Ёпиқ турдаги муассасаларда гендер тенглигини таъминлаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширади

    Тошкент шаҳрида “Гендерга сезгир жазони ижро этиш муассасалари бошқаруви стратегиялари: илғор тажриба ва асосий муаммолар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда 2023-2024 йилларда ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” доирасида ташкил этилди.

    Тадбирда асосий эътибор ёпиқ турдаги муассасалар бошқарувида гендер тенгликни таъминлаш, халқаро тажриба ва илғор ёндашувлардан фойдаланиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди. Шунингдек, Норвегия ва Ўзбекистон ўртасида ёпиқ муассасалар бошқаруви истиқболларини муҳокама қилиш ва соҳадаги мавжуд муаммолар юзасидан мулоқотни мустаҳкамлаш алоҳида диққат марказида турди.

    Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Зилке Клёвер ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти муҳим топшириқлар бўйича инспектори Бурхонхўжа Акромов сўзга чиқди.

    А.Саидов сўнгги вақтларда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кенгайтириш орқали уларни содир этган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ва жамиятнинг муносиб вакили сифатида шакллантиришга эришилаётганини таъкидлади. Маҳкумларга сайлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта олиш, касб эгаллаш, таълим олиш ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби ҳуқуқлар берилганига эътибор қаратди.

    Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид сўнгги ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, замон талабларига жавоб бермайдиган 4 та колония, жумладан, аҳоли орасида салбий ном топган “Тоштурма” ва “Жаслиқ” колонияларининг тугатилганини қайд этиш лозим. Шу билан бирга, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга йўналтириш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб пробация фаолияти йўлга қўйилди.

    Бугунги кунда мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сони ҳар 100 минг аҳолига ҳисоблаганда 68 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар орасида энг паст даражада бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.

    Ўз навбатида, З.Клёвер Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. У маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва инсонпарвар муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳам мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, у айни йўналишдаги ислоҳотлар ЕХҲТ томонидан доимо қўллаб-қувватланиши ва соҳага илғор халқаро тажрибаларни жорий этишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.

    Б.Акромов маҳкумларни ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий чоралар ҳақида маълумот бериб, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда адвокатлар учун алоҳида 69 та хона ташкил этилганини билдирди. Омбудсман ва Бизнес-омбудсман бундай муассасаларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириш имкониятига эга бўлгани қайд этилди.

    Тадбир давомида соҳадаги хорижий тажриба ҳам муҳокама қилинди. Бредтвейт қамоқхонаси ва тергов ҳибсхонасининг бошлиғи Дорис Баккен аёллар қамоқхоналарини бошқариш бўйича Норвегия тажрибасини тақдим этди.

    Д.Баккен аёллар учун гендерга сезгир хизматлар, тайёргарлик дастурлари ва соғлиқни сақлаш хизматлари каби элементлар қандай қилиб аёлларни қамоқдан сўнг ижтимоий ҳаётга муваффақиятли қайтаришга ёрдам беришини тушунтирди. Норвегиядаги аёллар қамоқхонасида амалга оширилаётган тадбирлар, ўқитиш ва маслаҳат бериш жараёнларининг аҳамияти ва самарадорлиги ҳақида атрофлича сўз юритди.

    Бундан ташқари давра суҳбатида жазони ижро этиш колонияси бошлиғи Гулрух Каримова Ўзбекистондаги аёллар қамоқхоналарини бошқариш сиёсати, амалиёти ва муаммоларига бағишланган тақдимот ўтказди. У аёллар қамоқхоналарида яратилган таълим олиш, касб эгаллаш ва психологик ёрдам олиш имкониятлари ҳамда реабилитация дастурлари ҳақида сўзлаб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳам батафсил тўхталди.

    Муҳокамаларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова, Халқаро жазони ижро этиш жамғармаси вакили, қамоқхоналарни ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи Азамат Шамбилов каби экспертлар қатнашди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates