2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишда, республика ҳудудига совуқ ҳавонинг кириб келиши муносабати билан жорий йилнинг 12-14 октябрь кунидан бошлаб кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминлаб келинмоқда.
Бугунги кунда республика миқёсида 38 382 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, улардан 15 120 таси (39,4%) марказлашган иссиқлик таъминотига, 5 588 таси (14,6%) индивидуал (икки контурли қозонлар, контрамарка, голланд печлари орқали) иссиқлик таъминотига эга. Қолган 46%, яъни 17 674 та кўп қаватли уйлар бошқа турдаги лойиҳасиз (кондиционер, электр иситгичлар ва қўлбола иситиш мосламаларидан) фойдаланиб келмоқда. Мазкур уйларнинг аксарияти 2 ва 3 қаватли уйлардан иборат.
Бугунги кунда республика бўйича Бухоро (68%), Навоий (85%), Тошкент (66%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (100%) марказлашган иссиқлик таъминоти тизими мавжуд.
Республикадаги 20 та фаолият юритаётган иссиқлик таъминоти корхоналари балансидаги 500 та қозонхона иш фаолиятида бўлиб, ушбу қозонхоналардаги қозонлар маънан эскирган.
Мавжуд 4 500 км иссиқлик тармоқларидан 2 500 км қисми (60%) таъмирталаб аҳволда, тармоқ йўқотишлари эса 40 фоизни ташкил этмоқда.
Ўтган мавсумдаги камчиликлар таҳлили натижалари асосида ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уй-жой фондини 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумига барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланди.
Қарорга кўра 2021 йилда вазирлик тасарруфидаги иссиқлик таъминоти ташкилотларида жами 578 та марказий ва маҳаллий қозонхоналар ҳамда иссиқлик тармоқларида синов текширув ишлари амалга оширилиб, натижасига кўра 94 та қозонхоналар, 930 та қозонлар ва 747 км иссиқлик тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланиши белгилаб олинди.
Бугунги кунга қадар белгилаб олинган ишлар бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
28 та марказий ва маҳаллий қозонхоналар, 94 та қозон ускуналари ва 217 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари тўлиқ мукаммал таъмирланди.
Шунингдек, 66 та марказий ва маҳаллий қозонхоналар, 836 та қозон ускуналари ҳамда 530,0 км иссиқлик тармоқлари тўлиқ жорий таъмирланди.
Республика миқёсида вилоятлар бўйича барча объектларда таъмирлаш ишлари якунланган.
Куз-қиш мавсумини барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилиб, тегишли вазирлик, идоралар ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан киритилган маълумотлар мониторинг қилиниб келинмоқда.
Иссиқлик таъминоти корхоналарида ташкил этилган авария-диспетчерлик хизматлари
Ҳозирда вилоятлардаги барча ҳудудий бошқарма ва корхоналарда «Вилоят штаби» ташкил этилиб, штабга соҳага алоқадор масъул ходимлар бириктирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармалари билан биргаликда куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш мақсадида, барча иссиқлик таъминоти корхоналарида «24 соат»ли «диспетчерлик хизмати» йўлга қўйилган.
Қозонхона ҳамда иссиқлик тармоқларида юзага келган носозликларни бартараф этилишида иссиқлик таъминоти корхоналари тизимида ташкил этилган туну кун хизмат кўрсатувчи авария-бригадалари ташкил этилиб, аварияларни бартараф этилишида зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомлар (кислород балон, пайвандлаш ускунаси, турли диаметрдаги қувурлар, зулфинлар) билан таъминланган.
Бугунги кунга қадар Андижон, Бухоро ва Наманган вилоятларидан ташқари барча вилоятларда 2021-2022 йил иситиш мавсуми бошланди.
Иситиш мавсумида биринчи навбатда ижтимоий соҳа объектлари, ундан сўнг кўп қаватли уй-жой фонди ва маъмурий бинолари иссиқлик энергияси билан таъминланиши режалаштирилган.
Иссиқлик билан таъминланмаган кўп квартирали уйлар ва мавсумни ўтказиш бўйича кўрилаётган чоралар
Жорий йилда республика бюджети, инвестиция дастурлари, ҳамда қатор молиявий жамғармалар ҳисобидан иссиқлик таъминоти тизимини тиклаш юзасидан ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан:
Инвестиция дастури доирасида 100,0 млрд.сўм маблағ ҳисобидан 5 та Янгийўл шаҳридаги «РК-1», ва «Турон» қозонхоналарида, Самарқанд шаҳридаги «РК-1» қозонхонасида, Марғилон шаҳридаги 130 та кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш, ҳамда Келес шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
«Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси» маблағлари ҳисобидан Наманган шаҳар иссиқлик таъминотини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича ишлар давом этмоқда.
Лойиҳа ниҳоясига етгач, Наманган шаҳридаги 350 та кўп қаватли уйлар (16 334 хонадон) ва 37 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминоти билан таъминланади.
Бундан ташқари Тошкент вилоятидаги кўп квартирали уйларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича «Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси» ҳисобидан 19,0 млн.АҚШ доллари ажратилган.
Лойиҳа натижасида Тошкент вилоятидаги 868 та кўп квартирали уйлар ва 42 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминоти билан таъминланади.
Шунингдек, «Орол бўйи минтақасини ривожлантириш» жамғармаси ҳисобидан Хоразм вилоятида иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида, 2021 йил учун 34,4 млрд.сўм ажратилган. Бугунги кунда мазкур амалга оширилаётган ишлар 90% га бажарилди.
Лойиҳа натижасида Хоразм вилоятидаги 78 та кўп қаватли уйлар ва 25 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминоти билан таъминланади.
Шу билан бирга Жаҳон банки иштирокида Чирчиқ шаҳрида амалга оширилиши бошланган лойиҳа 1 ноябрга қадар ўз якунига етказилади. Лойиҳа якунлангач, 13 та кўп қаватли уйлар ва 2 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади. Қолган лотлар бўйича тендер савдолари ўтказилиб, пудрат ташкилотлари томонидан ишлар бошлаб юборилган.
Тошкент шаҳар «Тошиссиқликқуввати» томонидан амалга оширилган ишлар
Тошкент шаҳар "TOSHISSIQQUVVATI" ДУК томонидан куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- қозонхоналардаги 5 та қозонларни мукаммал таъмирлаш;
- қозонхоналардаги 671 та қозонларни жорий таъмирлаш;
- эскирган 157,491 км қувурларни қайта ётқизиш;
- иссиқлик 456,995 км канал тармоқларни жорий таъмирлаш;
- иссиқлик 95,589 км канал тармоқлардаги иссиқлик изоляциясини қайта тиклаш;
- 5 та насос станцияларни мукаммал таъмирлаш;
- 81 та насос станцияларни жорий таъмирлаш режа -, амалда 81та.
- 1843 та задвижкаларни алмаштириш ва таъмирлаш;
- 4189 та ҳаводан ўтган иссиқлик қувурларининг устунларни бўяш;
- 13та иссиқлик ҳисоблаш пунткларини таъмирлаш белгиланган.
Иссиқлик корхонаси томонидан «Обод маҳалла» дастури ишлаб чиқилган бўлиб, дастурда режалаштирилган ишлар хозирги кунга бажарилган. Жумладан,
- 26 дона қозонларни жорий таъмирлаш;
- 4,026 км.қувур эскирган иссиқлик қувурларни алмаштириш;
- 3,555 км қувурларнинг иссиқлик изоляциясини қайта тиклаш;
- 12,754 км канал иссиқлик қувурларни жорий таъмирлаш;
- 6 дона насос станцияларни жорий таъмирлаш;
- 25 дона зулфинларни таъмирлаш ва алмаштириш;
- 233 дона ҳаводан ўтган иссиқлик қувурларни устунларини бўяш ишлари амалга оширилди.
Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти тизимида юзага келган вазиятни тўғрилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.12.2019й.даги «Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4543-сонли Қарори имзоланган бўлиб, унда «2020-2022 йиллар учун Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизими самарадорлигининг асосий мақсадли индикаторлари» тасдиқланган ва унга кўра 2023 йилгача 358,5 км қувурлар қайта ётқизилиши зарур, жумладан, (йиллар бўйича)
2021 йилда - 157,3 км қувурлар, 35,3 км магистраль тармоқлар;
2022 йилда - 201,2 км қувурлар, 40,8 км магистраль тармоқлар.
2021 йилда қайта ётқизиш (158,02 км) аввалги йилларга нисбатан ҳажмининг 30-40 кмга ортиши иссиқлик тармоқлардаги носозликлар камайишига (йирик носозликлар бундан истисно) ва кўп сонли истеъмолчиларнинг иссиқлик тармоғидан узилишига олиб келади (турар-жойлар, касалхона, шифохона, мактаб, болалар боғчалари ва ҳоказо).
Иссиқлик тармоқларидаги носозликлар сонининг камайиши натижасида, корхонанинг молиявий ҳолатининг яхшиланиши ҳамда қўшимча сув сарфини камайишига эришилади.