Исроил Ҳомс, Латакия ва Пальмира чеккаларига зарбалар уюштиргани Сурия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қораланди ва бу ҳаракатларни мамлакат суверенитетини “қўпол равишда бузиш” сифатида баҳолади. Бу ҳақда 9 сентябрь, сешанба куни Сурия давлат ахборот агентлигига таяниб, Reuters хабар берди.
Хабар қилинишича, кечқурун Исроил авиацияси Суриянинг марказий қисмига, хусусан, Ҳомс шаҳри чеккаси, асосий порт шаҳар Латакия ва тарихий Пальмирага ҳужум қилган.
Ал-Ихбария телеканалининг аниқлик киритишича, ҳужумлар нишонларидан бири Ҳомснинг Аврас тумани яқинидаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа коллежи бўлган.
Исроил бу ҳаракатларга изоҳ бермади.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг бундай ҳаракатлари минтақавий барқарорликка таҳдид солаётганини, яна бир бор халқаро меъёрлар бузилганини таъкидлади.
Июль ойида Исроил Дамашққа, хусусан, Сурия қуролли кучлари идорасига ҳаво ҳужуми уюштирган эди. Бу воқеа жойларда вазиятнинг мураккаблашишига олиб келди ва мамлакат жанубидаги Сувайда шаҳрида Сурия ҳукумат кучлари ва друз жангарилари ўртасидаги можаронинг кучайишига сабаб бўлди.
Аввалроқ Исроил Суриядаги друзлар қишлоғини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган эди. Хусусан, Исроил армияси (ЦАХАЛ) жанговар шайликни ошириш бўйича буйруқ олганди, деб хабар берди korrespondent.net.









