Эндиликда, киритилган ўзгаришларга кўра, IT Парк резидентлари мультимедиа ва дизайн хизматларини (веб-дизайн, график дизайн, компьютер ўйинлари дизайни, вектор графикаси, 3D графика, визуализация дизайни, моушен-дизайн) тақдим этиш, дастурий маҳсулотдан фойдаланган ҳолда мультипликация маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари соҳасида венчур молиялаштириш ва акцелерация дастурларини амалга ошириш фаолиятини, шунингдек, киберспорт соҳасида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эгалар.
Шу билан бирга, янги фаолият турларига мувофиқ IT Парк резиденти мақомини олиш учун юридик шахслар қуйидаги мезонларга жавоб беришлари керак:
— ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни венчур молиялаштириш ва акцелерация дастурларини амалга ошириш учун — юридик шахслар IT Парк ёки унинг филиаллари ҳудудидаги юридик манзилда жойлашган бўлиши керак;
— киберспорт соҳасида хизматлар кўрсатиш учун юридик шахслар IT Парк томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича халқаро сертификатга эга бўлишлари керак.
Янги фаолият турлари ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларни кўпайтириш, ёшларнинг мультимедиа, дизайн, анимация, киберспорт бўйича билимларини ривожлантиришга ҳисса қўшиши, шунингдек, стартапларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши кутилмоқда.
Шубҳасиз, буларнинг барчаси соҳанинг асосий мақсади — 2030 йилга бориб экспорт ҳажмини $5 миллиардгача оширишга таяниб, компанияларнинг рақобатбардошлигини оширишга ва мамлакатимизда IT-хизматлар экспорти салоҳиятини юксалтиришга замин яратади.