Истеъмолчининг ҳақи ерда қолмайди

    Бозор расталари ва маиший савдо дўконларидан харид қилганимизда, аввало, маҳсулот сифати, унинг яроқлилик муддати ўтган-ўтмаганига синчиклаб қараш кўпчиликнинг хаёлига келмайди. Маҳсулотни харид қилиб бўлгандан сўнг эса, унинг сифати ёки яроқлилик муддати ўтганини билиб, дарров алмаштиришга тушамиз. Баъзи сотувчилар алмаштириб беришади, баъзилари эса...

    Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам шунга ўхшаш масалаларда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Улардан бири Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи Т.Рўзиевдан келган.

    Истеъмолчи 2018 йил март ойида “Artel” компанияси билан шартнома қилиб, кредит (3 йиллик кафолат муддатига эга) эвазига газ плитасини харид қилган. Бироқ кафолат муддати даврида, яъни 2020 йил декабрь ойида газ плитаси ёниб кетгани боис “Artel” компаниясига таъмирлаб ёки алмаштириб беришни сўраб мурожаат қилади. Бироқ мурожаати қаноатлантирилмайди.

    Мазкур мурожаат ўрганилганда эса қуйидагилар маълум бўлди.

    Фуқаро Т.Рўзиев 2018 йилнинг март ойида хонадони учун “Артел” маиший техника савдо дўконидан “Агробанк”нинг 32 фоизлик кредит маблағлари ҳисобидан 3 йиллик кафолат муддати билан газ плитаси сотиб олган. Аммо ушбу ускуна бир ой муддат ўтмай носоз ҳолга келиб қолган ва шу сабабли сервис хизмати кўрсатилган. 2020 йилнинг декабрь ойида эса газ плитаси ўчиқ ҳолда ёниб кетгани сабабли яна сервис хизматига мурожаат қилганида сервис ходимлари (кафолат муддати тугамай туриб) тузатиб бериш учун фуқародан 900 минг сўм миқдорида хизмат ҳақи талаб қилган.

    Федерациянинг Кармана тумани жамияти ходимлари томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарорига биноан, етказилган моддий зарар учун фуқаро Т.Рўзиев фойдасига 4 миллион 500 минг сўм, маънавий зарар учун 500 минг сўм товон ундирилишига эришилди.

    Яна бир мурожаат Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи Р.З.дан келган. Истеъмолчининг ёзишича, у Жондор туманидаги тижорат банкларидан бирига мурожаат қилиб, маиший техника воситаси сотиб олиши учун кредит олмоқчилигини айтган. Банк ходими ва истеъмолчи ўртасида истеъмол кредити билан боғлиқ шартнома тузилиб, унда кўрсатилган 21 миллион 500 минг сўм маблағ “Artel” маиший техника дўкони ҳисобрақамига ўтказиб берилган ва маҳсулот бир ҳафтада истеъмолчининг уйига олиб етказиб берилиши маълум қилинган. Бироқ орадан икки ҳафта ўтса ҳам маиший техника воситаларидан дарак бўлмаган. Истеъмолчининг тадбиркорга бу борада қилган мурожаатлари самара бермаган.

    Мазкур мурожаат федерациянинг Жондор тумани жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида, истеъмолчининг талабига асосан, маиший техника жиҳозлари мавжуд бўлмагани ва тадбиркор яқин орада етказиб беролмаслиги сабабли “Халқ банки” билан тузилган шартнома бекор қилиниб, 21 миллион 500 минг сўм банк ҳисобрақамига қайтарилди. Шунингдек, “Халқ банки” томонидан бошқа маиший техника дўкони билан шартнома тузилиб, 21 миллион 500 минг сўм кўчирилди ҳамда истеъмолчига маиший техника жиҳозлари олиб берилди, дея хабар берди федерация матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates