Истироҳат боғларидаги аҳвол талабга жавоб берадими?

    Яшил сайёра 7 август 2021 1970

    Истироҳат боғлари аҳолининг дам олиши ва хордиқ чиқариши учун, айниқса иссиқ кунларда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга истироҳат боғлари шаҳарларнинг яшил юрагидир.

    Истироҳат боғларининг бугунги аҳволи, дарахтларнинг ҳолати ва суғориш тизимлари, аҳоли учун яратилган шароитлар, тўпланиб қолаётган чиқиндилар муаммосини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳардаги истироҳат боғларида тезкор экологик рейдлар ўтказилди.

    Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, юртимиз шаҳарларидаги истироҳат боғлари ёзнинг иссиқ кунларида аҳоли вакиллари билан гавжум. Боғлардаги аттракционлар болажонлар ихтиёрида.

    Тошкентдаги Анҳор-Локоматив боғи

    Бироқ барча истироҳат боғларидаги бугунги аҳволни қониқарли деб бўладими? Ушбу саволга жавобни бугун 6 август куни ўтказилган экологик рейдлар давомида аниқлашга ҳаракат қилдик.

    Ўзбекистон Экологик партияси томонидан жорий йилнинг 25 июнь куни пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳолати ўрганилганди.

    Мазкур боғнинг қаровсиз аҳволдалиги бу ердаги аксарият манзарали дарахт ва ўсимликлар ўз вақтида суғорилмагани оқибатида қуриб қолгани, бу жараён бошқа дарахт турларида энди бошланаётгани, янада ачинарлиси яқин йиллар давомида ўз кўрки ва чиройи билан инсонларни ўзига жалб қилган мазкур боғ бугунга келиб, ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган чиқиндихонага айлангани ҳақида маълумот берган эдик.

    Хўш, ўтган вақт мобайнида бу ерда нималар ўзгарди? Афсуски, ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмаганининг гувоҳи бўлдик.

    Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи

    Яқинйилларгача Абдулла Қодирий боғи пойтахтнинг сўлим масканларидан бири эди. Бугунга келиб эса боғ қаровсизлик оқибатида қай аҳволга тушди. Бу ердаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг аҳволи ҳам ниҳоятда ачинарли. Боғ ҳудудида чиқинди уюмларининг тўпланиб ётгани, дарахтларнинг суғорилмагани оқибатида қуриб бораётганини кўриш мумкин. Ёзнинг жазирамасида қовжираган ўт-ўланлар, қуриган дарахт ва буталарнинг ёнғин келтириб чиқармаслигига эса ҳеч ким кафолат бермайди?

    Наҳотки пойтахт марказидаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг аҳволи мутасаддиларни қизиқтирмаса?

    Бундай ачинарли ҳолатни пойтахтимизнинг Миробод туманидаги «Болажон» истироҳат боғида ҳам кўришингиз мумкин. Бу ердаги кўп йиллик дарахтлар сувсизликдан азият чекмоқда, дарахтлар берин-текин қуриб бормоқда.

    Тошкентдаги «Болажон» истироҳат боғи

    Масъуллар бўлса негадир сукутда..

    Бундай ҳолатни нафақат мамлакат пойтахтида шу билан бирга бошқа ҳудудларда ҳам учратиш мумкин. Мисол учун, Навоий шаҳридаги Толстой кўчаси атрофи ҳам ҳавас қилгудек аҳволда эмас. Бу ердаги чиқиндилар қачон ва ким томонидан бартараф этилиши ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.

    Навоий шаҳридаги Толстой кўчаси

    Термиздаги истироҳат боғи ҳам бу ерга келиб-кетувчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришига эмас, таъбини хира қилишига сабаб бўлиши аниқ. Боғ ҳудудида тўпланиб қолган чиқинди билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

    Термиздаги марказий истироҳат боғи

    Денов туманидаги марказий истироҳат боғи вилоятдаги энг кўркам боғлардан бири саналади. Бироқ бу истироҳат боғидаги бугунги ҳолат киши таъбини хира қилиши тайин. Қуриб қолган дарахтларга ҳеч қандай ишлов берилгани йўқ, кучли шамол бўлган тақдирда дарахтларнинг шохлари синиб кетиши ва бу ерда дам олувчиларга шикаст етказиши мумкин.

    Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғида дарахтлар сувсизликдан азоб чекмоқда. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, дарахтлар аста-секин қуриб қолиши мумкин.

    Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги истироҳат боғи.

    Кўриб турганингиздек, ҳудудларимиздаги истироҳат боғларидаги ҳолатни қониқарли деб бўлмайди. Дарахтларни сақлаш, уларга ишлов бериш ва суғориш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган. Истироҳат боғлари ҳудудларида чиқиндилар тўпланиб қолган, чиқинди урналари етишмайди. Аҳоли дам олиш масканлари ҳолатини доимий назорат қилиш, дарахтларни ўз вақтида суғоришни тизимли йўлга қўйиш, бу борада томчилатиб суғоришни жорий қилиш ва бошқа керакли тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

    Зеро, боғларимиз саломатлигимиз гаровидир!

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates