Ислоҳотлар мазмунидаги муштараклик

    Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчисихонаси ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси билан ҳамкорликда Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Ўмон Султонлиги собиқ раҳбари Султон Қобуснинг маърифатпарварлик ва илм соҳасидаги ислоҳатларига бағишлаб “Маданий ўлчов ва Ўзбекистон - Ўмон мулоқоти: ислоҳотлар йўли” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.

    Маълумки, жорий йилда Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади. Маҳмудхўжа Беҳбудий жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири сифатида халқимизни замонавий илм-фанга чорлаган, маърифатпарварликни миллий тараққиётнинг асосий йўли деб билган. Алломанинг асарлари, педагогик қарашлари ва сиёсий фаолияти нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон шарқида янги уйғониш руҳини пайдо қилди.

    Ўмон Султонлиги тарихида эса Султон Қобус бин Саид ҳазратлари ҳам ана шундай маърифатпарвар инсон сифатида хотирланади. Ҳар икки зот турли давр ва минтақада яшаб, фаолият олиб борган бўлса-да, аммо уларнинг ғоявий қарашлари, халқни маърифатли қилиш борасидаги мақсадлари муштарак эди.

    Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов ҳамда Ўмоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир ал-Бусаидий табрик сўзлари билан очиб берди.

    Анжуман давомида “Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросининг ўзига хос жиҳатлари”, “Султон Қобус бин Саид: замонавий Ўмоннинг ислоҳотчи ҳукмдори”, “Қобус бин Саид ислоҳотлари: ёпиқликдан замонавий давлатга”, “Жадидлар ва Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик ва илм-фан соҳасидаги фаолияти”, “Ўмон – анъана ва модернизация чорраҳасида: Султон Қобус мероси”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Султон Қобуснинг маърифатпарварлик қарашларининг ўхшаш жиҳатлари”, “Султон Қобус ислоҳотларининг жадидлар ислоҳотларига мослиги” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

    Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 27 декабрь куни “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор имзоланган эди. Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси томонидан ҳам аллома хотирасини абадийлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, талабалар учун “Беҳбудий” номида стипендия жорий этилган, жадидчилик меросига бағишланган илмий анжуманлар ўтказилмоқда, ёшлар орасида Беҳбудий асарларини ўқиш ва тадқиқ этиш бўйича махсус давра суҳбатлари йўлга қўйилган.

    Шунингдек, Ўмон Султонлигининг марҳум раҳбари, Султон Қобус бин Саид ҳазратлари ўз юртида амалга оширган ислоҳотлари ҳам дунё ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланган. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-сиёсий соҳаларда катта ислоҳотларни амалга оширди. Аёлларнинг таълим ва меҳнатдаги ролини қўллаб-қувватлади. Унинг султонлик даври тарих саҳифаларида “Ўмон уйғониши” деб аталади.

    Анжуман доирасида Ўмон Султонлигининг элчихонаси томонидан ташкил этилган тасвирий санъат кўргазмасининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.

    Ўз мухбиримиз

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates