Ипак ва пахта 4 минг йиллик тарихга эга

    Биласизми? 7 июл 2020 5207

    Қадимги Хитой адабиётида икки сўз — тут дарахти ва хўжалик доимо бирга ишлатилган.

    Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институти ва Хитой фанлар академияси Умуртқалар палеонтологияси ва палеоантропология институти ўртасида тузилган илмий ҳамкорлик шартномасига кўра, 2017 йилнинг кузида Сурхондарё вилояти Музработ туманида жойлашган бронза даврига оид (милоддан аввалги II минг йилликнинг бошлари) ноёб археологик ёдгорлик — Сополлитепада хитойлик ҳамкорларимиз билан қўшимча дала изланишлари олиб борилди.

    Изланишлар кутилганидан ҳам аъло натижаларни берди, яъни Амударёнинг ўрта ҳавзаси вилоятларида (Ўзбекистоннинг жанубий ва Афғонистоннинг шимолий вилоятларини қамраб олган Бақтрия ҳамда ҳозирги Туркманистоннинг Мурғоб водийсини ўз ичига олган Марғиёнада) бронза даврида тутзор далалар бўлганлиги ва улар туфайли ипакчилик хўжалиги ривожлангани кузатилди.

    Одатда тут дарахти барглари азотли ўсимлик моддасига бой бирикмалардан иборат бўлиб, барг билан озиқланадиган ипак қуртидан ипак тола ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Тут дарахти ипак қуртига озуқа манбаси бўлишдан ташқари, муҳим витаминлар ва қандга бой меваси билан ҳам фойдалидир. Унинг мевасидан тўйимли овқат сифатида фойдаланиш, шинни тайёрлаш ёки сирка олиш мумкин. Шунингдек, тут дарахтининг сербарг новдалари ипак қуртининг пилла ўраши учун ҳам қулай.

    Сердаромад ипак қуртини боқиш технологияси ва ипакчилик дастлаб Хитойда кашф этилган. Фанда эса ипак қуртининг уруғи ва уни боқиш технологияси кейинчалик Ўрта Осиёга олиб келинди, Осиё ва Европага Синьцзян орқали бундан 2200 йил аввал Хан династияси даврида кириб келган, деган тасаввур ҳукмрон эди. Шунга қарамай, Хитойдан ташқарида, Хан династиясига қадар ҳам ипакчиликнинг Ҳиндистонда, археологик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳам бўлганлиги қайд қилинади. Масалан, Ўзбекистоннинг жанубий вилояти Сурхондарёда Сополлитепа, Жарқўтон каби ёдгорликлар ўрганилиб, улар жанубий Ўзбекистон бронза давридан бошлаб қадимги деҳқончилик маданияти юксак даражада ривожланган Окс цивилизациясининг таркибий қисми эканлигини кўрсатди.

    Айнан шу Сополлитепада бундан 50 йил аввал академик А.Асқаров томонидан табиий ипакдан ясалган мато қолдиқлари топилган эди. Бу ҳақда муаллиф бундан 30 йил аввал Пекиндаги халқаро анжуманда маъруза қилган. Аммо ипак мато маҳаллийми ёки қаердандир олиб келинганми, деган илмий баҳслардан анжуман қатнашчилари бир фикрга кела олмаган эди. Муаллифнинг таъкидлашича, Сополлитепанинг 1-, 14-, 35- ва бошқа қабрларидан ипак кийим парчалари топилгани, улар узоқ асрлар давомида тим қора рангга айланиб кетгани ҳақида ҳикоя қилинади. 1-қабрдаги ипак мато бир хил қуруқ ҳавосиз ҳароратда бўлгани боис, кийим парчаси ҳатто ўзининг яшил-қизғиш рангини йўқотмаган. Лекин қабрга ҳаво киргач, аста-секин мато ўз рангини йўқотиб, қорайиб кетгани таъкидланади. 1-қабрдан топилган кийим парчалари академик М.А.Ходжинова раҳбарлигидаги Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Материалшунослик лабораторияси”да таҳлил қилиниб, қабрдан топилган кийим парчалари жуда юпқа, эластик, тахлашга мойил табиий ипак матоси экани ҳақидаги хулосага келинади.

    Ўзбекистон Амударё билан Сирдарё оралиғида, қадимги Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган. Унинг бундай жойлашуви асосида қуйидаги учта муҳим илмий масалаларга эътибор қаратиш долзарбдир:

    биринчи, Ўзбекистонда қадимдан буғдой, арпа, тариқ, шоли, пахта каби қишлоқ хўжалик маданий экинлари экилганлиги ва уларни Шарқий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалигига узатишда Ўзбекистон манбавий ўчоқ бўлганлигини аниқлашга қаратилган тадқиқотлар керак.

    Иккинчи, кейинги 5 минг йил ичида Ўрта Осиёнинг асосий қишлоқ хўжалиги маданий экинларининг нисбий ҳосилдорлигини аниқлаш ва сув ресурслари таркибидаги ўзгаришлар минтақанинг урбанистик жараёнларига қандай таъсир этганлигини аниқлаш зарур.

    Учинчи, кейинги 5 минг йилликда юз берган глобал иқлим ўзгаришлари, бу ўзгаришларнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига таъсири ва инсониятнинг унга қандай мослашиб бориши масалаларини ўрганиш долзарбдир.

    Тадқиқот олдига қўйилган бу долзарб масалаларнинг илмий ечимини топиш учун лаборатория тадқиқотлари ўтказиш ва уларни қуйидаги методлар орқали амалга ошириш кўзда тутилиши керак:

    — археологик объектларнинг даврий санасини радиокарбон методи (АМS C14) билан аниқлаш. Бунинг учун археологик ва палеоботаник материалларнинг қўшимча радиокарбон ёшини олишга эришиш. Қадимги бошоқли ўсимликлар уруғидан АМS 14C методи орқали улар ёшини аниқлаб, бундан 5 минг йил аввалги қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини белгилаш ҳам долзарбдир;

    — ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги методлар асосидаги таҳлили ва уларни қадимги уруғлар билан қиёсий солиштириш ҳосилдорликдаги ўзгаришларнинг нисбий натижаларини ва суғориш даражасини аниқлашга ёрдам беради;

    — иқлим таҳлилини тиклаш методлари: кўл қатламларидан олинган нусхалардан фойдаланиш ҳамда Ўзбекистоннинг қадимги иқлимини тиклашда геомагнит таҳлили, геохимик ва бошқа методлар қўлланилиши керак.

    Мана шу методларни қўллаш туфайли қуйидаги мақсад ва вазифаларнинг ечимини топишга тўғри келди:

    — Ўзбекистоннинг асосий қишлоқ хўжалиги вилоятларининг таркиб топиши ва эволюцион ривожланиш тенденцияларини аниқлаш, шунингдек, Осиёнинг Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан хўжалик алмашув жараёнларини кузатиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

    — кейинги 5 минг йил давомида Ўзбекистонда ҳосилдорликнинг нисбий алмашувини кузатиш ва унинг жамиятдаги урбанистик жараёнларга таъсирини аниқлаш. Иқлимий ва экологик ўзгаришлар ечимини топиш ва ўзбек қишлоқ хўжалиги тугунини таҳлил этиш;

    — таркибий хусусиятлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ва уларнинг иқлимий ва экологик ўзгаришлар билан боғлиқ жиҳатларини кузатиш.

    Мана шу мақсадлар кесимида ушбу сатрлар муаллифи раҳбарлигида ёдгорликнинг қазишма ўтказилмаган ҳудудларида 2017 йилда археологик изланишлар олиб борилиб, янги палеоботаник ва палеоантропологик маълумотлар олишга ҳаракат қилинди. Хусусан, Сополлитепа қалъасининг шимоли-ғарбий бурчагида 3х6 метр ва марказий қисмида 15х30 метрли майдонда қазишмалар олиб борилди.

    Муаллифнинг Сополлитепада олиб борган кенг кўламли қазишмалари давомида 82х82 метр майдонда қалъа очилган. Унинг атрофи 3 қатор қалин мудофаа деворлари билан ўраб олинган эди. Деворлар мураккаб меъморий режа асосида қурилган. Қадимги муҳандисларнинг бош ғоясига кўра, дастлаб мудофаа тизими тузоқ усулида ишланган бўлиб, аниқ ўлчамдаги коридорсимон блоклардан иборат бўлган. Ташқи блоклар даҳлиз типидаги хоналар орқали қалъа ичидаги уй-жой комплекслари билан бирлаштирилган. Ички блоклар мудофаа тизимида қалқон ролини ўйнаган. Ташқаридан қараганда, улар гўё қалъа ичига олиб кирувчи дарвозаларни эслатади. Улар квадрат шаклдаги қалъанинг ҳар томонида биттадан жойлашган. Аслида қалъага кириш дарвозаси битта бўлиб, унинг жанубий томонида жойлашган. Тўрт томондан ўраб олган иккитадан коридорсимон блоклар эса 8 та. Сополлитепада бундай коридорсимон блоклар қалъа қурилишининг биринчи босқичида мудофаа ролини ўйнаган. Бироқ иккинчи босқичда улар мудофаа характерини йўқотган. Чунки ташқи хавф кузатилмайди, тинчлик. Шу боис, қалъа ташқи даҳлизининг (коридорининг) шимоли-ғарбий бурчаги 25-, 149- хоналарга бўлиниб, уларнинг майдонида оташкада қад кўтаради. Қалъанинг мана шу бурчагида олиб борилган археологик қазишмалар давомида учта қурилиш босқичи кузатилди.

    Сополлитепанинг биринчи қурилиш босқичида ташқи айланма даҳлиз қурилади.

    Иккинчи босқичида 149-хонада қалинлиги 60 см.ли маданий қатлам ташкил топади. Бу қатлам ичида оловда куйган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғлари учрайди. Ҳатто оловда чала куйган пилла топилди. Пилла ичидан ипак қурти чиқиб улгурмай, қисилиб қолган. Куйган, кул аралаш маданий қатламда пилла қурти тухумлари, қорайиб кетган бошоқли ўсимлик донлари ва куйган пахта чигити пўстлоғи кўплаб учради. Ўша даврда Сополлитепада ҳаёт гуллаб-яшнайди.

    Қазишма майдонининг учинчи қурилиш босқичида 149-хонада қалинлиги 20 см.дан кам бўлмаган сизот сувли қатлам ҳосил бўлган. Эҳтимол, бир муддат 149-хона эгасиз қолиб, унинг ичини сув босган.

    Сополлитепа шимолий даҳлизининг 149-хонасидан шарқда 25-хона жойлашган. Унинг ўлчами 2х3м. Хона ичидаги қалин маданий қатлам 6 та майда горизонтчаларга бўлинган. Уларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳар бир горизонт поли устида турли хил диаметрдаги (30 см.дан 60 см.гача) ўчоқ излари учрайди. Ўчоқлар атрофида археологик материаллар кам, лекин пол юзасидаги қатлам 5-10 см. қалинликда палеоботаник материалларга бой. 6 та горизонтнинг ҳар бирида шундай қатлам бор. Куйган горизонтларнинг энг юқориси устида 15-20 см.ли сизот сув босган қатлам ҳосил бўлиб, унинг устини учирма қум босган. Палеоботаник материалларга бой қатламдан кўплаб мағизи куйиб кетган 4 хил пахта навининг чигит пўстлоқлари топилди.

    Хонадаги ўчоқ излари 149-хонадан 25-хонага ўтиш эшиги яқинида жойлашган бўлиб, хонанинг учдан бир қисмини эгаллаган. Учдан икки қисмида эса пахта чигитининг пўстлоғи ҳар бир горизонтда учради. Қиссадан ҳисса шуки, хона пахта ҳосилининг омборхонаси бўлиб, қиш мавсумида патриархал уруғ аъзоларининг аёллари чигитдан пахта толасини ажратиб олиш билан шуғулланган.

    Бундай манзарали ҳолат Сополлитепа кварталларининг (улар 8 та) ҳар бирида бўлганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Чунки худди шунга ўхшаш манзара Сополлитепанинг учинчи кварталидаги 26-хонада ҳам кузатилди. Бу ерда ҳам пол устида таркиби ўхшаш ва характери тиниқ сарғиш рангдаги горизонт палеоботаник материалларга бой қатлам чиқди. Унинг қалинлиги 30 см., ичидан кўплаб пахта чигити ва ёввойи ўсимликлар ҳамда маданийлаштирилган мевалар уруғи топилди. Бу хона икки полли, поллар юзасидаги қатлам ҳақиқатан палеоботаник материалларга тўла.

    Сополлитепа қалъасининг марказий қисмида баландлиги 80-90 см.ли кенг платформа-супа жойлашган бўлиб, қалъага жанубдан кирган магистрал йўл мана шу супага келиб тўхтайди. Супанинг шимоли-шарқий бурчаги яхши сақланган, шимолий ва шимоли-ғарбий томонлари эса бузилган. Шимоли-шарқий қисмида стратиграфик кузатув қилиш мақсадида 3,5х2,5 метрли майдонда қазишма ишлари олиб борилди. Маълум бўлдики, платформа-супа атрофи тўғри тўртбурчакли дев хомғиштлар билан ўраб чиқилган. Улар бир неча қатордан иборат бўлиб, қалинлиги 1 метрдан кам эмас. Девор ички томони бўйлаб, узунаси 3,5 метргача, чуқурлиги 1 метр хандақ қазилди. Қазилма майдонидаги материк устида 50 см.лик органик қолдиқларга бой кўмир аралаш кул қатлами кузатилди. Платформа-супанинг узунлиги шарқдан-ғарбга 13,50 метр шимолдан жанубга 8,5 метр.

    Шундай қилиб, Сополлитепа режа тархида илк бор мажлис ўтказадиган марказий майдон очилди. Бу меъморий анъананинг ривожланиши Жарқўтон оташпарастлик ибодатхонасида кузатилади.

    Аввалги тадқиқотларда Сополлитепада оташпарастликка хос топиниш алтарчалари патриархал оилавий бўлиб, умумқишлоқ аҳолиси бирга тўпланиб ўтказадиган марказий диний илоҳий майдон бўлмаган, деган хулосага келинган эди. Аммо Сополлитепа марказий майдонида олиб борилган қазишма натижалари шуни кўрсатдики, Сополлитепанинг марказий платформа-супа майдони умумқишлоқ миқёсида эркин деҳқон жамоаларининг ибодат йиғинларини биргаликда ўтказадиган марказий майдони, археологик ибора билан таърифлаганда, умумжамоа ибодатхонаси бўлиб чиқди.

    2017 йилда Сополлитепанинг қайси бир ҳудудида қазишмалар олиб бормайлик, 30-50 см. қалинликдаги органик моддалар аралаш маданий қатламни учратдик. Бу маданий қатламларда маданийлаштирилган бошоқли ўсимликларнинг куйган донлари, яъни буғдой, арпа, тариқ, нўхат, пахта чигити учради. Бу эса бронза даврида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парвариш қилиш юқори даражада бўлганлигидан далолат беради.

    Энг муҳими, ҳатто эски қазилма тупроқ уюмларини ўта майда кўзли илмий-техника аппаратида тоза сувга солиб ювилганда, улар ичидан тут меваси уруғи, пилла қурти личинкалари, жийда ва бодам данаклари, узум ва анжир уруғларига бой палеоботаник материаллар топилди. Улар лаборатория таҳлилларидан ўтказиш учун Хитой Фанлар академияси Умуртқалар палеонтологияси ва палеоантропология институтига (профессор Жоу Синг) юборилди. Хитойдан келган лаборатория таҳлиллари асосида ушбу мақола илмий-оммабоп шаклда ёзилди.

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги И.Абдураҳмонов раҳбарлигидаги Геномика ва биоинформация марказига топилган пахта чигитидан бир неча намуналарни параллел ўрганиш учун берилди. Уларни ўрганиш билан марказ лабораториясининг етакчи ходими, биология фанлари доктори, профессор З. Бўриев шуғулланди. У берган илмий хулосада қуйидагича ёзилган: “Ўрганиш учун берилган пахта чигити нусхалари ташқи кўринишда ҳақиқатан “ғўза” деб номланган пахта чигитига ўхшайди. Аммо чигитнинг мағизи (ДНК) куйиб кетган. Шунинг учун пахта навини аниқлаш мумкин бўлмади”.

    Шундай қилиб, Сополлитепа маданий қатламларидан пахта чигитининг кенг кўламда топилиши Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудлари Ҳиндистон ва Миср каби қадимги Шарқда пахтачилик маданиятининг марказларидан бири бўлганини билдиради.

    Сополлитепа қабрларида табиий ипак матодан тикилган кийим парчаларининг учраши ва тут дарахтининг мавжудлиги, унинг барги билан ипак қуртини боқиш тажрибаси бронза даврида жанубий Ўзбекистонда ипакчилик хўжалигининг ривож топганидан далолат. Жийда, бодом ва кўплаб узум данаклари, анжир уруғларининг учратилиши юксак даражада ривожланган қадимги боғдорчиликдан гувоҳлик беради. Сон-саноқсиз бошоқли ўсимликлар донлари (буғдой, арпа, нўхат, тариқ ва бошқалар)нинг топилиши эса қадимги Ўзбекистон маданийлаштирилган бошоқли ўсимликлар ватани эканлигини кўрсатади.

    Буларнинг барчаси, ҳеч бир муболағасиз, Ўзбекистон ҳудудида бронза даврида суғорма деҳқончилик маданияти юксак даражада ривож топганидан нишонадир. Демак, милоддан аввалги II минг йиллик бошларидан Ўзбекистонда пахта экилган, ипак қурти боқилган, боғдорчилик ва суғорма деҳқончилик маданияти юксак даражада ривожланган.

    Аҳмадали АСҚАРОВ,

    Низомий номидаги ТДПУ профессори,

    академик (Ўзбекистон),

    Жоу СИНГ,

    профессор (Хитой),

    Муталлиб ҲАСАНОВ,

    Ўзбекистон ФА қошидаги Миллий археология маркази

    катта илмий ходими (Ўзбекистон)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates