслик муҳимлиги таъкидланди. Бу вазифа ҳудудий инвестиция дастурларини ўз вақтида амалга оширишни ҳам ўз ичига олади. Шу тариқа, жорий йил охиригача умумий қиймати 4,8 миллиард долларлик 3 минг 466 та лойиҳани ишга тушириш ва 127,9 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шу нуқтаи назардан, тижорат банклари томонидан истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббускорларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates