Жазоир билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди

    Жорий йил 3 июлда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Ирқий билан учрашди.

    Суҳбат чоғида жорий савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, устувор йўналишларда шериклик муносабатларини кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.

    Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини устида ишлаш, ишбилармонлар ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро савдо муносабатларига тўсқинлик қилувчи муаммолар ва омилларни аниқлаш ва тезкор тартибда бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

    Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли йирик ташаббусларни биргаликда амалга оширишда тўпланган тажрибага таянган ҳолда, бошқа йўналишлар билан бир қаторда, кимё, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, нефть-газ саноати, шунингдек, туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга тайёрлигини яна бир тасдиқладилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.