Сирдарё соҳилида экологик акция ўтказилди

    21 май куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманида “Тозалик ва озодалик ўйинлари” эковолонтёрлик, тарғибот лойиҳаси форматидаги “Сирдарё – дўстлик дарёси” экологик акцияси бўлиб ўтди.

    Ушбу лойиҳа интерактив ўйин орқали аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлод ўртасида атроф-муҳитни асраш, табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини оммалаштириш каби мақсадларни кўзда тутади. “Тозалик ва озодалик ўйинлари” бугунга қадар дунёнинг 30 га яқин давлатида ташкил этилган. Ўзбекистонда илк бор ўтказилган мазкур ўйинда табиатга бефарқ бўлмаган 100 дан ортиқ кўнгиллилар иштирок этди.

    Сўнгги йилларда атроф-муҳит, экология масалалари тобора долзарб тус олмоқда. Инсонларнинг табиатга нисбатан норационал муносабати туфайли бир қатор минтақавий, глобал муаммолар юзага келмоқда. Озон қатламининг емирилиши, глобал исиш, атмосферанинг ифлосланиши, “иссиқхона эффекти”, сув ресурслари камайиши шулар жумласидандир. Бир сўз билан айтганда, сайёрамиздаги экологик вазият кундан-кунга оғирлашиб бормоқда.

    Тарихдан маълумки, йирик дарёлар азалдан халқлар ва давлатлар ҳаётининг интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этган, улар бўйида йирик шаҳарлар ва цивилизациялар шаклланган. Марказий Осиё минтақасида бу роль айнан Сирдарёга тегишлидир. Минг йиллар давомида ушбу дарё экинларни суғориш, балиқ етиштириш ва юк ташувини амалга оширишда муҳим ресурс сифатида хизмат қилган.

    Сирдарё қадимийлиги жиҳатдан Марказий Осиёда биринчи ва сув миқдори бўйича иккинчи ўринда туради. Юртимиз ва қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳудудидан оқиб ўтувчи мазкур дарё узоқ ўтмишдан буён минтақа халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаган. Бир дарёдан сув ичган, тарихий илдизлари ўзаро туташган эллар учун Сирдарё – халқ дипломатияси тимсолига айланиб улгурган.

    Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси, “Тозалик ва озодалик ўйинлари” халқаро волонтёрлик ҳаракати кўнгиллилари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад иштирокчиларга ўйин шаклида табиатни муҳофаза қилиш, Сирдарёнинг минтақадаги экологик барқарорликни сақлашдаги ўрни ҳақида маълумот бериш, кундалик ҳаётда чиқиндиларни саралашнинг аҳамиятини тушунтиришдан иборат.

    Тадбир дастуридан эко-тренинг, “Тозалик ва озодалик ўйинлари” интерактив ўйини, пикник, иштирокчиларни тақдирлаш маросими ўрин олди.

    Ташкил этилган эко-тренинг доирасида иштирокчиларга чиқиндиларни саралашнинг аҳамияти, кундалик ҳаётда амал қилиниши лозим бўлган экологик қоидалар, Сирдарёнинг минтақадаги тарихий ва бугунги кундаги аҳамияти, унинг Марказий Осиё халқлари ҳаётида тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.

    “Тозалик ва озодалик ўйинлари” доирасида иштирокчилар томонидан кун давомида Сирдарё соҳили чиқиндилардан тозаланди. Йиғилган чиқиндилар сараланиб, махсус қопларга жойланди ва утилизация учун махсус пунктга юборилди. Экологик акция якунида иштирокчилар дўстлик дастурхони атрофида жамланди. Шунингдек, “Тозалик ва озодалик ўйинлари”да ғолиб, деб топилган жамоалар ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

    Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, Самарқанд декларациясининг бу борадаги муҳим ўрнига тўхталиб, декларацияда хавфсиз, тоза ичимлик сув манбалари, асосий санитария ва гигиена хизматларига эришиш имкониятлари чеклангани замонамизнинг йирик муаммоларидан бири сифатида кўрсатилгани, сув ресурларидан унумли фойдаланиш, барқарор ривожланиш шартларига амал қилиш зарурлиги қайд этилганига урғу берди. Шунингдек, мазкур лойиҳа иштирокчиларнинг атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар ҳар бир инсонга боғлиқлигини англаб етишига, дарё ёқасидаги халқлар ўртасида экологик маданиятни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

    Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси раиси Ширин Aбидова бугунги кунда волонтёрлик ҳаракати дунё аҳолисини биродарлик, дўстлик, экологик барқарорлик ва дунё тинчлиги йўлида бирлаштирувчи муқобил дипломатик платформага айланганини қайд этди. Шунингдек, жамият манфаатларини кўзлаб фаолият юритаётган волонтёрлар, Pro bono волонтёрлар, ташаббускор аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлади.

    Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Умархонов Сирдарё минтақамиз учун муҳим сув ресурси эканини, унинг нафақат инсонлар, балки турли ўсимлик ва ҳайвон турларини ҳаёт билан таъминлашдаги ўрни катта эканини айтиб ўтди. Шунингдек, барча акция иштирокчиларини Сирдарёни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.

    Тошкент шаҳар прокурорининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Бобур Наркузиев “Сирдарё – дўстлик дарёси” экологик акцияси дарёнинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишда самарали восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

    Экологик акция иштирокчилари томонидан 4 тоннадан ортиқ чиқинди йиғилди. Тадбирда фаол иштирок этганлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

    Мазкур лойиҳа ёшларнинг экологик дунёқарашини юксалтириш, уларни табиатга, хусусан, сув ресурсларига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates