Ислом тараққиёт банкининг 46 йиллик анжумани очилишига бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 3 сентябр 2021 875

    Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар Кенгашининг 46 йиллик анжумани доирасида режалаштирилган қатор тадбирларнинг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ИТБ Президенти Муҳаммад ал-Жассир ва Банк Гуруҳи Бошқарувчилар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков сўзга чиқди. Шунингдек, тадбир чоғида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ видеомурожаат йўллади.

    Тадбир давомида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига БМТ барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ 2020 йилда Банкка аъзо мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш, коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммо ва чекловларни ҳал этишда аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлаш борасида ИТБ гуруҳи томонидан эришилган натижалар ҳамда бу йил Банк олдида турган вазифалар ҳақида маълумот берилди.

    Сўзга чиққанлар жорий йилда «Чора кўриш, тиклаш, қайта ишга тушириш» шиори остида ўтказилаётган Йиллик анжуман Банкка аъзо мамлакатларга иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш ва халқаро савдони ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор долзарб муаммоларни ҳал этиш масалаларидан иборат умумий кун тартибини ишлаб чиқиш учун имконият яратаётганини таъкидладилар.

    Тадбир доирасида ИТБнинг 2020 йилдаги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот дайджести тақдим этилди. Хусусан, 2020 йилда пандемия билан боғлиқ муаммоларга қарамай, жами ИТБ ва унинг шўъба корхоналари Банкка аъзо мамлакатларда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун 6,8 миллиард долларга яқин маблағ ажратгани қайд этилди. Бундан ташқари, Стратегик тайёргарлик ва жавоб дастури доирасида пандемия оқибатларини бартараф этишда аъзо мамлакатларга ёрдам беришга қаратилган 2,3 миллиард долларлик алоҳида молиялаштириш пакети шакллантирилди.

    Видеоконференция давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари кун тартиби доирасида долзарб мавзуларда саволлар бериш ва маърузачилар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар. Хусусан, журналистларни ИТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, янги қўшма ташаббус ва лойиҳалар, шунингдек, мамлакатдаги тижорат банклари ва хусусий компанияларни молиялаштириш учун ИТБ воситаларини жорий этиш шарт-шароитлари қизиқтирди.

    Матбуот анжумани якунида бир қатор ҳужжатларнинг имзолаш маросими бўлиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик салоҳияти тўғрисида Меморандум имзоланди. Жамғарманинг мақсадлари ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартап лойиҳаларига инвестициялар киритишдан иборат бўлади. Келгусида капитали 500 миллион долларга етказилиши режалаштирилган жамғарма тадбиркорларга янги лойиҳа ва ташаббусларни йўлга қўйишда молиявий-техник ёрдам кўрсатишнинг самарали платформасига айланиши кутилмоқда. Жамғарма акциядорлари ИТБ, шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳукуматлари бўлади.

    Жамғарма Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жамғарма фаолияти келажакда мамлакатда 100 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратади ва Ўзбекистонда 34 мингга яқин кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини тиклашни қўллаб-қувватлайди.

    Шунингдек, Ислом тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида тегишли режалар тўғрисидаги хатлар билан алмашилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates