IPO – иқтисодий барқарорлик локомотиви

    Пулни пул топади. Халқона содда тилда айтилган бу ибора иқтисодий жиҳатдан тўла асосга эга.

    Бинобарин, даромад келтирувчи ҳар қандай фаолиятни ташкил этиш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва ривожлантириш учун сармоя, бошқача айтганда, пул керак. Маълум соҳа ёки тармоққа тикилган инвестиция эса, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни реализация қилиш орқали даромад келтиради. Қолаверса, пулнинг бир жойда ҳаракатсиз туриши инфляция натижасида унинг қийматини туширади. Шу нуқтаи назардан ҳам ҳеч бўлмаганда қиймат йўқолмаслиги учун пул ҳаракатда бўлиши керак.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида 2023 йилда энг йирик 10 та компания ва банкнинг акциялари юртдошларимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилишини таъкидлар экан, бу чинакам халқчил IPO бўлишига ишонч билдирди.

    IPO нима, унинг қандай фойдали томонлари бор?

    Шу ўринда ҳақли савол туғилади: IPO ўзи нима, унинг давлат ёки халқимизга қандай фойдаси бор? Аввало, ўзаро мулоқотимизда нисбатан янги атама бўлган IPO ҳақида тўхталиб ўтсак.

    Сўзимиз аввалида бежизга сармоянинг ҳаракатда бўлиши қўшимча пул, яъни даромад келтириши ҳақида фикр юритмадик. Зеро, айни мавзуимиз – IPO ҳам қайсидир маънода турғун маблағни ҳаракатга келтириш орқали иқтисодий барқарорликка эришишга қаратилган.

    Аслини олганда, IPO (Initial Public Offering) – бирламчи оммавий таклиф бу компаниялар томонидан ўз акцияларини биринчи марта биржа листингига киритиб, оммага таклиф қилиш жараёни ҳисобланади. Демак бундан англашиладики, халқ IPOси ўз навбатида, компания акциялари чет эллик инвесторларга эмас, биринчи навбатда, маҳаллий аҳоли учун савдога қўйилишидир. Бошқача айтганда эса, бу мамлакат иқтисодиёти ривожи йўлида аҳоли қўлидаги пул маблағларини жалб қилишнинг бир усули.

    Бугунги кун шароитида бу жараён барча тарафлар – давлат, компаниялар ва акцияларни харид қилувчилар учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Келинг яхшиси, ўша фойдали жиҳатлар, умуман, ушбу жараённинг иқтисодий самарадорлигини ўзимизнинг мисолимизда кўриб чиқсак.

    Айтайлик, сиз бирор муқим иш билан бандсиз ва ундан топаётган даромадингизнинг маълум қисмини оила харажатларидан орттириб, бирор катта мақсад учун йиғиб боряпсиз. Шу кеча-кундузда сиз жамғариб бораётган пул, масалан, 20 миллион сўм бўлди. Сиз бу пулнинг инфляция ҳисобига қадрсизланмаслиги, аксинча, уни кўпайтириш учун нима қилган бўлар эдингиз?

    Гап пулни энг самарали йўл билан кўпайтириш ҳақида борар экан, бу борада тадбиркорликка тенг келадигани йўқ, аслида. Лекин бу ҳолатда сиз бирор тадбиркорлик фаолиятини бошлашингиз қийин. Негаки, биринчидан, сиз бошқа фаолият тури билан бандсиз ва табиийки, тадбиркорлик кўникмангиз йўқ ёки етарли эмас. Иккинчидан, маблағингиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга камлик қилади, шу боис банкдан кредит олишга тўғри келади. Умуман олганда, бу катта таваккал ва уни амалга ошириш учун сизда пухта бизнес режа бўлиши керак. Демак, тадбиркорлик бир томондан жуда самарали, аммо бошқа томондан эса, сиз учун охири мавҳум иш.

    Шунинг учун ҳам одатда аксариятимиз эҳтиёжларимиздан орттирилган маблағга қишлоқ шароитида чорва, тилла буюмлар, шаҳарда эса хорижий валюта оламиз ёки уни банкка депозитга қўямиз.

    Танловингиз уларнинг қайси бири бўлишидан қатъи назар, ютқазмайсиз. Чорва учун ем-ҳашак зарурлиги, банк депозитлари учун қайта молиялаш ставкаси ҳисобга олиниши, хорижий валюта курсининг тушиши мумкинлиги ва яна бошқа эҳтимолларга қарамасдан, пул “кучи”ни сақлаб туришингиз, ҳатто, вазиятига қараб фойда ҳам кўришингиз мумкин. Амалда кўпчилигимизнинг иқтисодий ҳаётимизда шундай бўляпти ҳам.

    Иқтисодий самарадорлиги қандай?

    Хўш, агарда IPO иштирокчисига айланиб акциядор бўлсак, иқтисодий ҳолатимиз қандай бўлади?

    Халқ IPOси нафақат сиз, балки юқорида айтиб ўтганимиздек, барча тарафларлар учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Буни давлат, компания ва ўзимиз, яъни уч томон манфаати нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.

    Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, IPO жараёнида сиз барқарор компанияларни танлаб, уларнинг акцияларини сотиб оласиз. Бундай акцияларга узоқ муддатга пул тикишда мураккаб даромад (compound interest) деган имконият бор. Бу – бизнес ривожланиши, улушларга бўлган талаб ошиши туфайли инвестициялар экспоненциал ўсиб бориши мумкин, дегани. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, ўз омонатларингизни инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлиш имкони. Лекин ушбу жараёнда ҳам бизнесга хос таваккалчилик ва шунга мос равишда хатарлар мавжудлигини унутмаслик лозим. Хатарлар хавфини камайтириш эса сизнинг йирик ва истиқболли компанияларни танлашингизга боғлиқ. Демак, умумий жиҳатдан олиб қаралганда, бу биз учун иқтисодий жиҳатдан самарали танлов.

    IPO давлат учун ҳам қатор қулайликлар яратади. Айтайлик, давлат энергетик барқарорликка эришиш йўлида соҳани ислоҳ қилмоқчи. Бу борада қўшимча энергия ресурслари қувватларни яратиш учун эса 25-30 миллиард доллар маблағ зарур. Табиийки, ушбу йўналишда фаолият юритаётган ациядорлик жамиятларининг ҳозирги молиявий ҳолати буни “кўтармайди”. Лекин соҳа ислоҳотга муҳтож. Бундай шароитда ушбу йўналишдаги корхоналар халқаро молия ташкилотларидан кредит жалб этиши талаб этилади. Бу эса ўз навбатида, мамлакат ташқи қарзи миқдори ошишига олиб келади.

    Самарали IPO жараёни эса ҳам давлатни, ҳам компанияни бундай оғир “юк”дан қутқариши билан бир қаторда, кўзланган энергетик мақсадларга эришиш ҳам акциядорлар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилади.

    Қолаверса, акцияларини IPOга чиқарган компаниялар инвесторлари олдида ҳисобдор ва шаффоф бўлишга мажбур бўлади. Шунинг учун улар ҳисоб юритиш тизимларини ислоҳ қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланишга ўтади. Бу эса ўз навбатида, қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.

    IPO айниқса, компаниялар учун жуда самарали ҳисобланади. Дейлик, бирор йирик компания ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш мақсадида янги қувватларни ишга туширмоқчи. Табиийки, бу жараён катта маблағ талаб этади. Компанияда эса бунча пул йўқ.

    Бундай вазиятда компаниялар тижорат банкларидан кредит олади. Бунда, лойиҳадан келадиган даромаднинг каттагина қисми кредит фоизлари учун йўналтирилади.

    Компания учун акцияларини биржада сотиш эса кредит билан боғлиқ катта таваккалчиликка нисбатан анча самаралидир. Чунки самарали бизнес эгалари (стартаплар) жамият акцияларини фонд биржасида шаффоф ва самарали жойлаштириш орқали миллионлаб инвесторлар ва миллиардлаб сармояларни жалб қилиш имконига эга бўлади. Шу тариқа компания акциялар сотувидан тушган пулни бизнесга йўналтиради, ундан оладиган фойдасидан эса ҳиссадорларга дивиденд тўлайди. Мабодо бунинг акси бўлиб лойиҳа ўзини иқтисодий жиҳатдан оқламаса, зарар миқдори юз минглаб инвесторларга бўлиниши ҳисобига компания учун хатар юки камаяди.

    IPOнинг компаниялар учун яна бир ижобий жиҳати, биржадаги листинг мазкур компанияни машҳур қилади, мақом беради ва энг муҳими, юқорида айтиб ўтганимиздек, иқтисодий капиталга эга бўлиш имконини осонлаштиради.

    Шу маънода ва умуман олганда ҳам, IPO компаниялар ривожи учун катта қадамдир. Чунки, ушбу жараён самарали капиталга эга бўлиш билан бир қаторда, қарз инструментлари (облигациялар, тижорат банклари кредитлари)га нисбатан самаралироқ ҳамда молиявий рискларни бошқара оладиган воситани таклиф қилади.

    Жараён қандай ташкил этилади?

    Албатта, компания янги акцияларини шунчаки чиқаролмайди ҳамда уларни дарҳол биржага жойлаштира олмайди. Ундан олдин у инвестиция банклари, адвокатлар ва бошқа кўплаб мутахассислар иштирок этадиган бир нечта босқичлардан ўтиши керак. Зеро, компания биржага кирганидан сўнг акциялари оммабоп бўлиши зарур. Ушбу амалиёт одатда тўрт босқичда амалга оширилади. Булар дастлабки, тайёрлов, асосий ва якунловчи босқичлардир.

    Шу ўринда, ушбу босқичларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Дастлабки босқичда жамият ўз бизнесини, активлар тузилишини ва корпоратив бошқарувни баҳолаб, қандай нархда ва қанча акция чиқарилиши кераклигини ҳисоблайди ва шунга мос равишда компаниянинг келажакдаги капиталлашувини аниқлайди.

    Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, жамият кузатув кенгаши барча ижобий ва салбий томонларни кўриб чиқиб, IPOга чиқиш ёки чиқмаслик ҳақидаги хулосаларини акциядорлар умумий йиғилишига киритади. Агар қарор ижобий бўлса, жамият андеррайтер билан шартнома имзолайди ва шу тариқа IPOнинг навбатдаги тайёргарлик босқичи бошланади.

    Кези келганида таъкидлаш жоизки, андеррайтер – бу аниқ шартнома доирасида эмитент қимматли қоғозлари чиқарилишини ташкиллаштириш ва ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи (инвестиция воситачиси ёки тижорат банки) ҳисобланади.

    Иккинчи, яъни тайёрлов босқичида андеррайтер акцияларни биржага олиб чиқишнинг барча тайёргарлик тартиби билан шуғулланади. Одатда, IPOларда бир нечта андеррайтерлар ишлайди. Бундан ташқари, акциялар жойлаштириладиган фонд биржаси танланади.

    Андеррайтер компанияни баҳолайди ва бозор шароитларини инобатга олган ҳолда, бўлажак IPO параметрларини аниқлайди: жами қанча акциялар ва қандай бошланғич нархда чиқарилади, шунингдек, биржага қимматли қоғозларни чиқаришнинг энг яхши, мақбул вақти қачонлигини белгилаб беради.

    Шунингдек, ушбу босқичда жамият андеррайтер билан биргаликда IPO ўтказиладиган мамлакат регулятори учун проспект тайёрлайди. Масалан, Россияда фонд биржаларидаги ишлар Россия банки, АҚШда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (СЕС) томонидан назорат қилинса, Ҳиндистон, Хитой, Австралия ва Ўзбекистонда молия вазирликлари томонидан мувофиқлаштирилади.

    Яна бир муҳим жиҳат шундаки, капитал бозори ривожланган мамлакатларда проспектдан ташқари, андеррайтер эмитент билан инвестиция меморандумини – инвесторларга компанияга сармоя киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатни ҳам тайёрлайди.

    Ва ниҳоят, инвесторларнинг жойлаштирилган ҳужжатларга қизиқишини ошириш учун реклама компанияси бошланади. Компания вакиллари ҳудудий молиявий марказларга саёҳат уюштиради ва шу жараёнда потенциал инвестор ва брокерлар билан учрашади. Бундай “Road show”лар инвесторларга жамиятнинг кўрсаткичлари ва акцияларни жойлаштириш маълумотларини очиб беради. “Road show” одатда, икки-уч ҳафта давом этади.

    Навбатдаги асосий босқичда, “Road show” пайтида эмитент акцияларига олдиндан аризалар йиғилади. Йиғилган аризаларга кўра, андеррайтер инвесторларнинг қанча акцияларни сотиб олишга тайёрлиги ва қандай нархда эканлиги тўғрисида маълумот олади. Халқаро тажрибага кўра, андеррайтер акцияларни IPO биржага киришидан олдин сотиб олиш ва уларни жойлаштиргандан кейин қайта сотиш ҳуқуқига эга.

    Таъкидлаш керакки, агар компаниянинг IPOси шов-шувга сабаб бўлса, унда акцияларга бўлган талаб таклифдан ошиб кетади ва жамият андеррайтер билан биргаликда акциялар нархини ошириши ёки қўшимча қоғозларни чиқариши мумкинлиги юзасидан қарор қабул қилади.

    Якуний босқичда эса акциялар биржада листингга киритилади ва қимматли қоғозлар муомаласи бошланади. Биржада савдолар бошланиши билан IPO қанчалик самарали эканлиги аниқ бўлади. Агар қимматли қоғозлар нархи бозор шароитларига мос келадиган бўлса, унда эмитент фонд бозорида барқарор обрў-эътиборни шакллантириш ва унинг капиталлашувини оширишга ишонади.

    Албатта, бу жараён қимматроқ бўлсада, IPO янги инвестиция имкониятларини яратиш ва соҳаларда ўсишни рағбатлантириш орқали иқтисодиётга ёрдам беради. Улар компанияларни тезроқ ривожлантиради ва бу одатда, янги иш ўринлари яратилишига олиб келади. Кауффман жамғармаси томонидан 2012 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 1996 ва 2010 йиллар оралиғида биржага чиқарилган 2 минг 700 дан ортиқ компаниялар 2,2 миллион кишини иш билан таъминлаган ва жами савдоси 1 триллион доллардан ошган.

    Рақамлар таҳлили ёхуд IPOда янги қадамлар

    Маълумки, коронавирус пандемияси, глобал иқтисодий инқироз, дунё саҳнидаги геосиёсий вазият ва халқаро санкциялар натижасида жаҳон ва минтақавий фонд бозорларида инвестициявий фаоллик секинлашди. Бу эса ўз навбатида, содда қилиб айтганда иқтисодиётнинг “тинкасини қуритди”.

    Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, 2022 йилда глобал IPO ҳажми 45 фоизга камайди, лекин пандемиядан олдинги вақтлар билан солиштирганда, иқтисодий танг ҳолатларга қарамай битимлар сони 16 фоизга ошди ва муваффақиятли амалга оширилган IPOларнинг 67 фоизи Шарқий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келди.

    Бундан хулоса қилиш мумкинки, пандемия сабабли ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий фаоллик тезлашган ҳамда рақамли иқтисодиёт ва оммавий ахборот воситаларининг фаол ишитироки ҳисобига IPOлар ҳажми ошган.

    Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан IPOларни муваффаққиятли амалга ошириш мақсадида тўғридан-тўғри капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, чет эл банклари ва инвестиция воситачиларининг Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар бозорида махсус лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.

    Давлат корхоналари ва банклари учун оммавий таклиф жараёнлари амалга оширилади. Халқаро инвесторлар учун давлат облигациялари билан савдо қилиш имкони яратилди.

    Шунингдек, соддалаштирилган AML/KYC жараёнлари билан депо/брокер ҳисобларини масофадан очиш имконияти пайдо бўлди. “Ўзбекистон Республика валюта биржаси” АЖда валюта хатарларини камайтиришга қаратилган валюта фъючерс шартномалари бўйича операциялар йўлга қўйилди. Қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказиш, лицензия ва малака сертификатларини олиш тартиби стандартлаштирилди ва рақамлаштирилди. Эътиборли жиҳати, айни йўналиш бўйича қонунчилик базаси доимий янгиланиб, мустаҳкамлаб борилмоқда.

    Бундан ташқари, фонд бозори бўйича халқнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича ўқув материаллари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, тизимли чоралар кўрилмоқда.

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан регулятор сифатида кўрилган чора-тадбирлар натижасида эмиссия қилинга акция ва облигация ҳажми 2018 йилга нисбатан кескин кўтарилди.

    Ўз ўрнида, вазирлик томонидан “UzAuto Motors” АЖ очиқ тендер асосида IPOни ташкиллаштирувчи андеррайтер сифатида “Фреедом Финанcе” инвестиция воситачиси танлаб олинди. Корхона “Тошкент” Республика фонд биржасининг биржа листингига киритилди, корхона акциялари халқаро стандартлар асосида 2,2 миллиард доллар миқдорида баҳоланди.

    10-20 фоиз чегирма билан бир дона акция учун нарх чегараси 72 минг 500 – 81 минг 500 сўм ва IPO ҳажми корхона жами акцияларининг 1-2 фоизи (195,8 миллиард – 391,6 миллиард сўм) атрофида белгиланди. 9 та вилоят маркази ва йирик шаҳарда “Road show” тадбирлари ва инвесторлар учун тақдимотлар ўтказилди. Буюртмалар китоби 2023 йил 15 февралга қадар республика бўйлаб аризалар қабул қилиш учун очилган.

    Шу билан бирга, “Ўзметкомбинат” АЖ томонидан “Фреедом Финанcе” инвестиция воситачиси ёрдамида жамият тарихидаги илк корпоратив облигациялари (18 ойлик муддатга 23 фоиз ставкада) 2021 йил 28 декабрда маҳаллий фонд бозорига муваффақиятли чиқарилди. Ҳозирги кунда IPOга тайёргарлик жараёни кетяпти. Мазкур IPO жорий йилнинг охирги чорагида якунланиши кутилмоқда.

    “Тошкент” Республика фонд биржаси савдолари ҳажми таҳлилига кўра, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ қувонарли жиҳат шундаки, унда маҳаллий инвесторлар сони чет эллик инвесторлардан кўп. Ўз навбатида бу – шунинг учун ҳам халқчил IPOни маҳаллий фонд бозоридан бошлаш зарурлигига ишора беради.

    Кўпгина мамлакатларда коронавирус пандемияси салбий ҳолатлари камайгани сабабли, ҳукуматлар табиий равишда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга эътиборни кучайтиради. Бу кўп қиррали ёндашув ва аниқликни талаб қиладиган муҳим вазифа. Юқорида таъкидланганидек, IPOлар иқтисодиётни қайта тиклашнинг тасдиқланган усули бўлиб, ижобий ва кенг кўламли тўлқин таъсирига эга. IPOлар фаровонлик сари айланма йўлни таклиф қилишлари мумкин бўлса-да, улар қизиқарли ва истиқболли йўналишга сармоя киритиш таклифи билан иш ўринлари яратиш ва катта инновациялар учун ишончли локоматив ҳисобланади.

    Тўлқин ТЕШАБАЕВ,

    Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    Маъруф МИРЗАМАҲМУДОВ,

    Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates