Таъкидлаш жоизки, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўринни эгаллаши, фаровон турмуш кечириши учун шарқоит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада ёшларнинг ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, янги лойиҳалар тайёрлаш, ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, тил ўргатиш, муҳокамалар майдони яратиш, турли соҳаларда маҳорат дарсларини ўтиш учун ҳар бир ҳудудда “Ёшлар маркази” ташкил этилмоқда.
— Президентимиз билан Қарши шаҳрида янги очилган Ёшлар марказида учрашдик. Суҳбат чоғида янги ғоялар, ғайрат ва мотивация олдик, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Бугун ёш авлоднинг порлоқ келажагини яратиш йўлидаги ғамхўрликлар ўз самарасини бермоқда. Ёшлар жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланмоқда. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, жумладан, ёшлар ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, тил ўргатиш, муҳокамалар майдони яратиш, турли соҳаларда маҳорат дарсларини ўтиш учун ҳар бир ҳудудда Ёшлар маркази ташкил этилмоқда.
Мазкур марказларнинг қуриб фйдаланишга топширишдан кўзда тутилган асосий мақсад, жуда кўп тадбиркор ёшлар ўзларининг бошланғич бизнес лойиҳалари, креатив ташаббусларни амалга ошириши учун маълум бир жой керак эди. Яъни ёшлар таклиф этаётгани лойиҳаларини муҳокама қилиши, тенгдошлари билан фикр алмашиши, лойиҳани янада пишитиши учун марказ қуриш таклифи билан чиқди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг амалий натижаси сифатида мана Ёшлар маркази барпо этилди. Ёшлар марказида қандай фаолият ташкил қилиш кераклигини ёшларнинг ўзи белгилашди. Улар асосан IT соҳасига қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб, фермерлик ва тадбиркорлик маркази ҳам фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда қишлоқ хўжалигида тежамкор технологиялардан фойдаланиш, сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича билим ва кўникмага эга бўлишлари мумкин. Ёшлар яна бир яхши ғоя билан чиқишди, яъни марказда бизнес кутубхона ташкил этиш ташаббуси. Бу шундай бўладики кутубхонада бадиий китоблар билан бирга бизнесга дахлдор китоблар бўлиши, инновацион учрашувлар, бизнес семинарлар ташкил этилиши, тадбиркорлар билан маҳорат дарслари ўтилиши йўлга қўйилади. Чунки, Қашқадарё вилоятида ҳам потенциали юқори бўлган, ёш ёниб турган тадбиркорлар бор. Уларга озгина йўналиш, тўғри маслаҳат берилса ишлари юришиб кетади. Ўйлайманки, мазкур марказ ёшларнинг муваффақият уйига айланади.
Қашқадарёда 18-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 780 минг 642 нафарни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, мазкур марказ ёшлар учун жуда муҳим ва зарур. У минглаб ёшларни турли хил тўгараклар атрофида бирлаштириб, истеъдодини юзага чиқаришда, касб-ҳунарга меҳр уйғотишда катта ўрин тутади.
Қарши шаҳрида янги барпо қилинган ёшлар маркази ўз ичига 20 дан ортиқ янги йўналишларни қамраб олган. Ушбу марказда маҳоратли мураббийлар кун давомида тўрт маҳал ёшларга ўз билим ва кўникмаларини бериб боради. Қашқадарё вилоятидаги тадбиркор ва фермерлар ўз тажрибаларини доимий равишда ёшлар билан ўртоқлашади.
Марказда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси маркази, Тадбиркорлик ва фермерлик маркази, " IT экспорт" маркази, "Ёшлар студиоси" маркази, 3D дизайн студияси, " ITECH" маркази, "Фрилансерлар" маркази, Мактаб битирувчилари бандлигини таъминлаш маркази, "Психологик маслаҳат" маркази, Беш ташаббусни мувофиқлаштириш каби марказлар фаолияти йўлга қўйилади.
"Янги Ўзбекистонни мактаб остонасидан яратамиз", "Қишлоқ хўжалиги ёрқин келажагини сиз ёшлар билан яратамиз", "Муваффақиятли бизнес сари-сенинг илк қадаминг" шиорлари остида лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Энг қувонарлиси “Ёшлар маркази”дан ахборот ресурс маркази ҳам ўрин олган. Қаршилик ёшлар ушбу кутубхонадан севимли китобларини олиб ўқишлари, турли бадиий асарлар юзасидан бўладиган адабий баҳсларда иштирок этиши мумкин.
IT ва 3D марказларида турли анимацион фильм ва мултфилмлар яратилади.









