Жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукми, ажрими ва қарорлари қандай ижро этилади?

    Биласизми? 29 июн 2020 30508

    Одил судлов вазифаларининг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат мазкур органлар томонидан ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишига, балки улар томонидан чиқарилган ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорларнинг ижро этилишига узвий боғлиқдир.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 12-бўлим, 58-бобида ҳукм, ажрим ва қарорларни ижро эттириш билан боғлиқ нормалар акс эттирилган.

    Шунингдек, ҳукм, ажрим ва қарорларни ўз вақтида тез ва сифатли ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилиб, уларнинг фаолияти «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида амалга оширилади ва улар учун ҳуқуқий асос ҳисобланади.

    Ҳукм, унинг устидан апелляция шикояти бериш ва протест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради. Апелляция шикояти берилган ёки протест билдирилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради. Ҳукм қонуний кучга кирган ёки иш апелляция инстанцияси судидан қайтарилган кундан бошлаб уч кундан кечикмай, ҳукм чиқарган суд томонидан ижро эттирилади.

    ЖПКнинг 530-моддасида суд ажрими, қарорининг қонуний кучга кириши ҳамда уларни ижро этиш асослари келтирилиб, унга кўра биринчи инстанция судининг ажрими шу ажрим устидан апелляция тартибида хусусий шикоят бериш ва хусусий протест билдириш муддати ўтиши билан ёхуд шикоят ёки протест билдирилган тақдирда иш юқори судда кўриб чиқилганидан кейин қонуний кучга киради ва ижро этилади деб белгиланган.

    Суднинг шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин бўлмаган ажрими шу ажрим чиқарилиши биланоқ дарҳол кучга киради ва ижро этилади. Жиноят ишини тугатиш ҳақидаги суд ажримининг айбланувчини, гумон қилинувчини ёки судланувчини қамоқдан ёки уй қамоғидан озод қилишга оид қисми дарҳол ижро этилиши лозим. Кассация ёки назорат инстанцияси судининг ажрими (қарори) у эълон қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

    ЖПКнинг 531-моддасида ҳукмни, ажримни ва қарорни ижро эттириш тартиби баён этилган бўлиб, ҳукм, ажрим ва қарорни ижро эттириш уларни қабул қилган суд зиммасига юклатилади, ҳукмни ижро этиш тўғрисида фармойиш судья ёки суд раиси томонидан ҳукмни ижро этиш мажбурияти юклатилган органга ҳукмнинг нусхаси билан биргаликда юборилади. Иш апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрилганда ҳукм ўзгартирилган бўлса, ҳукм нусхасига апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судининг ажрими ёхуд қарори нусхаси илова қилиниши белгиланган.

    Ҳукмни ижро этувчи органлар унинг ижро этилганлиги ҳақида ҳукмни чиқарган судга дарҳол хабар беради. Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум жазони қаерда ўтаётгани ҳақида ҳукмни чиқарган судга хабар бериши шарт. Суд қарорини ўз вақтида ёки тўла бажармаслик қонун ҳужжатларига биноан жавобгарликка сабаб бўлади. Қонуний кучга кирган ҳукмнинг нусхаси зарур ҳолларда матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка маълум қилинади. Суд маҳкумни ҳарбий унвонидан ёки махсус унвонидан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарган бўлса, суд ҳукмнинг нусхасини ижро этиш учун ана шу унвонни берган органга юборади. Суд давлат мукофотлари билан тақдирланган ёки олий ҳарбий ёхуд махсус унвонга эга бўлган шахсга нисбатан айблов ҳукмини чиқаришда уни ана шу мукофотлар ёки унвонлардан маҳрум этиш тўғрисида тегишли органга тақдимнома киритишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳал қилади.

    Суд қарорининг жарима солишга ва бошқа мулкий ундиришларга тааллуқли қисмини ижро этиш учун ижро варақалари ёки уларнинг дубликатлари суд қарорининг нусхаси билан бирга биринчи инстанция суди томонидан суднинг қарори қонуний кучга кирган ёки иш апелляция инстанцияси судидан қайтарилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маҳкумнинг яшаш жойидаги ёхуд жазони ўташ жойидаги, шунингдек маҳкумнинг мол-мулки турган жойдаги давлат ижрочиларига юборилади.

    Шунингдек, қамоқда сақланаётган маҳкумни озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукм қонуний кучга киргани ва ижро эттирилиши ҳақида суд маҳкумнинг оиласини хабардор қилиши шарт. Суд томонидан маҳкумнинг вояга етмаган фарзандларини муассасаларнинг, қариндошларининг ёки бошқа шахсларнинг ҳомийлигига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, суд бу ҳақда болалар турган жойдаги васийлик органига, шунингдек маҳкумга хабар беради. Маҳкумнинг қаровсиз қолган мол-мулки ва турар жойини қўриқлаш чораларини кўриш зарур бўлса суд мол-мулк ва турар жой жойлашган ердаги ҳокимликка ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилади, бу ҳақида маҳкумни хабардор этиб қўяди.

    Ҳукмнинг ижросини кечиктириш ЖПКнинг 533-моддасида баён этилган. Судья озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан ҳукм ижросини қуйидаги асослардан бирортаси мавжуд бўлганда кечиктириши мумкин:

    -маҳкум жазони ўташига монелик қиладиган даражада оғир касал бўлиб қолганида – у соғайгунча;

    -ҳукмни ижро этиш пайтигача маҳкума ҳомиладор бўлиб қолса – бир йилдан ошиқ бўлмаган муддатга;

    -маҳкуманинг ёш боласи бўлса – у уч ёшга тўлгунга қадар;

    -жазони дарҳол ўташни бошлаш ёнғин ёки бошқа бирор табиий офат юз берганлиги, оиланинг меҳнатга яроқли ягона аъзоси оғир касал бўлиб қолганлиги, вафот этганлиги оқибатида ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар маҳкум ёки унинг оиласини жуда мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин бўлса – уч ойдан ошмаган муддатга.

    Ҳукмнинг жарима солиш, фуқаровий даъвони қаноатлантириш ёки келтирилган зиённи қоплаш қисмининг ижро этилишини олти ойгача кечиктириш ёки тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини судья ишнинг муайян ҳолатларини ва маҳкумнинг моддий аҳволини эътиборга олиб ҳал қилади, ўта хавфли рецидивистларга ва ўта оғир жиноят содир этган шахсларга нисбатан ҳукмнинг ижросини кечиктириш мумкин эмаслиги белгиланган.

    Ижро ҳужжатини тез ва сифатли ижросини таъминланиши ижро этувчи органларига жуда катта масъулият юклайди. Ҳозирги замон талаби ва ахборот телекоммуникациялари ривожланган даврда электрон тизим орқали ижро ҳужжатларини юбориш, унинг ижросини таъминлаш, натижаси юзасидан маълумотлар киритиб бориш йўлга қўйилди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритади, унга интеграция қилинган тегишли маълумотлар базаси орқали ижро ҳужжатлари юборилади, агарда ижро ҳужжатида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши келиб тушгани ва иш юритувига қабул қилингани тўғрисидаги хабарнома электрон почтага ёки мобил алоқа воситаларига қисқа хабар кўринишида маълум қилинади.

    Мажбурий ижро бюроси расмий веб-сайтида 2019 йил 1 октябрдан бепул асосда ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича давлат интерактив хизмати кўрсатиш тизими жорий этилди, шу асосида ундириш қаратилган мол-мулк “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига қўйилган пайтдан бошлаб сотилишигача бўлган ҳаракатини мониторинг қилиш имконини берувчи мол-мулк ҳисобини юритишнинг ягона электрон ахборот тизими ҳамда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида харид қилинган мол-мулк учун электрон, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн тўлов қилиш имкониятини жорий этилди.

    Суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаш ва ижро этишни пайсалга солишга сабаб бўлган ҳолатлар учун ҳам жавобгарлик масаласини ҳал этишда нормалар ва асослар мавжуд. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги «Суд ҳужжатларини бажаришдан бўйин товлаш ва уларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарликка доир қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 7-сонли қарори 4-бандида, Суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаш деганда, шахс томонидан номулкий хусусиятга эга қонуний кучга кирган суд ҳужжати талабини бажаришдан бўйин товлаш бўйича қилинган ҳар қандай ҳаракат тушунилиши лозимлиги, бироқ, жиноий жавобгарликка тортиш учун ушбу ҳаракат (ҳаракатсизлик) шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 1981-моддаси бўйича маъмурий жазо чораси қўлланилгандан сўнг давом эттирилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 71-моддаси талабига риоя этилиши, чунончи шахс ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши, ҳам шахс келгусида суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида давлат ижрочиси томонидан ёзма тарзда огоҳлантирилган бўлиши талаб этилиши белгиланган.

    Жойларда жиноят судлари ишчи гуруҳи раҳбари сифатида судлар томонидан ижрога қаратилган суд қарорлари ижросини таъминланишини ўрганиб бориш, самарадорлигини ошириш бўйича мажбурий ижро бюроси билан ҳар ҳафта солиштирмалар ўтказилиб, амалга оширилган ишларни кундалик назоратга олинган.

    Давлатмирза Комилов,

    Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates